00:09 / 19.10.2024
32

Қозоғистонда хизмат машинасида нонга чиққан ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди

Қозоғистонда хизмат машинасида нонга чиққан ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди
Фото: azaqstan Media
Шимолий Қозоғистон вилоятида хизмат автомобилида нонга бориб келган, сўнг ўзининг қоидабузарлигини тасвирга олган блогер билан келишишга уринган туман ҳокими ўринбосари жавобгарликка тортилди, деб хабар беради Tengrinews.

Қайд этилишича, 18 октябр куни Петропавловскда Қизилжар тумани ҳокими ўринбосари Алма Нургалиевага нисбатан давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун қўзғатилган маъмурий иш одоб-ахлоқ кенгашида кўриб чиқилган.

«2024 йилнинг сентябрида ижтимоий тармоққа Нургалиева хизмат машинасини белгиланмаган жойга тўхтатгани тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Нургалиевага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва у жаримани тўлаган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, туман ҳокими ўринбосари хизмат машинасида кечки соат 19:00 да уйига кетаётиб, нон олиш учун тўхтаган. У автомобилини тўхташ тақиқланадиган белги таъсир қиладиган ҳудудда қолдирганига эътибор қаратмаган. Шундай қилиб, ҳоким ўринбосари «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун ҳамда Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини бузган.

Одоб-ахлоқ кенгаши хулосасига кўра, Нургалиеванинг қодабузарлиги унчалик катта эмас, бунинг учун танбеҳдан қаттиқ танбеҳгача бўлган жазо белгиланади. Йиғилишда, шунингдек, ижтимоий тармоқда тарқалган видео ҳам кўриб чиқилган. Унда аёл «Мени тасвирга олманг, сизга пул беришим мумкин», деган. Ҳоким ўринбосарини видеога олган блогер эса «Нима, сиз менга пора таклиф қиляпсизми?» — деганини эшитиш мумкин.

Кўпчилик овоз билан одоб-ахлоқ кенгаши аъзолари туман ҳокимига ўз ўринбосарига танбеҳ бериб қўйишни тавсия қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда хизмат машинасида нонга чиққан ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди