17:13 / 12.11.2024
14

Илон Маск Трампнинг кадрлар танлаш қарорига таъсир кўрсатмоқчи

Илон Маск Трампнинг кадрлар танлаш қарорига таъсир кўрсатмоқчи
Фото: Getty Images
Америкалик миллиардер Илон Маск сайланган президент Дональд Трампнинг бўлажак администрациясини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Манбаларга кўра, Маск кадрлар бўйича қарорлар қабул қилишда ўз ҳиссасини қўшишни таклиф қилган. У сайловдан кейин Трамп атрофидаги нуфузли шахсга айланган. Миллиардер сиёсатчининг Флоридадаги Мар-а-Лагодаги қароргоҳига деярли ҳар куни бориши таъкидланмоқда.

У сайлов оқшомида Трамп оиласининг суратида ҳам кўриниш берган, бўлажак биринчи хоним Мелания Трамп билан кечки овқатда бирга бўлган. Дам олиш кунлари эса Трамп оиласи билан голф ўйнаётганида кўринган. ABC News манбалари таъкидлашича, Маск ҳатто республикачининг кадрлар қарорларига ҳам таъсир кўрсатади.

У Трампнинг хорижлик етакчилар билан камида иккита қўнғироқларида қатнашган. Украина президенти билан суҳбатда Трамп ҳатто гўшакни Маскка бергани айтилмоқда. Бундан ташқари, миллиардер республикачининг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон суҳбатида иштирок этган.

Маск ва Трампнинг алоқалари. Нималар маълум?

Бизнесмен Илон Маск АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг тарафдори ҳамда донори бўлган. 5 октябрь куни у Трампнинг Пенсилваниядаги сайловолди митингида нутқ сўзлаган. Миллиардер “Америкада Конституция ва демократияни сақлаб қолиш учун” Трамп ғалаба қозониши кераклигини айтган.

Фото: Reuters
Сентябрь ойи бошида АҚШ собиқ президенти сайловда ғалаба қозонган тақдирда, Илон Маск бошчилигида ҳукумат самарадорлигини ошириш бўйича комиссия тузишини билдирган. Маск кейинчалик бу масалани Трамп билан муҳокама қилгани ва ҳамкорликдан манфаатдор эканини тасдиқлаган.

Шунингдек, миллиардер президентлик сайловларида республикачи мағлубиятга учраган тақдирда, уни ҳибсга олишлари мумкинлигини айтган. Financial Times Маск Трампнинг президентлик кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 75 миллион доллар ажратгани ҳақида хабар берган. Маблағларнинг аксарияти рекламаларга сарфланган.

АҚШдаги 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Трамп 312 та, Ҳаррис эса 226 та овоз олди. Ғалаба қозониш учун эса 270 та овоз олиш лозим эди. Трамп расман 2025 йил 20 январда давлат раҳбари лавозимига киришади. У президентлик даврида урушни 24 соат ичида тугатишни ваъда берганди, шунингдек, Украинага ҳарбий ёрдам ажратилишини танқид қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илон Маск Трампнинг кадрлар танлаш қарорига таъсир кўрсатмоқчи