16:26 / 11.10.2024
45

Эрон генерали Исроил билан алоқада гумонланиб ҳибсга олинди

Эрон генерали Исроил билан алоқада гумонланиб ҳибсга олинди
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Исмоил Қааний Исроилга алоқадорлик гумони билан қамоққа олинди. Бу ҳақда «Middle East Eye» нашри хабар берди.

Генерал Қааний Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳни ўлдирганидан буён жамоатчиликка кўриниш бермаган. Бунинг ортидан у Исроилнинг Ливан пойтахти Байрутга ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ёки яраланган деган хабарлар тарқалди.

«Middle East Eye» Теҳрон, Байрут ва Бағдоддаги манбаларига таяниб ёзишича, Исмоил Қааний ва унинг яқин сафдошлари яҳудий давлатига алоқадорлик гумони билан тергов қилинмоқда.

Генерал Қааний 2020 йил январь ойида АҚШ ҳужуми оқибатида «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ҳалок бўлгач, мазкур ҳарбий тузилмага раҳбар этиб тайинланганди.

Сўнгги ҳафталарда Исроил Эроннинг яқин иттифоқчиси бўлмиш «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг бир қатор қўмондонларини ўлдирди. Жумладан, 27 сентябрь кунги ҳужумда ушбу ҳаракатга 1992 йилдан буён бошчилик қилиб келган Ҳасан Насруллоҳ ва «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони ўринбосари, генерал Аббос Нилфорушан ҳалок бўлди.

Бунинг ортидан Франциянинг «Le Parisien» газетаси «Ҳизбуллоҳ» таркибига кириб олган, аслида, Исроил фойдасига ишлаб келган эронлик агент Насруллоҳнинг манзилини Тель-Авивга етказгани ҳақида ёзди.

Исроил армияси 4 октябрь куни уюштирган ҳужумда Ҳасан Насруллоҳ ўрнига ҳаракат раҳбари этиб тайинланган Ҳошим Сафиуддин ҳам ҳалок бўлди. Бу эса Эрон махсус хизматлари тизимига Исроил айғоқчилари яширинча кириб олгани ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди.

Маълум бўлишича, Исмоил Қааний Ливанга Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимидан икки кун кейин вазиятни ўрганиш учун келган. У Ҳошим Сафиуддин иштирокидаги мажлисда қатнашиши кўзда тутилган, аммо генерал номаълум сабабларга кўра оқибати ҳалокат билан тугаган мажлисга бормаган.

«Эронликларда Исроил жосуслари Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига яширинча кириб олгани борасида шубҳа кучайган. Айниқса, Ливанда фаолият юритаётганлар гумон остида. Шу боис барча (гумондорлар) терговга жалб этилган», – деб ёзди «Middle East Eye».

Аввал хабар берганимиздек, собиқ президент Маҳмуд Аҳмадинажод Исроилга қарши курашиш мақсадида Эрон махсус хизматлари тизимида ташкил этилган бўлинмага «Моссад» агенти бошчилик қилиб келгани ҳақида шов-шувли баёнот берганди.

Дарвоқе, 2020 йилда «Қудс» бўлинмаси қўмондони, қудратли генерал Қосим Сулаймоний ҳақидаги махфий маълумотларни душман жосуслик хизматига етказишда ҳам Эрон фуқароси Маҳмуд Мусавий-Мажид айбланганди.

Эрон суди «АҚШ ҳамда Исроил жосуслик хизмати билан ҳамкорлик қилиб келган» Мусавий-Мажидни ўлимга ҳукм қилганди.

Эрон генерали, Исроил билан алоқа, Гумонланиш, Исмоил Қааний, Ҳибсга олинди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон генерали Исроил билан алоқада гумонланиб ҳибсга олинди