20:35 / 20.11.2024
8

Ўзбекистон элчиси «Толибон»га ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистон элчиси «Толибон»га ишонч ёрлиқларини топширди
Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Кобулдаги янги тайинланган элчиси Ойбек Усмонов «Толибон» ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.

Бу ҳақда «Толибон» Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Ҳафиз Зиё Аҳмад маълум қилди.

Расмийнинг ёзишича, Амирхон Муттақий Ўзбекистоннинг янги элчисини қутлаб, унга фаолиятида мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кўмаклашишига ишонтирган. Шунингдек, вазир икки давлат пойтахтларида элчихоналар фаол ишлаётганини икки томонлама муносабатлардаги тараққиётнинг яхши белгиси деб атаган ва давлатлараро йирик иқтисодий лойиҳалар соҳасида амалий қадамлар ташлаш зарурлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Ойбек Усмонов ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларни қардошлик деб атаган ва ўз миссияси давомида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ҳаракат қилишига ваъда берган.

«Ўзбекистоннинг янги элчиси яқин муносабатларга мисол сифатида икки давлат ўртасидаги олий даражадаги делегациялар алмашинувини келтирди», – деб ёзади манба.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрида 2012-2024 йилларда Кобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодманов ўрнига Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб Ойбек Усмонов тайинлангани хабар қилинган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистон элчиси «Толибон»га ишонч ёрлиқларини топширди