14:41 / 18.10.2024
56

Ҳамаснинг янги раҳбари маълум қилинди

Ҳамаснинг янги раҳбари маълум қилинди
Фото: Getty Images
Яҳё Синвар ўлимидан кейин фаластинликларнинг Ҳамас ҳаракати раҳбарлигини Холид Машал ўзига қабул қилди, деб хабар бермоқда Ливандаги LBCI телеканали.

Нашр манбаларига кўра, ҳаракат раҳбари вазифасини бажарувчи ролида Машал Исроил билан музокаралардаги муҳим томонлар билан алоқаларга масъул бўлади.

Ҳамас раҳбарияти аллақачон музокаралардаги воситачилар бўлмиш Туркия, Қатар ҳамда Мисрни Яҳё Синварнинг ўлимидан хабардор қилгани айтилган. Шу билан бирга, Ҳамасдагилар унинг ўлими туфайли асирларни алмашиш ва Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш бўйича музокаралар «янада мураккаблашиши ва чалкашиши»ни қайд этишган.

Исроил мудофаа армияси 16 октябр куни Ғазо секторида Яҳё Синвар ва яна икки фаластинлик ўлдирилганини хабар қилди. Синвар Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябр куни Исроил ҳудудига амалга оширган ҳужумининг асосий ташкилотчиси ва мафкурачиси ҳисобланган. У 2017 йилдан Ҳамаснинг Ғазо секторидаги бўлими раҳбари бўлган, 2024 йил августида — Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилганидан кейин унинг ўрнига Ҳамас сиёсий бюроси раҳбарига айланганди.

Холид Машал 1996 йилдан 2017 йилгача Ҳамас сиёсий бюросига раҳбарлик қилган. Сайловларда Ҳанияга ютқазганидан кейин у Қувайт, Иордания ва Сурия каби мамлакатларда яшайди. 1998 йилда Исроил махсус хизматлари Иорданияда Машални заҳарлашганди ва у кома ҳолатига тушиб қолганди. Ўшанда Исроил Иордания билан дипломатик келишув доирасида зидди заҳар берган. Сўнгги йилларда Машал Қатарда яшаб келмоқда ва Ҳамаснинг Фаластин мухторияти ҳудудларидан ташқаридаги етакчиларидан бири саналади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳамаснинг янги раҳбари маълум қилинди