Фото: VK
Чоршанба куни Украинада Россия қуролли кучлари генерал-майори Павел Клименко ҳалок бўлди. Бу Украинага босқин давомида ўлими тасдиқланган саккизинчи россиялик генерал бўлди.
Клименко Донецкдаги 5-мотоўқчилар бригадасига қўмондонлик қилган. Бу бўлинма 2014 йил «ДХР» расмийлари томонидан Россия кўмагида «Оплот» баталёни базасида ташкил этилган. 2023 йилда бригада Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларида ташкил этилган бошқа ҳарбий тузилмалар қатори Россия қуролли кучлари таркибига киритилган.
Генералнинг ўлими ҳақидаги хабарни BBC’га унинг яқинлари тасдиқлаган. Ушбу юқори мартабали ҳарбийнинг ўлими ҳақидаги дастлабки хабар «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида, ҳарбий мавзудаги «Донбасс-сердце России!» паблигида пайдо бўлганди.
Клименко Донецкда қийноқлар лагери ташкил этишда айбланган, ОАВдаги хабарлар ва жабрланувчиларнинг қариндошлари берган маълумотларга кўра, бу жойда россиялик ҳарбийларни қийнашган ва уларнинг маошлари олиб қўйилган. Генералнинг қўли остида жанг қилганлар ҳам уни аскарларни «гўштқиймалагич штурмлар»га юборганликда айблашган.
«Досье Шпиона» Telegram-канали Клименконинг ўлими тафсилотларини аниқлаган. Унга кўра, юқори мартабали ҳарбий жангчилар гуруҳи билан мотоциклларда кетаётган вақтида FPV-дронлар ҳужумига йўлиққан. Натижада Клименко кўп сонли тан жароҳатлари олган.
Ёмон ном қозонган генерал
Клименко Ставропол ўлкасида туғилган, Санкт-Петербургдаги Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган ва шундан кейин Қора денгиз флоти денгиз пиёдалари полкига қабул қилинган. 1990-йиллар охирида Клименко Чеченистонда жанг қилган, кейин катта десант кемада хизмат қилган, Ўрта ер денгизидаги денгиз кампаниясида ҳамда Болтиқ денгизидаги стратегик машғулотларда иштирок этган. Генерал погони унга 2024 йил майида берилган.
ASTRA нашри суриштирувига кўра, Клименко Донекц областининг оккупация қилинган қисмидаги ташландиқ Петровский кони ҳудудида россиялик ҳарбийлар учун қийноқлар лагери ташкил этган.
Нашрнинг ёзишича, Клименконинг рухсати билан унинг қўли остидагилар қийноқ қўллаган ҳолда аскарларни ўз маоши ва ярадорлик учун берилган пулларни командирларга беришга мажбурлаган.
Донецкдаги ҳуқуқ фаоллари генерал раҳбарлик қилган 5-бригада қўмондонлиги вакиллари ўз яқинларига ишончномалар расмийлаштириб, ҳалок бўлган аскарлар учун тўловларни ҳам ўзлаштирган. Шунингдек, қурбонларнинг қариндошлари айтишича, касал аскарларни даволаш ўрнига штурмда иштирок этиш учун олдинги чизиққа юборишган.
Ҳалок бўлган аскарларнинг қариндошлари генерал ўлими тўғрисидаги пост остида тинимсиз изоҳ қолдириб, уни жиноятларда ва ўз яқинлари ўлимида айблашган.
«Менинг ўлимга олиб келадиган касаллик ташхиси қўйилган ўғлимни... бола ҳарбий-шифокор экспертизаси учун ҳужжат топширганидан хабар топган ҳамоно штурмга юборишган. Ҳайвондек ертўлада ушлаб туришган, телефонини олиб қўйишган, ҳожатга ҳам автомат билан қўриқлаб олиб боришган», — дейилади изоҳлардан бирида.
«Донбасс-сердце России!» пости остида салбий изоҳлар кўпайиб кетгач, саҳифа админи постни ўчириб юбориб, қайтадан қўйишган, аммо ҳолат такрорланган, шундан кейин пост яна ўчирилиб, учинчи бор жойлаштирилган, аммо изоҳ қолдириш ёпиқ ҳолатда.
«Можем объяснить» нашри изоҳ ёзиш ёпиб қўйилишидан олдинги охирги ёзган аёл билан гаплашган.
Мариянинг турмуш ўртоғи Иван 2022 йил кузида сафарбар қилинган. Ҳарбий мутахассислиги бўйича у алоқачи бўлган. Сентябрдаёқ уни Клименконинг бригадасига бириктиришган.
«Уни дарҳол, ҳеч қандай тайёргарликсиз гўшт штурмга юборишган, – дейди Мария. – 25 кишилик гуруҳдан ҳеч ким қайтмаган, барчасини бедарак йўқолган деб ёзишган. У омон қолган, аммо контузияга учраган ва мустақил қайта олмасди. «Кулранг зона»да (фронт чизиғи оралиғида ҳеч ким назорат қилмайдиган ҳудуд) бир ҳафта қолган, кейин бошқа қисм ҳарбийлари уни топиб олишган. Унга телефон беришган – қўнғироқ қилиб, тириклигини айтган...»
5-бригадага қайтганидан кейин бир кун ўтиб Иванни янги штурмга юборишади. У бу сафар ҳам қайтмайди – ва яна бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилади. «Ўша ҳудуддан эвакуация бўлмайди. Командирлар ўлганлар учун гуруҳни хавф остида қолдира олмаслигини айтишади. Аммо ахир ўтган сафар у тирик қолганди!» – дея ғазабланади Мария.
