Уруш даврида Россия жамиятида куч тузилмаларининг таъсири ошиб кетди. Натижада энг заиф қатлам бўлмиш мигрантлардан “душман образи” ясалиб, улар асоссиз тарзда ёки арзимаган сабаблар билан қамоққа олиняпти, кўплари урушга жўнатиляпти. Kun.uz мухбири долзарб мавзуни ҳуқуқшунос Ботиржон Шерматов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан муҳокама қилди.
Қўшимча қилиб ўтамиз, қатор саволларга жавоб олиш учун кўрсатувга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари ҳам таклиф этилганди, лекин улар бир ҳафтадан кўп муддатда ҳам турли сабаблар билан суҳбатга келмади.
– Нима учун меҳнат муҳожирларига кураш асосий мавзулар қаторига чиқиб қолди? Жамиятда мигрантофобияни шакллантириш, уларнинг шароитларини оғирлаштирувчи нормаларни қабул қилишдан мақсад нима?
Ботир Шермуҳаммад: – Мен 2015 йилда ҳам Москвада муҳожирларга аталган даҳшатли камситувчи ёрлиқларга кўзим тушган, айтмоқчиманки, бу фақат бугун бўлмаяпти. Анчадан буён бор. Мигрантлар орасидаги жиноятчилик Россияда 4 фоизни ҳам ташкил этмайди, лекин уларнинг жиноятлари доим бўрттириб кўрсатилади. Ҳозир эса муҳожирларга бўлган муносабат аввалги даврларга нисбатан анча жиддийлашган.
Россия телевидениеларида ҳам қийнаш, инсонларга шафқатсизлик видеолари бемалол қўйиляпти – мисол учун, “Крокус”да гумонланувчиларнинг калтаклангани тасвири. Жамиятда шафқатсизлик оддий қабул қилинмоқда. Бунга сабаб жамиятдаги кучли норозилик энг кучсиз қатлам бўлмиш муҳожирларга зарар етказиш билан чиқариб берилмоқда. Чунки Россияда муҳожирлар – энг заиф ва ҳимоясиз қатлам.
Камолиддин Раббимов: – Ҳар қандай демографик қисқариб бораётган давлат муҳожирлар масаласига қаттиқ норозилик билан қарай бошлайди. Улар бизнинг ҳудудни бегоналар эгаллаб бормоқда деб ўйлайди. Путин ҳокимиятга келганига чорак аср бўлган бўлса, русларнинг демографик ўсиши бироз кўпайди. Нефт нархи ошган даврда Россия демографик қисқаришни камайтириш учун кўплаб чора-тадбирларни амалга оширди. Аммо бу ҳам катта фойда бермади.
Бошқа томондан, Россия авторитар давлат бўлгани учун ҳам ксенофобия анча кенг тарқалган. Авторитар давлатларда “душман қиёфаси”нинг бўлиши жуда муҳим. Ичимизда ва ташқи дунёда душманларимиз бор ва бунга қарши бирлашишимиз керак, деган нарса бу. Мисол учун, Ғарбга қарши кураш, украинафобия анчагина яширин, лекин чуқур бўлган исломофобия каби ҳолатлардан Россия жуда ҳам устакорлик билан фойдаланиб келяпти.
Мигрантлар эса энг ҳимоясиз қатлам, шу йилнинг баҳоридаги “Крокус сити”даги ҳаракатлар ҳам мигрантларнинг бўйнига қўйилди ва тезда босди-босди қилинди.
Ботиржон Шермуҳаммад: – Украина урушидан олдин, тинчлик даврида Россия ҳукуматидаги иқтисодий блокнинг таъсири бор эди. Улар “бизга соғлом-либерал бозор керак, мигрантларга эҳтиёжимиз бор”, деб доим айтишарди. Ҳозир Россия иқтисодий кўрсаткичларга деярли эътибор бермай қўйди, уруш қатнашчиларига тўлаш орқали жуда катта пуллар иқтисодиётга киритиляпти. Унинг инфляцияга таъсири ҳисобга олинмаяпти. Дастлаб урушга борганларга бир марталик 200-400 минг рубл берилган бўлса, ҳозир 3 миллион рублгача чиқди.
Ҳозир ҳеч нарса ҳисобга олинмаяпти-да, фақат куч тузилмаларининг лоббизми кучайди. 2024 йилнинг ўзида Россиядаги чел эл фуқароларининг ҳолатига доир қонунга 19 марта ўзгариш таклиф қилинган. Деярли ҳар ҳафта қайсидир амалдор ёки депутат мигрантлар ҳақида бирор салбий таклиф кўтариб чиқяпти. Нафақат оддий мигрантлар, балки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчиларни ҳам умуман овозини ўчиришмоқчи.
Камолиддин Раббимов: – Россиядаги энг йирик иш биржаси 53 фоиз ишчилар етишмаётганини айтмоқда. Путинга яқин бўлган Марказий банк раиси Элвина Набиулина эса 72 фоиз корхоналарга ишчи кучи етишмаётганини айтмоқда. Нега бундай ҳолатда мигрантларга кучли босим бўляпти? Бунинг бир қанча сабаблари бор. Ташқи сабаблар: Россия вақти-вақти билан мигрантларга босим қилиш орқали мигрантлар кўп келадиган давлатларга геосиёсий босим қилади. Бу асосан Тожикистон, Қирғизистон ёки Ўзбекистонга сигнал бериш усули, расмий Кремлнинг қарори бўлади.
