10:11 / 13.11.2024
29

Бангладеш Интерполдан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олишда ёрдам сўради

Бангладеш Интерполдан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олишда ёрдам сўради
Фото: AP Photo
Бангладеш махсус трибунали Интерпол халқаро полициясига мурожаат қилиб, ҳокимиятдан ағдарилган собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олиш бўйича «қизил билдириш» чиқаришни сўради. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

5 август куни Ҳасина яқин ёрдамчиси ва собиқ вазирлари билан Ҳиндистонга қочиб кетганди.

Октябр ўрталарида Бангладеш халқаро жиноий трибунали мамлакат собиқ бош вазири Шайх Ҳасинани ҳибсга олишга ордер берганди. Бангладешни 20 йилдан ортиқ бошқарган собиқ бош вазир юзлаб одамлар ҳалок бўлган намойишлар чоғида «инсониятга қарши жиноятлар»га алоқадорликда айбланиб, трибунал томонидан қидирилмоқда.

Бангладешда оммавий намойишлар

Июл ойида Бангладешни оммавий намойишлар қамраб олганди: талабалар давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисми 1971 йилдан Покистондан мустақилликка эришиш учун бўлган уруш фахрийларининг қариндошлари учун захира қилинишини кўзда тутувчи квоталар тизимини ўзгартиришни талаб қилиб кўчаларга чиққан.

2018 йилда бош вазир Шайх Ҳасина ҳукумати томонидан бекор қилинган квоталар тизими июнь ойида қуйи инстанция суди томонидан яна тикланган ва бу жиддий норозиликларга сабаб бўлганди. Талабалар бу тартибни дискриминация деб атаган ва ишга қабул ҳар бир алоҳида номзоднинг малакасига асосланишини талаб қилган.

Аввалига фақат талабалар иштирок этган намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб кетди. Бангладеш Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, норозилик намойишларида 1000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

77 ёшли Ҳасина қочиб кетганидан бери оммага кўриниш бермади. Уни охирги маротаба Ҳиндистон пойтахти яқинидаги авиабазада кўришган — собиқ бош вазир у ерда вертолётда етиб борган. Ҳасина аввалига тез орада Ҳиндистонни тарк этиши кутилганди, аммо у мамлакатдан бошпана олишга муваффақ бўлган.

Ҳасина қочиб кетгач иқтисодчи Муҳаммад Юнус Париждан қайтиб келиб, Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари сифатида қасамёд қилди. 2006 йилда у камбағалларга микрокредит бериш соҳасидаги изланишлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бангладеш Интерполдан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олишда ёрдам сўради