19:50 / 06.11.2024
14

Японияда Toyota’нинг биринчи учар таксиси намойиш этилди

Японияда Toyota’нинг биринчи учар таксиси намойиш этилди
Фото: AP
Япониянинг Toyota Motor Corporation автомобил корпорацияси ҳамда Американинг тижорий йўловчиларни ташишга мўлжалланган электр авиатаксилар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси ўзаро ҳамкорликда илк бор учар такси парвозини намойиш этди.

Interesting Engineering нашри ёзишича, парвоз шу ҳафта бошида Япониянинг Шизуока шаҳридаги Toyota техник марказида ўтказилган халқаро кўргазмада бўлиб ўтди. Ҳозирча аппарат одамларсиз учди, аммо ўзининг барча имкониятларини намойиш эта олди: вертикал кўтарилиш, тезлик ва бошқаришга қулайлик каби.

Такси бир нафар учувчи ва тўрт йўловчини соатига 200 милгача (321 км/соатдан ортиқ) тезликда таший олиши таъкидланмоқда. У атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар ажратмайди, шунингдек, шовқинсиз ва юқори тезликда ҳаракатлана олиши билан вертолётлардан устун туради.

Янги хизмат йўллардаги тирбандликларни камайтириш, атроф-муҳитга таъсирни минималлаштириш ҳамда шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари учун транспорт ечимларини тақдим этишни мақсад қилган. Учар такси парвози Япония ва бутун дунёдаги турли хил транспорт муаммоларини ҳал этиш имкониятларини кўрсатмоқда.

Toyota ва Joby компаниялари ўртасидаги яқин ҳамкорлик 2019 йилдаёқ бошланган, шу билан бирга Joby ҳаво таксиларини 15 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб чиқариб келмоқда. Сўнгги йилларда Япония томони лойиҳага камида 500 миллион доллар маблағ сарфлади ва аппаратнинг барча зарур сертификатлаштириш жараёнларидан ўтишини тезлаштиришга эришди. Ҳозирги кунда тижорий ишлаб чиқаришга кенг кўламда тайёргарлик кўрилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Японияда Toyota’нинг биринчи учар таксиси намойиш этилди