08:14 / 27.10.2024
41

Россияда бир кунда иккита вертолёт ҳалокатга учради

Россияда бир кунда иккита вертолёт ҳалокатга учради
Фото: Россия ФВВ
Керчен бўғозида ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради. Бу ҳақда Россия Ҳарбий-ҳаво кучларига яқин бўлган Fighterbomber канали хабар берди.

Аввалига, хабарда денгиз авиациясига тегишли «Ка-27» ҳалокатга учрагани, бунга техниканинг ишдан чиққани сабаб бўлгани айтилди. Кейинроқ хабар икки маротаба таҳрирланди. Дастлаб модел «Ка-52»га ўзгартирилди, кўп ўтмай муаллиф «вертолёт русуми ҳозирча номаълум» эканини маълум қилди. Экипаж тақдири тўғрисида маълумот йўқ.

«Ка-27» — сув ости ва сув устидаги нишонларни аниқлаш, таъқиб ҳамда йўқ қилишга мўлжалланган кўп функцияли вертолёт. «Ка-52 Аллигатор» танклар, зирҳли ва оддий жанговар техникалар ҳамда ҳаво нишонларини йўқ қилишга қодир. У 30 миллиметрли автоматик қурол билан жиҳозланган, бошқарилмайдиган авиация ракеталари ва кўплаб бошқарилувчи қуролларни таший олади.

«Ка-52» — катапулта тизимига эга дунёдаги ягона вертолёт. ORYX ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан бери Россия камида 61 та шу каби ҳарбий техникасидан айрилган.

Шунингдек, 26 октябр куни санитар авиациянинг «Ми-2» вертолёти ҳам ҳалокатга учради. У Киров областида қулаб тушган. ФВВ маълумотларига кўра, вертолёт бортидаги учувчи ва уч нафар тиббиёт ходимининг барчаси ҳалок бўлган. Прокуратура фавқулодда ҳолат бўйича текширувни бошлаган. Бу ҳафта давомида санавиацияга тегишли иккинчи вертолётнинг қулашидир. 22 октябр куни ҳам шу каби машина Нижний Новгород областида қаттиқ қўнишни амалга оширганди. Оқибатда беш киши жароҳат олган, уларнинг тўрт нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда бир кунда иккита вертолёт ҳалокатга учради