
Фото: Storm Shadow
Украина Россиядаги нишонларга зарба бериш учун биринчи марта Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланди. Бу ҳақда The Guardian ва Bloomberg манбаларига таяниб хабар берди.
Британия бош вазири Кир Стармернинг матбуот котиби бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.
Telegraph нашрининг аниқлик киритишича, Курск областидаги Марйино қишлоғи аҳолиси Storm Shadow ракетаси парчаларини топган. Уларнинг фотосуратлари, хусусан, россияпараст «Два майора» телеграм канали томонидан эълон қилинган.
20 ноябр куни тушдан кейин Курск области губернатори Алексей Смирнов ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг иккита ракетасини уриб туширганини маълум қилди. У ракеталар турига аниқлик киритмади. «Два майора» телеграм канали Украина Қуролли кучлари Курск области йўналиши бўйича 12 тагача Storm Shadow ракеталарини отганини даъво қилмоқда.
20 ноябр куни чоп этилган The Times газетасининг ёзишича, Буюк Британия ҳукуматидаги юқори мартабали манбалар Украинанинг Россияга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига оид АҚШ чекловлари олиб ташланганига «ишора қилган».
Аввалроқ, Россия Мудофаа вазирлиги Украина Американинг узоқ масофали ATACMS ракеталари билан Брянск областидаги ҳарбий объектга зарба йўллагани ҳақида хабар берган эди. Украина томони бу хабарни тасдиқламади, аммо президент Володимир Зеленский ўз Қуролли кучларида бундай ракета борлигини ва ундан фойдаланиши мумкинлигини айтди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар