18:20 / 06.11.2024
24

Зеленский Трампни сайловдаги ғалаба билан табриклади: «Кучли АҚШ эрасини сабрсизлик билан кутамиз»

Зеленский Трампни сайловдаги ғалаба билан табриклади: «Кучли АҚШ эрасини сабрсизлик билан кутамиз»
Фото: Украина президенти матбуот хизмати/Zuma Press
Украина президенти Володимир Зеленский Доналд Трампни АҚШдаги президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклади.

X ижтимоий тармоғида эълон қилинган табригида Зеленский Трамп билан сентябр ойида бўлиб ўтган «ажойиб учрашув»ни эслаган, ўшанда улар «Украина ва АҚШнинг стратегик ҳамкорлиги, ғалаба режаси ва Россиянинг Украинага қарши тажовузини тўхтатиш йўлларини батафсил муҳокама қилгани»ни айтган.

«Мен президент Трампнинг дунё ишларига «куч орқали тинчлик» ёндашувига амал қилишини қадрлайман. Айнан шу принцип амалда Украинада адолатли тинчликни яқинлаштириши мумкин. Умид қиламанки, биз биргаликда буни амалга оширамиз.

Биз президент Трампнинг кучли раҳбарлиги остидаги кучли Америка Қўшма Штатлари эрасини интиқлик билан кутамиз. Биз Украина АҚШдаги доимий кучли икки партия томонидан қўллаб-қувватланишига умид қиламиз.

Биз мамлакатларимизга фойда келтирадиган ўзаро манфаатли сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Украина Европадаги энг қудратли ҳарбий кучлардан бири сифатида иттифоқчиларимиз кўмагида Европа ва трансатлантик ҳамжамиятда узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга интилади
».

Зеленский сўзининг охирида Трампни шахсан табриклаш ва Украинанинг АҚШ билан «стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўллари»ни муҳокама қилиш имкониятини «сабрсизлик билан кутаётгани»ни қўшимча қилган.

Трамп аллақачон Флоридадаги тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди ва ўзини сайловлар ғолиби деб эълон қилди. У ўзини АҚШнинг 47-президенти деб атаб, унинг ғалабаси «Американи яна буюк қилиш»га ёрдам беришини айтган.

Трампни қатор давлатлар раҳбарлари ҳам табриклаб улгурди. Салвадор президенти Найиб Букеле биринчи бўлди, унинг ортидан Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Австрия канцлери Карл Неҳаммер ва Сербия президенти Александр Вучичдан табриклар келди. Кейин эса уларга Франция президенти Эммануэл Макрон ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам қўшилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Трампни сайловдаги ғалаба билан табриклади: «Кучли АҚШ эрасини сабрсизлик билан кутамиз»