23:16 / 28.11.2024
3

Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди

Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди
Фото: Getty Images
Австралия Сенати 16 ёшгача бўлган болаларнинг аксарият ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар берди CBS News. Энди ҳужжат мамлакат бош вазири Энтони Албанезе томонидан имзоланиши керак, у азалдан бу қонунни қўллаб-қувватлаб келган.

Янги қонун Австралияни ўсмирлар томонидан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда энг қаттиқ чекловларга эга демократик мамлакатга айлантиради.

Қонунга кўра, TikTok, Facebook, Snapchat, Reddit, X ва Instagram каби йирик ижтимоий тармоқлар 16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг аккаунт яратишига йўл қўймаслиги керак. Ушбу қоидаларга риоя қилмаган компаниялар 50 миллион Австралия доллари (33 миллион АҚШ доллари) миқдоригача жаримага тортилади.

Йирик технология компаниялари, жумладан, Facebook ва Instagram эгаси Meta корпорацияси қонуннинг шошилинч қабул қилинганидан хавотир билдирди. Meta ушбу талабларни амалга ошириш учун барча фойдаланувчилардан шахсий маълумотларни йиғишни талаб қилишини таъкидлади, бу мураккаб ва қиммат жараён бўлади. Бундан ташқари, X эгаси Илон Маскнинг айтишича, янги қонун австралияликлар учун бутун интернетга киришни назорат қилиш усули бўлиши мумкин.

Технологик гигантлар билан бир қаторда Австралиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ва Save the Children фонди каби мустақил ташкилотлар қонун ўсмирлар ҳуқуқларини поймол қилиши мумкинлигидан хавотирда. Улар тақиқлар ўрнига ижтимоий тармоқларнинг платформалар хавфсизлиги учун масъулиятини кучайтириш, шунингдек, рақамли саводхонлик ва хавфсизлик бўйича таълимни мактаб ўқув дастурига киритишни таклиф қилишди.

Бош вазир Энтони Албанезе танқидни рад этиб, қонунда YouTube ва Google Classroom каби таълим ва соғлиқни сақлаш платформаларига кириш учун истиснолар мавжудлигини айтди. Шунингдек, маълумотлар махфийлигининг қатъий ҳимояси таъминланишини таъкидлади. Қарама-қаршиликларга қарамай, қонун лойиҳаси аҳоли орасида кенг қўллаб-қувватланмоқда: YouGov сўровига кўра, австралияликларнинг 77 фоизи 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаш жорий этилишини қўллаб-қувватлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди