11:50 / 21.11.2024
26

Зеленский: “Путинни қўлда қурол билан 1991 йил чегарасига қайтаришга етарли кучимиз йўқ”

Зеленский: “Путинни қўлда қурол билан 1991 йил чегарасига қайтаришга етарли кучимиз йўқ”
Фото: Reuters
Украина президенти Владимир Зеленский Қримни қайтариш учун ўн минглаб одамларини қурбон қила олмаслигини маълум қилди. У яриморолни дипломатик йўл билан қайтариш имкониятини айтди. Бу ҳақда сиёсатчи Fox News’га берган интервьюсида гапирди.

Америка телеканали журналисти Украина президентидан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув ёки тинчлик шартномаси доирасида босиб олинган ҳудудларнинг бир қисми Россия назорати остида қолиши мумкинми, деб сўради.

Биз Украинанинг ҳеч бир босиб олинган ҳудудини қонуний жиҳатдан Россияга тегишли деб тан ололмаймиз. Гап 2014 йилдан бери Путиннинг кенг кўламли босқинигача бўлган даврда босиб олинган ҳудудлар ҳақида ҳам бормоқда. Биз буни қонуний жиҳатдан тан олмаймиз ва қабул қилмаймиз. Бошқа томондан, ҳозирча Путинни қўлда қурол билан 1991 йил чегарасига қайтаришга етарли кучимиз йўқлигини тушунамиз”, деди Зеленский.

Журналист Украина президентидан “ушбу урушга чек қўйиш ва Европада қон тўкилишини тўхтатиш учун тинчлик келишуви эвазига Қримдан воз кечишга тайёрми”, деб сўради.

Мен аввал ҳам айтганимдек, биз Қримни дипломатик йўл билан қайтаришга тайёрмиз. Биз Қримни қайтариш учун ўн минглаб одамларимизнинг ҳаётини қурбон қила олмаймиз. Қримни дипломатик йўл билан қайтариш мумкинлигини тушунамиз”, деб жавоб берди Зеленский.

Украина Қримни дипломатик йўл билан қайтаришга тайёрлиги ҳақида Зеленский 2022 йил сентябрида ҳам айтган эди. Шундай бўлиши мумкин. Шубҳасиз, Украинадаги одамлар бу масалани ҳал қилишнинг дипломатик йўлини кўпроқ қўллаб-қувватлайди, деган сиёсатчи. Бошқа муносабатларида у Украина Қуролли кучлари 1991 йил чегараларига чиққанидан сўнг Украина Россия билан музокараларга тайёр бўлишини таъкидлаган эди.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг катта маслаҳатчиси Брайан Ланза эса Украина учун энди Қрим йўқлигини таъкидлаган. У Россия билан музокараларга эришиш учун Қримдан воз кечишга тўғри келишини билдирган.

Россия Қримни 2014 йилнинг мартида, “халқ референдуми”дан кейин аннексия қилганди. Украина ва халқаро ҳамжамият референдум натижаларини тан олмайди. АҚШ ва Евроиттифоқ Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши ортидан Россиянинг бир қатор компаниялари ва амалдорларига нисбатан санкциялар қўллаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский: “Путинни қўлда қурол билан 1991 йил чегарасига қайтаришга етарли кучимиз йўқ”