16:30 / 13.11.2024
19

АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда

АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
Фото: picture-alliance/Newscom
Шимолий Корея аскарлари ҳозирда Россия қўшинлари билан бирга Украинага қарши урушда қатнашмоқда. 12 ноябр, сешанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Пател Пхенян томонидан Россия шарқига юборилган 10 мингдан ортиқ қўшиннинг асосий қисми Курск областига жўнатилганини хабар қилди. У ерда Шимолий Корея аскарлари «Россия Қуролли кучлари билан биргаликда жанговар ҳаракатларда қатнаша бошладилар», деди у.

Украина президенти Володимир Зеленский бир ҳафта олдин Шимолий Корея аскарлари аллақачон Курск областида Украина армиясига қарши жанговар ҳаракатларда қатнашганини айтган эди. КХДРнинг 11 минг аскари ҳозирда Кремл қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун Курскда бўлиб турибди ва улар орасида «талафот кўрганлар ҳам бор», деб ёзган Зеленский.

Путин Курск областини Трамп инаугурациясигача қайтармоқчи

Россия президенти Владимир Путин 2025 йил 20 январда Доналд Трампнинг АҚШ 47-президенти сифатида инаугурацияси олдидан бир қисми Украина Қуролли кучлари (УҚК) томонидан босиб олинган Курск области устидан назоратни қайтариб олмоқчи. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph газетаси 11 ноябр куни ёзган. Бундай қадам Москвага ҳар қандай тинчлик музокараларига кучлироқ позиция билан киришга имкон беради, дейди Ғарб дипломатлари. Нашрнинг ёзишича, Россия армияси 6 августдан бери Украина кучлари томонидан босиб олинган ҳудуднинг қарийб ярмини аллақачон назоратга олишга муваффақ бўлган.

Бир кун аввал Американинг The New York Times газетаси хабар беришича, умумий сони 50 минг кишидан иборат Россия ва Шимолий Корея ҳарбийлари гуруҳи Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда. Жанубий Корея ва АҚШнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украинага қарши урушда қатнашиш учун КХДРдан Россия Федерациясига 8 мингдан 12 минггача ҳарбий хизматчи олиб келинган.

КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди

11 ноябр куни Шимолий Корея Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини ратификация қилди. Тегишли ҳужжатни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин имзолади, деб хабар бермоқда Пхенян марказий ахборот агентлиги. Россия уни икки кун олдин ратификация қилган.

Бошқа нарсалар қаторида, битим томонлардан бири бирон-бир давлат томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу тариқа уруш ҳолатига тушиб қолса, бир мамлакатдан бошқасига «барча воситалар билан» ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда