00:16 / 12.10.2024
61

Украинада КХДР аскарлари жанг қиляптими — ва улар Россия армиясига қандай ёрдам бера олади?

Украинада КХДР аскарлари жанг қиляптими — ва улар Россия армиясига қандай ёрдам бера олади?
Фото: Reuters
Шимолий кореялик аскарлар Россия армиясига ёрдам учун Украинага юборилаётгани тўғрисида хабарлар кўпайиб бормоқда. Ўтган ҳафтада «Интерфакс-Украина» ва KyivPost украин разведкасидаги манбаларига ҳавола қилган ҳолда, 3 октябр куни Украина қуролли кучларининг Донбасснинг оккупация қилинган қисмида Россия полигонига йўллаган ракета зарбаси оқибатида шимолий кореялик олти зобит ҳалок бўлгани ҳамда уч нафари яралангани ҳақида хабар тарқатганди.

Манбаларга кўра, КНДРдан бўлган зобитлар гуруҳи бу ерга «тажриба алмашиш доирасида» россиялик ҳамкасблар билан учрашиш учун келганди. Аслида ҳам шундайми, агар ҳа бўлса, КХДР ҳарбийлари Украинада жанг қилаётган Россия қўшинига қандай ёрдам бериши мумкин? BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев шу ҳақда фикр юритди.

Украина разведка бош бошқармаси ҳам Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларига Шимолий Кореядан чекланган миқдордаги ҳарбий хизматчилар контингенти, жумладан, муҳандислик қўшинлари бўлинмалари келгани ҳақида хабар берганди. Россия томони бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.

8 октябр куни Жанубий Корея парламентида мамлакат мудофаа вазири Ким Ён Ҳён ҳам шимолий кореялик ҳарбийлар Россияга ёрдам кўрсатиш учун Украинага юборилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг ҳисоблашича, Донбасснинг Россия томонидан босиб олинган қисмида шимолий кореялик аскарлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабар, катта эҳтимол билан, ҳақиқатга тўғри келади.

«Россия ва Шимолий Корея ҳарбий иттифоққа ўхшаш келишув имзолагани туфайли ҳарбийлар фронтга юборилиши эҳтимоли юқори», — дея вазирнинг сўзларини келтирган Жанубий Кореядаги Yonhap нашри. Гап 2024 йил июнида шимолий кореяликлар етакчиси Ким Чен Ин ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик шартномаси ҳақида бормоқда.

Шимолий кореялик ҳарбийлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда Россия томонида туриб иштирок этаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар олдин ҳам тарқалганди. 2023 йил сентябрида Владимир Путин бундай хабарларни «ғирт ёлғон» деб атаганди — ўшанда у КХДР йўлбошчиси Ким Чен Ин билан Россиянинг Восточний космодромида учрашганди.

2024 йил июнида, Путин Ким Чен Ин билан ўзаро мудофаа ҳақидаги бандни ҳам ўз ичига олувчи шартномани имзолаганида, ундан шимолий кореялик аскарлардан «махсус ҳарбий амалиёт» (Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай атайди) ўтказишда фойдаланиш имконияти ҳақида сўрашганди. «Биз буни ҳеч кимдан сўрамаймиз, буни бизга ҳеч ким таклиф қилмаган», — дея жавоб қайтарганди Россия президенти.

«Ҳеч қандай далил келтирилмаган»

Москва ҳам, Пхенян ҳам ҳарбий ҳамкорликни кучайтираётганини яширмайди.

2023 йил июлида Россиянинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Сергей Шойгу, Россия давлат нашрлари ёзишича, «ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлаш» учун Пхенянга борган, сентябр ойида Ким Чен Ин Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудига келганди.

Ўшанда, 2023 йил сентябрида, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл БМТ бош ассамблеясида Россия ҳарбий технологиялари эвазига КХДРдан Россияга қуроллар етказиб берилаётгани эҳтимоли ҳақида гапирганди.

2023 йил 16 октябрда Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI)нинг Россияга КХДРдан кенг кўламда ўқ-дори етказиб бериш бошлангани ҳақидаги ҳисоботи чиққанди. Унга сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар илова қилинган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков бунга жавобан бу хабарлар далилларга асосланмаганини айтганди. «Бу нафақат британ разведкаси, балки Америка разведкаси ҳам. Улар ҳамиша шундай хабар бериб, ҳеч қандай далил тақдим этишмайди», — деганди Песков.

Аммо 2023 йил охирида Россиядаги милитар гуруҳлар Россия бўлинмалари Украинада қўллаган шимолий кореяликларнинг снарядлари ва миналарининг техник хусусиятларини қизғин муҳокама қилишди (улар бу ўқ-дориларнинг сифати яхши эмаслиги ва мўлжалга етиб бормаслигини танқид қилишди).

