10:28 / 09.11.2024
25

Шойгу: Украинадан РФга «стратегик мағлубият» етказиш учун қурол сифатида фойдаланиш режаси барбод бўлди

Шойгу: Украинадан РФга «стратегик мағлубият» етказиш учун қурол сифатида фойдаланиш режаси барбод бўлди
Фото: РИА Новости
Коллектив Ғарб Украинани Россия Федерациясини «стратегик мағлубият» этиш қуролига айлантираётганди, аммо режа барбод бўлди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу МДҲ давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларининг Москвада бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилди.

«[Украинага] ўнлаб йиллар давомида тинч ва осойишта ривожланишига йўл қўйиш ўрнига, у нафақат талон-торож қилинди, балки бутун кучи билан Россияни стратегик мағлубиятга учратиш қуролига айлантирилди. Уларнинг режаси барбод бўлди», — дея Шойгунинг сўзларини келтиради Россия ОАВ.

Шойгунинг сўзларига кўра, Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган рангли инқилоблар содир бўлган мамлакатларда «аҳолининг турмуш даражаси пасайиши, иқтисодий салоҳият заифлашуви, капитал ва ресурслар назоратсиз талон-торож қилиниши, энг оғир шароитларда эса мамлакатни Ғарб элитаси манфаатларини амалга ошириш воситасига айлантириш кузатилди».

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби, шунингдек, Ғарбнинг рақамли экспансиясига қарши курашда МДҲ саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.

«Биз учун Ғарбнинг давлатларимиз ахбороти ва кибермакони устидан назорат ўрнатишга, аслида рақамли қулликка йўналтирилган экспансиясига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни янада яқинроқ мувофиқлаштириш муҳим», деди Шойгу.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Ғарбий Европа ва АҚШдаги иқтисодий вазиятга ҳам эътибор қаратди.

«Коллектив Ғарб иқтисодий, сиёсий ва маънавий етакчиликни йўқотмоқда. Жаҳон ЯИМ ўртача кўрсаткичи пасайиб бормоқда. Умумий қарзнинг ярмидан кўпи уларнинг, учдан бир қисми эса АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Уларга ўз манфаатлари йўлида мустақил, тинч ва эркин ривожланиши учун дунёнинг қолган қисми керак эмас, уларга арзон ресурсларнинг итоаткор етказиб берувчилари керак», — деди Шойгу.

Унинг таъкидлашича, «сўнгги бир неча асрларда мустамлакачилик тамойилларига асосланган ғарб иқтисодий модели эскирмоқда». «Рақобатбардошлик пасаймоқда. Энди коллектив Ғарб давлатлари ҳақиқатда қарзда яшамоқда», — дея таъкидлади у.

Шойгунинг сўзларига кўра, тобора кўпроқ давлатлар ўзаро тўловларни тежаш воситаси сифатида доллар ва евродан воз кечмоқда. «Ғарб элитаси бу вазиятдан мамнун эмаслиги аниқ», деди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шойгу: Украинадан РФга «стратегик мағлубият» етказиш учун қурол сифатида фойдаланиш режаси барбод бўлди