Унга эри бригададаги қатъий тартиб ҳақида гапириб берган: штурмлар чоғидаги катта йўқотишлар туфайли ярадорлар ҳам олдинги чизиққа юборилган, бундан бош тортишга ҳаракат қилганлар қамаб қўйилган ва деярли овқат берилмаган, ҳожатхонага ҳам автомат билан олиб борилган.
Россия расмийлари Клименко манзилига йўлланган айбловларга муносабат билдирмаган.
Сафарбар қилинган ногирон ва қийнаб ўлдирилган америкалик
5-бригададаги қийноқлар ҳақидаги энг машҳур ҳикоя — оккупация қилинган Макийивкадан сафарбар қилинган мусиқа ўқитувчиси Владимир Фроловнинг тарихидир.
2014 йилда 19 ёшда бўлган Владимир россияпараст айирмачилар ва украин ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашув чоғида жароҳат олган. Бир ўқ унинг қорнига, иккинчи ва учинчиси сон қисмига теккан. Якунда у учинчи гуруҳ ногиронига айланган.
2022 йилда Владимир мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишларди, аммо уни фронтга сафарбар қилишади, бош тортса, бармоқларини кесиб ташлаш билан таҳдид қилишади. У жангда яраланади, аммо Североморск госпиталидаги оғир жарроҳлик амалиётидан кейин яна қўлтиқоёқда олдинги чизиққа юборишади.
«Уни ўрада, кейин эса ертўлада ушлаб туришган. У даволаниши лозимлигидан хабар топишгач, дарҳол штурмга ташлашган ва кейин ўлгудек калтаклаб, аста-секин жон бериши учун ўша ерда қолдиришган… Ўзингникилар бегонадан ёмонроқ», — дея Фроловнинг қариндошидан иқтибос келтиради ASTRA. Унинг сўзларига кўра, қийноқ излари туфайли уни ёпиқ тобутда кўмишга тўғри келган.
Клименконинг қўли остидагилар содир этган яна бир шов-шувли иш — АҚШ фуқароси, Донбассдаги урушларда айирмачилар томонида жанг қилган Рассел Бентлининг ўлдирилишидир. Ушбу америкалик 2024 йил апрелида Донецк атрофида йўқолиб қолган. Кейинроқ маълум бўлишича, уни кўчада Клименко бригадасидан бўлган тўрт аскар тўхтатган ва сўроқ қилиш учун олиб кетган.
Тергов версиясига кўра, Бентли қийноқлардан вафот этган, кейин жиноятни яшириш учун, унинг жасадини тротилли шашка билан портлатиб, узоққа олиб бориб ташлашган.
Америкаликнинг ўлими бўйича ҳали суд бўлмаган, аммо унинг рафиқаси турмуш ўртоғининг ўлдирилишида иштирок этган тўрт ҳарбий ҳам Россия армияси билан янги шартнома имзолаб, фронтга кетгани ва жазодан қутулиб қолганини айтган.
Рассел Бентли «Восток» баталёнидаги хизмат вақтида. Фото: VK
Ҳалок бўлган саккизинчи генерал
Клименко Россия 2022 йил февралида Украинага бостириб кирганидан буён ҳалок бўлган саккизинчи россиялик генерал бўлди.
Босқиннинг илк ойларида тўрт генерал ўлим топганди — Андрей Суховецкий, Владимир Фролов, Канамат Боташев ва Роман Кутузов. Кейин ропп-роса бир йил давомида Россиянинг юқори мартабалари зобитлари ўлими бўйича тасдиқланган хабарлар бўлмайди.
Россиялик генераллар орасида янги йўқотишлар 2023 йил июнидан учрай бошлайди — бу украинларнинг қарши ҳужуми бошланган вақтга тўғри келади.
Ёз охиридан ноябргача яна икки генерал — Россия 35-умумқўшин армияси штаби бошлиғи, генерал-майор Сергей Горячев ҳамда Жанубий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари генерал-лейтенант Олег Цоков.
2023 йил ноябрда 14-армия корпуси қўмондони ўринбосари генерал-майор Владимир Завадский ҳам ҳалок бўлади.
Бундан ташқари, уруш бошланганидан буён Украинадаги манбалар яна етти нафар россиялик генераллар ўлими ҳақида хабар тарқатган.
Аммо улардан камида уч нафари — Магомед Тушаев, Виталий Герасимов ва Андрей Мордвичев — тирик экани маълум бўлган. Ушбу уч генерал вақти-вақти билан янги видеоёзувларда кўриниш берган ва Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирокини давом эттирмоқда.
Украина нашрларида ўлгани айтилган бошқа генераллар дафн этилгани ёки ўлимини тасдиқловчи бошқа қўшимча далиллар пайдо бўлмаган.
Аммо саккиз генерал ҳам олий офицерлик корпуси учун жиддий йўқотиш. Экспертлар фикрича, генераллар ўлими Россия армияси тузилишининг ўзига хосликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, босқиннинг биринчи босқичида хавфсиз алоқа каналлари ва моддий-техник таъминотни йўлга қўйиш билан боғлиқ кенг тарқалган муаммолар туфайли генераллар вазиятни кузатиш ва буйруқлар бериш, вазият ўзгаришига тезкор реакция кўрсатиш учун шахсан фронт чизиғи яқинига боришига тўғри келарди. Бу эса ҳалок бўлиш хавфини оширарди.
Кейинроқ эса генераллар Украинага ғарблик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган узоқ масофали артиллерия тизимларининг аниқ зарбалари оқибатида ҳам ҳалок бўла бошлайди. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...