
Архив фото: “ТАСС”
Россия президенти Владимир Путин ҳарбий харажатларни рекорд даражага кўтариб, келгуси уч йилга мўлжалланган бюджет режаларини тасдиқлади. Ҳужжат Ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Путин “2025 йил ва 2026-2027 йилларга мўлжалланган федерал бюджет тўғрисида”ги қонунни имзолади. Давлат думаси уни 21 ноябрда қабул қилди, Федерация кенгаши эса 27 ноябрда маъқуллади.
Ҳужжатга кўра, 2025 йилда Россия бюджети даромадлари 40,3 триллион рубль (376 миллиард доллардан зиёд, ЯИМнинг 18,8 фоизи), харажатлари эса 41,47 триллион рубль (387 миллиард доллардан ортиқ, ЯИМнинг 19,3 фоизи) даражасида бўлиши кутилмоқда. Шу тариқа бюджет тақчиллиги 1,17 триллион рублни ташкил этади.
Ҳарбий эҳтиёжлар учун 2025 йилги харажатлар 13,5 триллион рублдан (126 миллиард доллардан ортиқ) иборат. Бу мамлакат умумий бюджетининг қарийб 32,5 фоизига тенг. 2024 йилда миллий мудофаа харажатлари эса 28,3 фоиз бўлган.
Мутахассисларга кўра, бу йўл билан Москванинг урушга ва куч ишлатувчи тузилмаларни таъминлашга сарфлайдиган харажатлари таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий сиёсат ва миллий иқтисодиётга ажратилган маблағларнинг умумий миқдоридан ошиб кетади.
2026-2027 йилларда ҳарбий харажатлар бир оз камаяди: мос равишда 12,8 ва 13,1 триллион рубль бўлади.
“Миллий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш” моддаси бўйича, яъни куч тузилмаларининг фаолиятига йўналтириладиган харажатлар 2025 йилда 3,5 триллион рублни ташкил этади. “Миллий мудофаа” билан биргаликда бу федерал бюджетнинг 41 фоизига тўғри келади.
Украина мудофаа учун қанча маблағ ажратмоқда?
Украина 2025 йил учун давлат бюджетидан мудофаа ва хавфсизлик секторларига рекорд даражадаги 54,2 миллиард доллар (2,23 триллион гривна) ажратди. Шундан 17,96 миллиард доллари (739 миллиард гривна) қурол-яроғ ишлаб чиқариш, харид қилиш ва дронлар учун мўлжалланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар