17:08 / 05.11.2024
36

Исроилнинг уруш жиноятлари учун рамзий «Ғазо трибунали» тузилди

Исроилнинг уруш жиноятлари учун рамзий «Ғазо трибунали» тузилди
Фото: Anadolu Agency
Бир гуруҳ академиклар, зиёлилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари Лондонда рамзий «Ғазо трибунали»ни ташкил этди.

Мустақил ташаббус муаллифларининг мақсади «инсоният ва виждон суди» сифатида ҳаракат қилиш, деб хабар берди Anadolu агентлиги.

Трибуналга таниқли халқаро ҳуқуқ эксперти, Фаластин ҳудудлари бўйича БМТ собиқ махсус маърузачиси Ричард Фолк бошчилик қилади.

Лондонда икки кун давомида бўлиб ўтган Ғазо трибунали доирасидаги йиғилишларда 100 га яқин киши иштирок этди.

Биринчи кун Фаластин фуқаролик жамияти ташкилотлари ва суд фаолиятида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган инсон ҳуқуқлари гуруҳлари вакиллари иштирокида махсус сессия бўлиб ўтди. Трибунал йиғилишининг асосий мавзуси операцион стратегиялар, логистика жараёнлари ва алоқа тамойилларини ишлаб чиқиш эди.

Ташкилотчиларга кўра, «Ғазо трибунали»нинг иккинчи босқичи 2025 йил май ойида Босния ва Ҳерцеговина пойтахти Сараевода ўтказилиши режалаштирилган. Унинг доирасида тайёрланган ҳисоботлар, гувоҳларнинг сўзлари ва декларациялар лойиҳалари жамоатчиликка тақдим этилади. Сараеводаги йиғилишда жабрланган жамоалар вакиллари, экспертлар ва гувоҳлар сўзга чиқиши кутилмоқда.

Трибуналнинг якуний босқичи 2025 йил октябр ойида Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган. Истанбулда бир гуруҳ экспертлар трибуналнинг хулосалари ва қарорлари лойиҳасини тақдим этади. Унда гувоҳларнинг кўрсатмалари ва Исроил ҳаракатларидан жабрланган Фаластин фуқаролари ва ташкилотларининг баёнотлари бўлади.

Ғазо трибуналидаги махсус қарорлар, жумладан, тавсиялар ва ваколатлар ҳам эълон қилинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилнинг уруш жиноятлари учун рамзий «Ғазо трибунали» тузилди