
Канадалик Митчелл Руди янги жаҳон рекордини ўрнатиш ва ҳайвонлар муаммоларига эътиборни жалб қилиш мақсадида бир вақтда 38 та итни сайрга олиб чиқди. Бу ҳақда Guinness World Records сайтида хабар берилди.
Хабарда аниқлик киритилишича, рекорд ўрнатиш учун итларни сайрга олиб чиққан одам улар билан камида 1 километр масофани босиб ўтиши лозим. Бунда бутун сайр давомида жониворларни арқонда ушлаб туриш шарт.
Митчеллнинг айтишича, бу итларнинг бир қисми кучук кўпайтирувчи питомниклардан, бошқалари эса ит гўштини етказиб берадиган фермалардан қутқариб олинган.
Тадбирни ташкил этишда Канаданинг BONK хайрия ташаббуси ва Жанубий Кореянинг К9 итларни қутқариш хизмати (KK9R) ёрдам кўрсатди. KK9R сайрда қатнашган итларни оилаларга тарқатиш мақсадида ўз ҳимоясига олди.
“Ажойиб жониворлар, улар яхши уйга муносиб, уларга озгина меҳр-у муҳаббат керак, холос”, — деди Митчелл. У бир вақтда шунчалик кўп тўрт оёқли дўстлар билан вақт ўтказиш имкониятидан хурсанд бўлганини қўшимча қилди.
Аввалги рекорд сентябр ойида Жанубий Кореянинг Квасан шаҳрида ўрнатилганди. Ўшанда 36 та ит сайрга чиқарилган.
Январ ойида Жанубий Корея ҳукумати ит гўштини истеъмол қилиш ва сотишни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. У расман 2027 йилдан кучга киради — шундан сўнг қоидабузарлар уч йилга озодликдан маҳрум қилиш ёки 30 миллион вон(22,8 минг доллар)гача жарима билан жазоланади. Бунда ит гўштини истеъмол қилишнинг ўзи қонун билан чекланмайди.
Сентябр ойида Жанубий Корея ҳукумати итларни гўшти учун боқишдан воз кечган фермерларга 100 миллиард вон (тахминан 75 миллион доллар) миқдорида товон пули берилишини эълон қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар