Дональд Трампнинг 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларидаги ғалабаси унинг рафиқаси Мелания учун даҳшатли туш бўлиши тахмин қилинмоқда. Нима учун?
2024 йилнинг ёзида Трамп хоним 20 ойлик танаффусдан сўнг ва “Мелания қаерга йўқолди?” мавзусида оммавий ахборот воситаларида хавотирли хабарлар тўлқинидан кейин биринчи марта йирик оммавий тадбирда пайдо бўлди.
АҚШнинг собиқ биринчи хоними президентликка қайта номзодини қўйиш учун эрини қўллаб-қувватлаш учун Милуоки шаҳридаги Республикачилар миллий қурултойига келди. У саҳнага Dior’нинг қизил костюмида чиқди. Эрининг ғалабасини бутун вужуди билан истаётган аёлнинг ҳаққоний қиёфасини уддабуронлик билан ижро этди. Бироқ Меланиянинг Оқ уйга қайтиш эҳтимоли АҚШ сайловчилари учун тунги даҳшатга айланиши аниқ.
Дональд Трампнинг рафиқаси эрининг сиёсий амбициялари унга катта илҳом берганини ҳеч қачон яширмаган. 2016 йилда у биринчи марта АҚШ президенти лавозими учун сайловолди пойгасига кирганида, Мелания уни омма олдида камдан кам ҳолларда кузатиб юрган. Аммо эрини қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлашга қарор қилганида, бутун дунё ОАВда унга қарши танқидий мақолалар тошқини бошланади. Маълум бўлишича, ўз нутқида у Мишел Обаманинг 8 йил аввалги чиқишидан бир нечта катта парчаларни ишлатган. Қисқаси, Мелания плагиатда айбланганди.
2024 йилнинг кузида чиққан мемуарида Мелания тан олганидек, у Trump Organization ходими Мередит Макивердан нутқ тайёрлашда ёрдам сўраган ва хатолик билан қоралама матнга киритилган Мишел Обаманинг меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва меҳрибонлик ҳақидаги сўзларини ўзи учун махсус ёзилган оригинал матн деб ўйлаган.
2016 йилги сайловларда Дональд Трампнинг ғалабасидан сўнг, Меланиянинг тез орада Оқ уйга кўчиб ўтишга ва биринчи хоним сифатидаги вазифаларни бажаришга шошилмаслиги ажабланарли эмас.
Расмий манбаларга кўра, Мелания Трамп шу вақтгача Нью Йоркдаги ўзининг пентхаусида яшаган, чунки у ўғли Беррон ўқишини эски мактабида тугатишини хоҳлаган. У она сифатида ўғлини ёлғиз қолдира олмасди. Айтиш жоизки, Меланиянинг оналик меҳи Нью Йорк бюджетига сезиларли даражада қимматга тушган — биринчи хоним ва унинг ўғли хавфсизлигини таъминлаш ҳар куни 127 мингдан 146 минг долларгача бўлган харажатга олиб келган.
Ўшанда америкаликлар президент рафиқасининг роли қанчалик оғир юк эканини тушунишади — Мелания бунга тайёр эмасди. Кўпчилик Дональд Трампнинг инаугурациясида у эрига табассум билан қараганини, аммо ундан юзини ўгиргач, табассуми тезда йўқолиб, юзида ғамгин ифода пайдо бўлганини сезган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари президент рафиқасига ҳазиломуз тарзда мурожаат қилиб, “Мелания, ёрдам керак бўлса, кўзингни икки марта қис” деган твитлар тарқатишади, кейин эса #freeMelania (#MelaniyaniOzodQiling) хештеги остида троллинг кампаниясини бошлашади.
2017 йил охирига келиб биринчи хоним ўзини йиғиб олиб, Нью Йоркдаги БМТга қилган ташрифи давомида “Энг яхшиси бўл” номли ўзининг биринчи ташаббусини тақдим этади. Ушбу ташаббус кибербуллингга қарши эди.
Шунга қарамай, Дональд рафиқасининг ташаббусларини сўзда қўллаб-қувватлаган бўлса-да, аслида унинг ғояларини умуман ёқтирмаган. Буни у айнан ўша БМТ йиғилишида исботлайди, чунки у Ким Чен Инни “кичик ракетачилар” деб атаган ва сўнгра Twitter’да Шимолий Кореяни “бутунлай йўқ қилиш” билан таҳдид қилган. Кейинчалик президент сиёсий рақибларига, жумладан, интернетда бир неча бор ҳужум қилган, шу тариқа Мелания кибербуллинга қарши курашиш кераклигини таъкидлаган бир пайтда ўзи аслида унинг жонли намунаси бўлган.
Шу орада Дональд ва Мелания Трампнинг никоҳи мустаҳкам эмаслигига оид миш-мишлар тарқала бошлайди. Баъзи манбалар президент ва биринчи хоним нафақат Оқ уйдаги алоҳида ётоқхоналарда ётиши, балки бир-биридан максимал даражада қочишга ҳаракат қилишини ёзган. Албатта, АҚШ президенти оиласи ҳақида тарқатилган бундай маълумотлар Меланияни хафа қилган. Шундай қилиб биринчи хоним ўзини анча ноодатий тарзда ифода этишга қарор қилади — у жамоат олдида “I rеаlly don’t cаrе, dо уou?” (“Менга чиндан ҳам фарқи йўқ, сизга-чи?”) деган ёзувли плашда пайдо бўлади.
