20:27 / 20.10.2024
47

Маск АҚШ президентлик сайловига қадар кунига 1 млн долларлик лотереяни эълон қилди

Маск АҚШ президентлик сайловига қадар кунига 1 млн долларлик лотереяни эълон қилди
Фото: Alex Wong/Getty Images
Tesla ва SpaceX асосчиси ва раҳбари Илон Маск АҚШ президентлик сайлови бўлиб ўтадиган 5 ноябргача, Конституциянинг биринчи ва иккинчи тузатишларини ҳимоя қилиш учун онлайн петицияни имзолаганларга 1 миллион доллар ваъда берди. Пул петицияни имзолаганлар орасида ҳар куни ўйналади, деб хабар берди The Hill.

Маск бу ҳақда Пенсилванияда Доналд Трампни қўллаб-қувватлаш йиғилишида маълум қилди, сўнг Х ижтимоий тармоғида ёзди. Унинг сўзларига кўра, бундан мақсад – петицияга эътиборни қаратиш. Ҳужжат Трампнинг сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган America PAC (сиёсий фаоллик қўмитаси) томонидан эълон қилинган. Мукофотларни ҳам шу қўмита топширади.

«Биз «иккиланиб турган» штатлардаги ҳамма петиция ҳақида эшитишига ишонч ҳосил қилишни истаймиз ва акция буни таъминлайди деб ўйлайман», деб ёзди Маск ва биринчи ғолиблар номини ҳам эълон қилди.

АҚШ Конституциясига киритилган биринчи ва иккинчи тузатишлар мос равишда сўз эркинлиги ва қурол олиб юриш ҳуқуқини кафолатлайди.

АҚШ қонунчилигига кўра, овоз бериш учун пул тўлаш ёки овоз бериш учун рўйхатдан ўтишга пул тўлаш жиноят ҳисобланади. Бироқ, сайловчиларга петицияни имзолаш учун пул тўлаш ноқонуний эмас.

Учинчи чоракда Маск (дунёнинг энг бой одами, Forbes маълумотларига кўра, унинг бойлиги 247,4 миллиард доллар) America PAC қўмитасига 75 миллион доллар хайрия қилди. Тадбиркор азалдан Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлаб келади.

America PAC Трампнинг сайловолди кампанияси билан бевосита боғлиқ эмас, лекин «иккиланаётган» штатларда сайловчиларни жалб қилиш ҳаракатлари учун пул тўлайди.

Forbes маълумотларига кўра, Трампни молиявий жиҳатдан камида 49 миллиардер қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча уларнинг энг сахийси тадбиркор Тимоти Меллон (банкир Эндрю Меллоннинг вориси, бойлиги 14,1 миллиард доллар) 126 млн доллар хайрия қилган.

Ҳаррисга 75 нафардан ортиқ америкалик миллиардер ҳомийлик қилмоқда. Улар орасида Ню-Йорк шаҳрининг собиқ мэри Майкл Блумберг ва кинорежиссёр Стивен Спилберг бор — ҳар бири Ҳаррисга камида 1 миллион доллар хайрия қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Маск АҚШ президентлик сайловига қадар кунига 1 млн долларлик лотереяни эълон қилди