2024 йил январида эса АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби Россия КХДРдан баллистик ракеталар ҳам олгани ва аллақачон уларни Украинага қарши қўллагани ҳақида айтди.

Пхеняннинг Украинага ҳарбий муҳандислар ва қурувчилар бўлинмаларини юбориш режаси ҳақидаги хабарлар 2024 йил июнида, Владимир Путиннинг КХДРга ташрифи ортидан тарқалганди. Жанубий Кореянинг TV Chosun телекомпанияси, шунингдек, Американинг Урушларни ўрганиш институти маълумотига кўра, КХДР армиясида ўнта муҳандислик бригадаси мавжуд, шундан уч-тўрттаси Россияга юборилиши мумкин. Бунинг учун Пхенян Москвадан ҳар йили 115 млн долларгача маблағ олиши мумкин, дейилади TV Chosun хабарида.

«Мен гап нима ҳақида кетаётганини билмайман», — дея бу хабарга муносабат билдирган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.

Июл ойи бошида эса Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги KCNA Ким Ир Сен номидаги ҳарбий университет президенти Ким Гим Чҳол бошчилигидаги ҳарбий тайёргарлик бўйича элита делегацияси Россияга учиб кетатгани ҳақида хабар тарқатди. Журналистларнинг шимолий кореялик ҳарбийларнинг ушбу ташрифи мақсади юзасидан аниқлик киритиш бўйича сўровига жавобан Дмитрий Песков РФ мудофаа вазирлигига юзланишни таклиф қилган.

Шимолий Корея армияси ҳақида нималар маълум?

Қатор баҳоларга кўра, КХДР ҳарбий бюджети мамлакат ЯИМнинг 20 фоизини ташкил этади. Қашшоқлик ва мамлакат иҳоталангани туфайли бу йилига 6-8 млрд доллардан ошмайди ва Пхенян ўзининг асосий душманлари деб биладиган Япония ва Жанубий Корея ҳарбий бюджетидан тахминан олти баробар кичик
Шимолий Кореянинг ўзи каби, унинг армияси ҳам — максимал даражада ёпиқ тузилма бўлиб, унинг таркиби бўйича фақат тахминий маълумотлар бор, унинг жанговар қобилияти бўйича баҳолар эса баҳсли. Унинг ажралиб турадиган асосий жиҳати — аскарлар сонидир. Мамлакатда барча, жумладан аёллар учун ҳам ҳарбий хизмат мажбурий, хизмат муддати қайси қўшиндалигига қараб уч йилдан 10 йилгача бўлади.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институтига кўра, 2018 йилда КХДР қуролли кучлари сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда эди — унда 1,2 млн атрофидаги киши хизмат қилган.

Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Андрей Губин бу ошириб кўрсатилган рақам бўлишини айтади: «Айни вақтда Корея Халқ Армиясининг шахсий таркиби сони, катта эҳтимол билан 850 минг кишидан ошмайди, ҳарбий бўлинмалардаги ҳарбий хизматчилар сони 650 мингга баҳоланиши ҳақида маълумотлар ҳам учрайди», — дея ёзган у «КХДРнинг замонавий ҳарбий салоҳияти: ядровий жиҳатдан эмас» номли мақоласида.

Шу билан бирга, россиялик олим Шимолий Корея армиясининг сафарбарлик имкониятлари улкан эканини қайд этади: «Камида 4 млн киши захирада туради, умумий сафарбарлик ресурслари — 6,2 млн киши».

Шимолий Кореяда кўплаб ҳарбийлашган тузилмалар ҳам бор — улар халқ лашкари деб аталади.

«Ҳарбийлашган тузилмаларга қуйидагилар киради: Ишчи-деҳқонларнинг Қизил гвардияси (катта ёшли резервистлар) — 1,5 млн атрофидаги киши., Ёш Қизил гвардия — 700 минг киши (катта синф ўқувчилари), Жамоат ва давлат хавфсизлиги вазирлиги қўшини — 30 минг киши. Камида 200 минг киши Корея меҳнат партияси марказий қўмитаси Муҳандислик бюросига ва Жамоат хавфсизлиги вазирлигига бўйсунувчи ёрдамчи бўлинмалар, жумладан, қурилиш ва қўриқлаш билан шуғулланадиган бўлинмаларга мансубдир», — дея ёзади Андрей Губин.

