12:33 / 14.11.2024
25

Илон Маск ўз манфаатларини илгари суриши Трамп жамоасига ёқмаяпти

Илон Маск ўз манфаатларини илгари суриши Трамп жамоасига ёқмаяпти
Фото: Reuters
Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ёнида доимий равишда ҳозир бўлиши сиёсатчининг ишончли вакилларини ва унинг жамоасини ғазаблантира бошлади. Бу ҳақда вазиятдан хабадор манбаларга таяниб, NBC телеканали хабар берди.

"Маск ўзини худди ҳампрезидентдек тутади ва буни ҳамма билиши учун ҳаракат қилади", дейилади хабарда.

Суҳбатдошлардан бирига кўра, Илон Маск “эҳтимол, Мар-а-Лагода (Трампнинг Флоридадаги қароргоҳи) ҳаддан ташқари узоқ қолиб кетди”. Миллиардер у ерда мунтазам республикачининг сайловдаги ғалабасига ўзини сабабчи деб кўрсатмоқда ва сиёсатчини ўзига “қарздор” қилишга уринмоқда. Сайланган президент атрофидагилар бу ҳолатдан безовталана бошлаган, дейди манбалар.

13 ноябрь куни, Дональд Трамп миллиардерлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами давлат самарадорлигига эришиш бўйича янги департаментга раҳбарлик қилишини айтди. Департамент ДОГЕ деб номланади. У Маск тарафдор бўлган Dogecoin криптовалютасига ишора қилади.

Маск АҚШнинг сайланган президенти администрациясидаги бўлажак фаолиятини изоҳлаб, буни “бюрократия учун таҳдид” деб атади. Миллиардер унинг раҳбарлигидаги янги департамент ҳисоботлари “юқори шаффофлик учун” онлайн тарзда очиқ бўлишини айтди.

Маск ва Трампнинг алоқалари. Нималар маълум?

Бизнесмен Илон Маск АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг тарафдори ҳамда донори бўлган. 5 октябрь куни у Трампнинг Пенсилваниядаги сайловолди митингида нутқ сўзлаган. Миллиардер “Америкада конституция ва демократияни сақлаб қолиш учун” Трамп ғалаба қозониши кераклигини айтган.

Сентябрь ойи бошида АҚШ собиқ президенти сайловда ғалаба қозонган тақдирда, Илон Маск бошчилигида ҳукумат самарадорлигини ошириш бўйича комиссия тузишини билдирган. Маск кейинчалик бу масалани Трамп билан муҳокама қилгани ва ҳамкорликдан манфаатдор эканини тасдиқлаган.

Шунингдек, миллиардер президентлик сайловларида республикачи мағлубиятга учраган тақдирда, уни ҳибсга олишлари мумкинлигини айтган. Financial Times Маск Трампнинг президентлик кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 75 миллион доллар ажратгани ҳақида хабар берган. Маблағларнинг аксарияти рекламаларга сарфланган.

АҚШдаги 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Трамп 312 та, Ҳаррис эса 226 та овоз олди. Ғалаба қозониш учун эса 270 та овоз олиш лозим эди. Трамп расман 2025 йил 20 январда давлат раҳбари лавозимига киришади. У президентлик даврида урушни 24 соат ичида тугатишни ваъда берганди, шунингдек, Украинага ҳарбий ёрдам ажратилишини танқид қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илон Маск ўз манфаатларини илгари суриши Трамп жамоасига ёқмаяпти