16:49 / 12.11.2024
34

РФ молия вазири: “Россия фуқароларига доллар керак эмас”

РФ молия вазири: “Россия фуқароларига доллар керак эмас”
Фото: Getty Images
Россия молия вазири Антон Силуанов фуқароларга доллар керак эмаслиги, уларга рубль ишлатган маъқулроқлигини айтди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

Силуанов жамғармаларни федерал кредит облигацияларида сақлашни ва узоқ муддатли жамғарма дастурига қўшилишни маслаҳат берди.

"Федерал кредит облигацияларини сотиб олинг. Бу ишончли, фойдали ва даромадли сармоя. Мана, нимага эътибор қаратиш керак. Шунинг учун, агар бирор тийинингиз бўлса, молия бозорига киритинг, афсусланмайсиз", деди у.

Силуанов Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг, доллар ва евро мамлакат учун “заҳарли қоғоз”га айланганини айтди. Шунингдек, у “назоратдан ташқари эмиссия” туфайли доллар барқарор валюта бўла олмаслигини таъкидлади.

Муаммо шундаки, улар бу пулларни ўзлари чоп этади, уларни сотиб олади, Америка Қўшма Штатлари облигацияларини харид қиладилар, чунки улар ҳамон доллар ишончли ва барқарор валюта деган тушунчада яшайди, деди вазир.

Путиннинг долларга муносабати

Россия президенти Владимир Путин Қозондаги БРИКС саммитида доллар жаҳон молиясининг энг муҳим воситаси бўлиб қолаётганини тан олди. Бироқ у Америка валютасидан сиёсий мақсадларга эришиш учун фойдаланишни “катта хато” деб атади. Сиёсатчи АҚШ сўнгги 10 йил ичида доллар жаҳон валютаси бўлгани туфайли “ҳаводан” 12 триллион доллар олганини айтган.

"Экспертларимизнинг маълумотларига кўра, мен уларга тўлиқ ишонаман, доллар жаҳон валютаси бўлгани сабабли, Қўшма Штатлар сўнгги ўн йил давомида шунчаки, йўқдан 12 триллион доллар қўлга киритган", деган у.

Кремль раҳбар доллардан воз кечиш режалаштирилмаганини маълум қилган.

Трамп доллардан воз кечганларга чора кўради

АҚШнинг сайланган президенти доллардан воз кечган ҳар қандай давлат товарларига нисбатан 100 фоизлик бож жорий қилишини айтган.

"Биз АҚШ долларини жаҳон захира валютаси сифатида сақлаб қоламиз ... мен (долларда ҳисоб-китоб қилишдан бош тортадиган мамлакатларга) айтаман: Агар сиз доллардан воз кечсангиз, АҚШ билан ишлай олмайсиз, чунки сизнинг маҳсулотларингизга 100 фоизлик тарифларни киритамиз", деган Трамп.

У бир неча бор АҚШнинг тариф сиёсатини Хитой ва баъзи ҳолларда Европа Иттифоқига нисбатан қатъийлаштиришга ваъда берган. Трамп уларни АҚШга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиш ва эркин савдо қоидаларини бузишда айблаган. Сиёсатчининг 2017-2021 йиллардаги биринчи президентлик муддати давомида АҚШ ҳам Хитой, ҳам Европа товарларига тарифлар киритганди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида расмий валюта ҳисоб-китобларининг 59 фоизи АҚШ валютасига тўғри келган бўлса, иккинчи ўринда евро деярли 20 фоиз улуш билан турибди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » РФ молия вазири: “Россия фуқароларига доллар керак эмас”