Санкцияларга кўмилган ва бюджетни тўлдиришга жуда муҳтож бўлган, шу билан бирга, ҳарбий ишга ўқитилган ва итоаткор одамлар массасига эга бўлган Шимолий Корея раҳбариятига уларнинг бир қисмини кам сонли иттифоқчиларидан бирига ёрдамга юбориш оғирлик туғдирмайдигандек кўринади. Қолаверса, Украинадаги ҳозирги ҳарбий ҳаракатлар табиати мунтазам равишда инсон ресурсларини талаб қилади.

Аммо барчаси бу қадар оддий эмас.

Шимолий Корея қуролларининг аксари — Россия ва Хитойнинг эскирган техникаларидир, аммо замонавий ишланмалар ҳам бор
Яшириш имконсиз

КХДР армияси совет намуналари бўйича яратилган ва совет ҳарбий ишланмаларидан фойдаланади, аммо Россияникидан фарқли ўлароқ, ҳақиқий ҳарбий ҳаракатлар тажрибасига эга эмас. Агар унинг асосий кучлари — мотопиёда бўлинмалар — кўриб чиқилса, улар қандай тарзда Украинадаги урушда Россия томонида жанг қилиши мумкинлиги тушунарсиз.

Ўргатилганидек, йирик механизациялашган бирлашмалар таркибида мустақил ҳаракат қилинадими? Аммо айнан шундай тактика Украинада иш бермайди, Россия армияси аллақачон бир неча марта бунга амин бўлган ва танк колонналари билан ҳужумга ўтмасликка ҳаракат қилади.

Кичик пиёдалар гуруҳлари бўлиб ҳаракат қилинадими? Аммо бунинг учун бутунлай бошқа даражадаги мувофиқлаштириш ва ўзаро тушуниш талаб этилади — камида тил бўйича тўсиқ бўлмаслиги керак.

У ҳолатда ҳам, бу ҳолатда ҳам йўқотишлардан қочиб қутулиб бўлмайди ва бу омил критик тус олиши мумкин. Пхеняннинг Россия ҳарбий кампаниясидаги иштирокини яшириб бўлмай қолади. Шимолий кореялик аскарлар орасида ҳалок бўлганлар ва асир тушганлар кўп бўлиши, Украина томони эса бу ҳақда тўхтовсиз эълон қилиб боради, Шимолий Корея давлат пропагандаси КХДР қуролли кучлари енгилмаслиги ҳақида яратган тасаввурга путур етказади.

«Тинчлик замонида жанговар руҳ ва фидойиликни синаб кўриш жуда қийин, 1950–1953 йиллардаги Корея уруши тарихидан ҳарбий хизматчиларининг шахсий қаҳрамонликларини келтириш етарли далил бўлиши даргумон», — дея ёзади Андрей Губин.

КХДР раҳбарияти учун алоҳида ҳолда эмас, Россия қисмлари таркибида ҳаракат қиладиган ҳарбий хизматчилар устидан назорат йўқотилиши ҳам маълум хавф туғдиради. Иттифоқчилик муносабатларига қарамай, Россия ва Шимолий Корея режимлари мафкураси бир-биридан сезиларли даражада фарқли.

Шимолий Корея армияси ҳам советлар намунасида шакллантирилган. Фото: Reuters
Қурилиш баталёнлари — бу ҳам қўшин

Бу сабаблар КХДР ҳарбийлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий кампаниядаги иштирокини истисно эта олмайди. Пхенянга пул ва технологиялар, Москвага — аскарлар ва ўқ-дорилар керак, икки томон ҳам ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.

Шимолий Корея армияси узоқ йиллар арзон ишчи кучи сифатида ишлатиб келинган — унинг кўплаб бўлинмалари советлар давридаги стройбатга муқобилдир. Ҳарбий экспертлар шимолий кореялик муҳандислар мамлакатнинг турли қисмларида барпо этган мудофаа иншоотлари сифатини анча юқори баҳолашади.

Катта эҳтимол билан, Россия армияси учун айнан шундай бўлинмалар фойдали бўлади. Улар фронт ортига жойлаштирилиши ҳамда ҳарбий инфратузилмалар — ерости омборлари ва истеҳкомлар, йўллар ва кўприклар қуриш билан шуғулланиши мумкин.

Россия қўмондонлиги фронт ортига шимолий кореяликларнинг бўлинмаларини жойлаштириш орқали олдинги чизиққа юборилиши мумкин бўлган қўшимча одамлар ресурсига эга бўлади.

Украинада, КХДР аскарлари, Жанг қилиши, Россия армиясига, Ёрдам бериши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада КХДР аскарлари жанг қиляптими — ва улар Россия армиясига қандай ёрдам бера олади?