20:07 / 16.11.2024
7

Трамп “максимал босим” орқали Эронни ядровий келишувга мажбурламоқчи

Трамп “максимал босим” орқали Эронни ядровий келишувга мажбурламоқчи
Фото: Getty Images
Сайловда ғалаба қозонган АҚШ президенти Дональд Трампнинг жамоаси Эронга “максимал босим” стратегиясини тайёрламоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Қайд этилишича, унинг мақсади Теҳронни янги ядровий битим тузишга мажбурлашдан иборат.

Трамп жамоаси Теҳронга қарши Овал кабинетдаги биринчи кунида чиқариши мумкин бўлган буйруқларни тайёрламоқда, хусусан, Эрон нефтининг экспортига қарши санкцияларни кучайтириш ва қўшиш устида ишламоқда. Максимал босим тактикаси Эронни музокараларга мажбурлашга уриниш учун ишлаб чиқилади”, деб ёзади нашр.

Нашрга кўра, бундай чоралар қўллаш орқали Вашингтон Теҳроннинг нефть даромадларини камайтиришга ҳаракат қилади. Бу Эроннинг ўз армиясига, шунингдек, минтақадаги иттифоқчи ҳаракатларга молиявий сармояларини камайтиришига сабаб бўлиши мумкин.

Трамп маъмуриятининг режалари билан таниш бўлган миллий хавфсизлик бўйича экспертнинг хабар беришича, ушбу чора-тадбирлар Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги “муносабатларни барқарорлаштириш”га қаратилган бўлса-да, Трамп маъмуриятининг шартлари Эрон учун мақбул бўлмаслиги мумкин.

Аввалроқ Исломий Эрон Атом энергияси ташкилоти вакили Беҳруз Камолвандий Эрон томони ядровий дастури бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини қайта тиклашга тайёрлигини маълум қилган, бироқ бу жиддий музокараларни талаб қилишини таъкидлаган.

2015 йилда Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон ядровий келишувни – Эрон ядровий дастурига чекловлар эвазига санкцияларни бекор қилишни назарда тутувчи Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзоладилар. АҚШ Трамп президентлиги даврида 2018 йилнинг май ойида ушбу келишувдан чиққан ва Теҳронга қарши санкцияларни тиклаган.

Бунга жавобан Эрон келишув бўйича ўз мажбуриятларини босқичма-босқич қисқартириш, ядровий тадқиқотлар, центрифугалар ва уранни бойитиш даражасидаги чекловлардан воз кечишини эълон қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп “максимал босим” орқали Эронни ядровий келишувга мажбурламоқчи