10:10 / 25.10.2024
63

Путин Россиядаги КХДР ҳарбийлари ҳақида илк бор гапирди

Путин Россиядаги КХДР ҳарбийлари ҳақида илк бор гапирди
Фото: РИА Новости
Россия президенти Владимир Путин Қозондаги BRICS саммити якунлари бўйича матбуот анжумани чоғида КХДР ҳарбийлари Украинадаги урушда қатнашиш учун Россия ҳудудига келгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

NBC News журналисти Путиндан Россиядаги КХДР қўшинлари акс этган сунъий йўлдош тасвирлари ҳақида сўради. «Улар у ерда нима қиляпти ва бу Украинадаги урушнинг янада кескинлашишига олиб келмайдими?», деб сўради мухбир.

«Расмлар — жиддий нарса. Агар фотосуратлар бўлса, улар ниманидир акс эттиради. Сизнинг эътиборингизни Украинадаги кескинлашувга Россиянинг ҳаракатлари эмас, балки 2014 йилги давлат тўнтариши сабаб бўлганига қаратмоқчиман, бу биринчи навбатда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган. <…> Кейин эса улар Украинадаги можарони Минск келишувлари орқали тинч йўл билан ҳал қилмоқчи эканини айтиб, бизни 8 йил давомида алдашди», деди Путин.

КХДР билан муносабатлар мавзусига қайтган Путин 24 октябр куни Давлат Думаси КХДР билан стратегик шериклик тўғрисидаги битимни ратификация қилганини эслатди.

«Унда 4-модда бор. КХДР раҳбарияти келишувларимизни жиддий қабул этишига ҳеч қачон шубҳа қилмаганмиз. Аммо нима ва қандай қилишимиз - бу модда доирасидаги ўзаро ишимиз. Биринчидан, биз ушбу 4-моддани амалга ошириш бўйича тегишли музокаралар олиб боришимиз керак, аммо биз шимолий кореялик дўстларимиз билан алоқадамиз ва бу жараён қандай ривожланишини кўрамиз», деди Путин.

«Россия ва КХДР ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисида»ги шартноманинг 4-моддасида қуйидагилар белгилаб қўйилган:

«Агар Томонлардан бири бирор давлат ёки бир неча давлат томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу тариқа уруш ҳолатига тушиб қолса, бошқа Томон зудлик билан БМТ Низоми 51-моддасига ва Россия Федерацияси ва Корея Халқ Демократик Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ўз ихтиёрида бўлган барча воситалар билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатади».

Аввалроқ, Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) КХДР ҳукумати Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбийларини юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берди. Разведка маълумотларига кўра, гап 12 минг ҳарбий хизматчи ҳақида кетмоқда. Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Шимолий Кореянинг 11 минг ҳарбий хизматчиси Россия шарқида тайёргарликдан ўтаётганини маълум қилди.

The Guardian нашрининг ёзишича, КХДР ҳарбий муҳандислари Россия қўшинларига Шимолий Кореянинг KN-23 ракеталари билан Украинага зарба беришда ёрдамлашмоқда. 23 октябр куни Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ Шимолий Корея ҳарбийлари Россияда экани ҳақида далиллар олганини айтди. «Улар нима қилишяпти? Биз фақат тахмин қилишимиз мумкин. Буни аниқлашимиз керак», деди Остин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин Россиядаги КХДР ҳарбийлари ҳақида илк бор гапирди