18:04 / 30.10.2024
22

Испанияда сув тошқинлари: 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (фото, видео)

Испанияда сув тошқинлари: 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (фото, видео)
Фото: AP Photo
Испаниянинг Валенсия регионида кучли ёмғирлар келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлди, деб хабар берган маҳаллий расмийлар.

Фото: Alberto Saiz / AP / Scanpix / LETA
Ҳудудий ҳокимият раҳбари Карлос Мазон жабрланган ҳудудларда қутқарув амалиётлари давом этаётгани ва ҳозирча қурбонлар сонини аниқ айтиб бўлмаслигини билдирган.

Ижтимоий тармоқларда сув оқими кўприклар ва автомобилларни қандай ювиб кетаётгани акс этган кадрлар тарқалган. Айрим видеоларда одамлар омон қолиш учун дарахтларга тирмашиб чиққанини кўриш мумкин.

Испания шарқи ва жанубида рўй берган кучли ёмғирлар натижасида кўплаб ҳудудларни сув босган, шунингдек, темирйўл ва авиақатновларда узилишлар юзага келган.

Валенсияга амалга оширилиши керак бўлган айрим авиарейслар бекор қилинган ёки самолётлар бошқа ҳудудлардаги аэропортларга йўналтирилган. Испаниянинг мазкур регионида темирйўл қатнови ҳам тўлиқ тўхтатилган.

Испан метеорологларига кўра, Валенсияда саккиз соат ичида 491 мм ёғин тушган, бу қарийб бир йиллик нормага тенг.

Хабар қилишларича, сув босган ҳудудда қамалиб қолган юзлаб кишилар ОАВга қўнғироқ қилиб, ёрдам олишга ёки йўқолган қариндошлари ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилмоқда.

Қутқарув хизматлари одамларни қидириш учун дронлардан фойдаланмоқда.

Маҳаллий нашрлар ёзишича, Валенсияда ўнлаб кишилар бутун тун давомида ўз машиналарида, шунингдек, томлар ва кўприкларда ўтириб, қутқарувчиларни кутишган.

«Биз ҳеч ким билан учрамаган мисли кўрилмаган вазиятга тўқнашдик», — деган Мазон.

Бир кун олдин расмийлар Валенсияда ва жануби-шарқдаги Албасете провинциясида камида етти киши бедарак кетганини хабар қилганди.




Испания давлат метеорология агентлиги AEMET Валенсияда ва Андалусиянинг айрим ҳудудларида хавф даражаси ошгани ҳақида эълон қилган.

Валенсия шаҳри мэрияси мактаблардаги дарслар ва спорт мусобақалари бекор қилиниши, шаҳар хиёбони эса вақтинча ёпилишини маълум қилган.

Испания бош вазири Педро Санчес бедарак кетган одамлар ҳақидаги хабарларни хавотир билан кузатиб бораётганини билдириб, жабрланган ҳудудлар аҳолисини «шошилинч бўлмаган сафарлар»ни қолдириб туришга чақирган.

Испания, Сув тошқинлари, Валенсия региони, Кучли ёмғир, Одамлар, Ҳалок бўлди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Испанияда сув тошқинлари: 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (фото, видео)