14:10 / 19.11.2024
8

Боррел: АҚШ Россияга 300 километргача ичкарига зарба беришга рухсат берди

Боррел: АҚШ Россияга 300 километргача ичкарига зарба беришга рухсат берди
Фото: AP Photo
АҚШ унинг қуроллари билан Россия ҳудудига 300 километргача ичкарига зарба берилишига рухсат берди. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррелга таяниб, “Европейская правда” хабар берди.

АҚШ администрацияси Россия ҳудудига зарба бериш учун 300 километргача бўлган ракеталардан фойдаланишга рухсат берган. Бу унчалик узоқ эмас, лекин бу АҚШ администрацияси қарори. Нима учун улар бу қарорни олдин эмас, ҳозир қабул қилганини билмайман, деди сиёсатчи.

Боррелнинг сўзларига кўра, бу мавзу Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинган. Учрашувда Ғарб қуролларининг Россия ҳудудига зарба бериш бўйича чекловларни бекор қилиш бўйича умумий қарорга келишилмаган.

Ҳар бир мамлакат ўзи ҳал қилади, дея қўшимча қилди Европа дипломатияси раҳбари.

Украина АҚШ қуроллари билан Россияга зарба бера олади

17 ноябрь куни The New York Times газетаси ва Reuters агентлиги манбаларга таяниб, АҚШ президенти Жо Байден Украинага АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали ATACMS ракеталаридан Россия ҳудудига зарба бериш учун фойдаланишга рухсат бергани ҳақида хабар берди. Давлат департаменти 18 ноябрь куни кечқурун бу маълумотни “ҳозирча тасдиқлай олмасликларини” маълум қилди.

Байден маслаҳатчиларининг Россияга зарба беришда ATACMS’дан фойдаланиш бўйича фикрлари турлича. Улар ҳозирча гап фақат Курск вилоятидаги нишонларга зарба бериш ҳақида кетаётганини айтган. Кейинчалик Байден бу қуролни бошқа жойларда ҳам ишлатишга рухсат бериши мумкин. Дональд Трамп президентлик лавозимини эгаллаганидан кейин Байденнинг бу қарорини бекор қиладими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

Путин Ғарб қуроллари билан Россияга зарба бериш урушни англатишини айтганди

Россия президенти Владимир Путинга кўра, бундай ҳаракат “НАТО, АҚШ, Европа давлатлари Россия билан урушаётганини англатади” ва “тегишли қарорлар” қабул қилишга ундайди. Сиёсатчи Россияга Ғарб қуроллари билан зарбалар “тажовузга яқин” эканини таъкидлаган. Кейинчалик у Россиянинг ядровий доктринасига ўзгартиришлар киритди.

Унга кўра, ядровий қуролга эга бўлмаган давлат томонидан амалга ошириладиган тажовуз, агар ядровий давлат иштирокида ёки кўмагида бўлса, Россияга қарши қўшма ҳужум сифатида кўриб чиқилади. Бундан ташқари, Москва ишончли маълумотга эга бўлган ҳолда, “ҳаво-космик ҳужум воситаларининг оммавий старти” ва уларнинг чегарадан ўтиши ҳолатида дарҳол ядровий қурол қўллашга ўтиши мумкин.

ATACMS — узоқ масофага зарба берувчи бошқариладиган ракета бўлиб, у қўмондонларга жанговар майдонни шакллантириш учун зудлик билан ўт очиш имконини беради. У оғирлиги 500 фунт бўлган WDU18 тоифасидаги фрагментар-фугасли жанговар каллак билан жиҳозланган. Максимал учиш масофаси 300 километрни ташкил қилади. ATACMS 1980 йилларда ишлаб чиқилган ва биринчи марта 1991 йилда Форс кўрфази уруши пайтида ишлатилган. Ўшандан бери у турли қуролли можароларда, жумладан, Ироқ уруши ва Россия—Украина урушида фаол ишлатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Боррел: АҚШ Россияга 300 километргача ичкарига зарба беришга рухсат берди