Бундан ташқари, ҳар доим авторитар давлатларда кучишлатар тузилмалар ўзининг борлигини, давлатдан олаётган жудаям катта ресурслари, пулларини оқлаш учун уларга “душман образи” жудаям керак. Биз бўлмасак, осмон узилиб ерга тушади, деган маънода… Россияда ички мухолифат, эркин ОАВ қолмади, тозаланди. Энди ишлатиш қулай бўлган омиллардан бири сифатида мигрантлар қолади.
Россияда ултраўнг кучлар доим бўлган ва улар айнан мигрантларни йўқотиш тарафдори. Яқинда Россия тергов қўмитаси раиси айнан мигрантлардан 30 минг кишига босим қилингани, натижада 10 минг кишини урушга юборишга “муваффақ бўлгани”ни айтмоқда. Улар уришишни билмайди-ку, деган саволга: “Ҳеч бўлмаса окоп қазий олади-ку”, деган россиялик амалдор. Урушга жалб қилинган мигрантларнинг кўпчилиги ҳалок бўлади.
– Сўнгги вақтларда Россия аэропортларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини киритмаслик, уларга фуқаролик таклиф қилиб, рад қилса, қайтариб юбориш ҳолатлари кўпайган. Баъзи ҳолларда улар биринчи маротаба Россияга бораётган бўлса ҳам. Бундай вазият нега юзага келмоқда? Ўзбекистон ҳукумати бу борада нималар қиляпти?
Камолиддин Раббимов: – Марказий Осиё давлатлари бу борада кутиш сиёсатини амалга оширмоқда. Агар биз бирин-кетин норозилик билдирсак, бу урушга биз ҳам тортиламиз деб ўйлашмоқда. Шу сабабли ҳам давлатлар жим туришга ва эътибор бермасликка ҳаракат қилишмоқда. Аммо бир неча Марказий Осиё давлатлари бирлашиб, Россияга жавоб қайтаришса, Россия ҳам бунга эътибор қилишга мажбур бўлади. Афсуски, биз бу имконни қўлдан бой беряпмиз.
Россиядаги муҳожирлар масаласига тўхталсак, Ислом Каримов даврида Россиядаги муҳожирлар расман тан олинмаётган эди. Бу орқали Ўзбекистонга турли босимлар ўтказилишининг олдини олишга уринилган. Тожикистон билан Россия ўртасида муҳожирлар масаласи расмий кўринишга эга бўлган. Аммо барча Марказий Осиё давлатлари бу борада Россиянинг кучли босимини сезади ва бунга жавоб беришдан кўра эътибор бермасликни афзал билишади.
Ботир Шермуҳаммад: – Россияга кириш ва чиқиш тўғрисида қонун бор, ундаги белгиланган тартиб бузилсагина Россия ҳудудига бошқа давлат фуқароларини киритмаслиги мумкин. Бу асослар 17 тани ташкил этади, биз бу билан шуғулланамиз. Аммо чегарада турганлар асосан кайфиятига қараб фуқароларни чегарадан ўтказишмоқда. Кимнингдир соқоли ёки сочи ёқмаса, ёки бошқа сабаблар билан.
Ҳатто Россия фуқаролигини олган, аммо ота-онаси бошқа давлатдан бўлганларни ҳам баъзида давлат ҳудудига киритмай қўйишмоқда. Бу қанчалик қонунчиликка мос ҳолат? Россияга киритилмаётганларга ҳатто қонуний ҳужжат ҳам, асос ҳам беришмаяпти. Биз Россия фуқароларини сабабсиз Ўзбекистонга киритмай қўймаяпмиз-ку.
– Россиянинг ичида бўлиб турган меҳнат муҳожирларимиз сони қарийб 2 миллион. Хавотирли тарафи у жойда Россиянинг Украинадаги урушига жалб қилиш учун ўзбек тилида тарғиботлар олиб борилмоқда. Бунга қарши қандай ишлар қилиняпти? ТИВ даражасида сўровлар юборилганми?
Ботир Шермуҳаммад: – Ўтган йили Ташқи ишлар вазирлиги ходими Россияга шу масалада мурожаат қилингани ва Россия ҳукумати ўзбекларни бошқа урушга сафарбар қилмаслиги тўғрисида айтиб ўтган эди. Аммо мана, орадан вақт ўтди, бирор катта янгилик бўлмади. Куч тузилмалари нима қилиб бўлса ҳам урушга одам йиғишни хоҳлайди. Ҳатто суд жараёнидаги ёки ҳукмга маҳкум қилинган жиноятчи бўлса ҳам урушга қатнашишни хоҳласа, уни жазодан озод қилиб уруш жараёнига юборишмоқда. Бундан коррупционер амалдорлар фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда қамоқдан чиқиб урушга жўнашини билдирувчи видеолар жойлашмоқда.
Энг ёмони – рус тилини билмайдиган фуқароларимизни арзимаган баҳоналар билан қамоққа олиб, мажбурий урушга юборишмоқда. Менга бир муддат олдин бир жиззахлик йигит ноҳақ қамалиб, урушга боргани, урушда 4 та бармоғидан ажралиб, касалхонада ётганини ва бу ердан қандай қилиб Ўзбекистонга қайтиш мумкинлигини сўраб мурожаат қилган экан.
Россияда урушга тарғибот кучайиб бормоқда. Ҳатто мактабларда биринчи партага урушда ҳалок бўлган одамнинг расми ёпиштирилиб, қаҳрамон сифатида болаларнинг онгига сингдиришмоқда. Кўчаларда тожик, ўзбек миллатига мансуб одамларнинг исмлари ёпиштирилган ёрлиқларни ҳам кўриш мумкин.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Уруш даври, Россия жамияти, Мигрантлар, Душман образи, Қамоққа олиш, Урушга жўнатиш “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...