17:21 / 21.10.2024
31

Исроил АҚШга Ливандаги урушни тугатиш шартларини маълум қилди

Исроил АҚШга Ливандаги урушни тугатиш шартларини маълум қилди
Фото: RBC
Ўтган ҳафта Исроил АҚШга Ливан билан боғлиқ вазиятни дипломатик йўл билан тартибга солиш шартлари ёзилган ҳужжатни топширди, дея хабар бермоқда Axios икки америкалик ва икки исроиллик расмийга таяниб.

Уларнинг таъкидлашича, Исроил бош вазири идораси ҳужжатни АҚШ президенти Жо Байденнинг элчиси Амос Хохштейннинг можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишни муҳокама қилиш учун Байрутга ташрифи арафасида Оқ уйга топширган.

АҚШ ва Исроил расмийларининг айтишича, Исроил стратегик ишлар вазири Рон Дермер 17 октябрь куни ҳужжатни Хохштейнга юборган.

Портал суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, талаблардан бири Исроил мудофаа кучларининг “Ҳизбуллоҳ”ни қайта қуроллантиришга ва Ливан жанубидаги ҳудудларда гуруҳнинг ҳарбий инфратузилмасини тиклашга қарши фаол чоралар кўриш имкониятига эга бўлишидир.

Расмийнинг қўшимча қилишича, Исроил ҳам ўзининг ҳаво кучлари Ливан ҳаво ҳудудида эркин ҳаракат қилишини талаб қилади.

Axiosнинг қайд этишича, бу икки талаб БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясига зиддир.

Байрут ва халқаро ҳамжамият Ливан суверенитетига жиддий путур етказадиган ушбу шартларга рози бўлиши даргумон, деди АҚШ расмийси.

Хохштейн душанба куни Байрутга келиши ва Ливан бош вазири вазифасини бажарувчи Нажиб Микати, парламент спикери Набиҳ Берри ҳамда Ливаннинг бошқа расмийлари билан учрашиши ҳамда Исроил талабларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Якшанба куни Берри Al Arabiyaга берган интервьюсида Хочштейннинг ташрифи Ливандаги урушни "ҳал қилиш учун АҚШ сайловларидан олдинги охирги имконият" эканлигини айтди.

У Ливанда БМТнинг 1701-резолюцияси бўйича консенсус мавжудлигини таъкидлади ва унга ҳар қандай тузатиш киритишдан бош тортишини маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1701-сонли резолюцияси Иккинчи Ливан урушини тугатиш мақсадида 2006 йилда қабул қилинган. Бу резолюция Исроил қўшинларининг Ливандан олиб чиқилишини ҳам назарда тутади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил АҚШга Ливандаги урушни тугатиш шартларини маълум қилди