date
views 48

Германияда Tesla заводи қурилишига қаршилар дарахтлардан тушишни хоҳламаяпти

Германияда Tesla заводи қурилишига қаршилар дарахтлардан тушишни хоҳламаяпти
Фото: AFP
Tesla’нинг Берлин яқинидаги заводи кенгайтирилишига қарши норозилик билдираётган фаоллар дарахтлардаги бошпаналаридан ерга тушишдан бош тортмоқда. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб Spiegel хабар берди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари 20 ноябрдан уларни дарахтдан олиб тушишга тайёргарлик кўради. «Полициянинг Tesla заводи кенгайтирилишига қарши норозилик акцияси иштирокчиларини дарахтлардан олиб тушиш операцияси бугун ярим кунга қадар қайта тикланади. Айрим фаоллар ҳамон дарахт шохларида ўтириб, ўз лагерлари ҳудудини тарк этишдан бош тортмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалига фаоллар лагер ҳудудининг бир қисмини фақат вақтинча тарк этишлари керак эди. Бунга мазкур ҳудуддаги эски портловчи снарядлар бор ёки йўқлигини аниқлаш бўйича текширувлар ўтказилиши сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо Грюнхайде расмийлари чоршанба куни «жамоат хавфсизлигига риоя қилмаслик ва тартибни бузиш» баҳонаси билан ўрмонга киришни бутунлай тақиқлаб қўйди.

Экофаоллар Tesla заводини кенгайтириш учун 100 гектардан ортиқ ўрмон майдонидаги дарахтларнинг кесилишига қаршилик билдирмоқда. Феврал ойида улар Берлин атрофида лагер қуриб, дарахтларга чодирлар тиккан. Куни кеча полиция лагерларни бузиб ташлашни бошлади. Фаолларнинг катта қисми ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари пайдо бўлиши билан ўз хоҳишига кўра ўрмонни тарк этган, аммо уларнинг айримлари дарахтлардан тушишни истамаган.

Tesla Грюнхайдедаги заводида электромобиллар ишлаб чиқаришни йилига ярим миллиондан 1 миллионга етказиш ниятида. Аммо ҳозирга қадар 300 минглик кўрсаткичга эришилган холос. Америкалик миллиардер Илон Маскнинг компанияси 2022 йил мартдан бери Грюнхайдеда электромобил ишлаб чиқармоқда, у ерда 12 мингга яқин ходим фаолият юритади.

Экологик ва маҳаллий аҳоли Tesla’нинг режаларидан хавотирда, чунки Грюнхайдедаги завод қисман қўриқхона ҳудудида жойлашган. Компания яна йирик завод биносини қуриб, мавжуд қувватларини оптималлаштириш ниятида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда Tesla заводи қурилишига қаршилар дарахтлардан тушишни хоҳламаяпти