Ўзининг навбатдаги оммавий муваффақиятсизлигидан хафа бўлган Дональд Трампнинг рафиқаси биринчи хоним сифатидаги янада анъанавийроқ вазифаларга — Оқ уйда таъмирлаш ва безак ишларига эътибор қаратишга қарор қилади. 2018 йилда у президентлик резиденсиясининг Рождество безакларига жуда кўп вақт сарфлайди. Қор билан қопланган яшил арчалар, кўплаб ёриткичлар, оқ деворлар ва полларга тушган акс ҳамда “Қарсилдоқ” балети остида рақс тушаётган балериналар — бу классик Рождество безаклари бўлиб, унга ҳеч қандай эътироз бўлмаслиги керак эди. Шунга қарамай, интернет фойдаланувчилари бунга ҳам сабаб топиб, ҳазиллар қилишади.
2019 йилдаги Рождество эса бундан бадтар бўлади. Биринчи хоним қарор қилганидек, агар классик безаклар интернет фойдаланувчиларига ёқмаса, унда таваккалига ҳар қандай ғалати ғояни амалга ошириш мумкин — ҳар қандай ҳолатда ҳам танқид қилинади ва кулишади. Натижада иккинчи Рождество арафасида Оқ уй қондек қизил арчалар билан тўлади, бу эса ўтган йилдаги безаклардан ҳам даҳшатлироқ ассоциацияларни уйғотади.
Twitter фойдаланувчилари ёрқин безаклар билан безатилган тор йўлакни “ўлимга элтувчи йўлак” деб аташади, шунингдек, арчаларни “Хизматкор ҳикояси” сериалидаги қизил ёпинчиқли қаҳрамонларга ўхшатишади. “Гилеадга хуш келибсиз, Трампова”, деб ҳазиллашишади тармоқларда.
Мана, Трамп Америка президенти лавозимига иккинчи марта сайланди. Лекин Меланиянинг биринчи хоним сифатидаги олдинги тажрибасини инобатга олган ҳолда, унинг табассуми ортида қандай ҳис-туйғулар ва эмоцияларни яшираётганини тахмин қилиш қийин эмас.
Энди Мелания Трампни нималар кутмоқда?
Қувноқ ва хотиржам ҳаётдан воз кечиш
Дональд Трампнинг 2021 йилда президентлик муддати тугаганидан сўнг, Мелания Мар-а-Лагодаги хотиржамликдан баҳраманд бўлиб, спа салонлар, дўконларга бориш ва ўғли Беррон билан кўп вақт ўтказишдан завқ олган. Улар ўртасида жуда илиқ ва ишончли муносабатлар ўрнатилган. Агар Оқ уйга қайтиш зарур бўлса, бу Мелания учун ўзининг шу пайтгача тиклаган қулай ва хотиржам ҳаётини тарк этишни англатади.
Стресс ва психоэмоционал ҳолатнинг ёмонлашуви
Оқ уйда яшаш тажрибаси Мелания учун жуда мураккаб: у гапириши, кийиниши, хатти-ҳаракатлари, ҳатто тасодифий имо-ишоралар ва юз ифодалари учун ҳам кескин танқидларга учрайди. Бу жуда катта стресс, унинг бундай босимни енгиши жуда қийин бўлади. У буни яна бир бор бошдан кечиришга тайёрми?
Эски (салбий) имижни тиклаш
Биринчи хонимлик масъулиятини енгиб, Мелания ўзи учун аҳамиятга эга бўлган жамоат ишларига диққатини қаратишга муваффақ бўлганди. У шу вақтгача хайрия лойиҳаларида иштирок этиш ва мемуарлар ёзиш билан шуғулланди. Бошқача қилиб айтганда, у Дональд Трампдан турмушга чиқиш қарорини қабул қилган пайтдаги муваффақиятли ишбилармоннинг рафиқаси образига қайтганди. Бу ролда Мелания ўзини яхши ва табиий ҳис қилади.
Аммо у яна биринчи хонимлик вазифасига қайтганида, барча “эски хатолар”ини эслатишади. Оқ уйга қайтиш унинг мемга айланган бахтсиз президент рафиқаси имижини тиклаши мумкин.
Яна 4 йил даҳшатли Рождество
Турмуш ўртоғининг президентлик йилларида Мелания бу байрамдан нафратланган бўлиши керак. Аммо энди яна тўрт марта Оқ уйни Рождество учун безаш вазифаси унинг зиммасига тушади. Ва, албатта, у танқидлар билан яна юзлашади. Чунки фойдаланувчилар унинг дизайнерлик қобилиятларини камситиш ва уни масхара қилишни ўзларининг севимли машғулотига айлантириб олишган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Президент янги сайланган сенаторларнинг фаол бўлишига ишонч билдирди
ФИФА расмий сайтида термамиз футболчиси ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирилди