22:21 / 01.12.2024
53

Сурияда исёнчилар Россия техникасини қўлга киритди ва Идлибни назоратига олди

Сурияда исёнчилар Россия техникасини қўлга киритди ва Идлибни назоратига олди
Фото: Telegram
Суриядаги исёнчилар президент Башар Асад режимига қарши кураш давомида Россия ҳарбий техникаларини қўлга киритди. Улар, шунингдек, Хон-Шайхун шаҳрини эгаллаб, Идлиб вилояти устидан тўлиқ назорат ўрнатди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Исёнчилар Квейрис авиабазаси яқинида жойлаштирилган “Панцир” зенит-ракета комплексини қўлга киритган. Уларнинг ихтиёрида “Ураган” ялпи ўт очиш реактив тизими, Л-39 жанговар ўқув самолёти ва бир нечта ҳарбий машиналар бор. Ушбу қурол-аслаҳаларнинг умумий қиймати бир миллион долларга баҳоланмоқда.

Исёнчилар Ҳалаб ва Идлибда назоратни қўлга олди

Сурия ҳукумат қўшинлари Ҳалаб шаҳрининг асосий ҳудудларидан ўз кучларини “хавфсиз олиб чиқди”. Шаҳарни “Ҳаят таҳрир аш-шом” гуруҳи эгаллади. Маҳаллий ҳокимият Ҳалаб аэропортини бутунлай ёпиб, барча кириш йўлларини тўсиб қўйди. Шаҳарнинг катта қисми исёнчилар назорати остида қолмоқда.

30 ноябрь куни қуролли гуруҳлар Идлиб вилоятидаги 50 дан ортиқ аҳоли пунктини, шу жумладан, Хон-Шайхун шаҳрини ва Мааррет-эн-Нуман туманини ўз назоратига олди.

Хон-Шайхун: Кимёвий ҳужум нишони

Хон-Шайхун шаҳри Асад кучлари томонидан 2017 йил 4 апрелда амалга оширилган кимёвий ҳужумдан кейин бутун дунёга машҳур бўлди. Ушбу ҳужум оқибатида 100 киши ҳалок бўлганди.

2017 йил 7 апрелда АҚШ режимга тегишли Шайрат авиабазасига зарба берди. Кейинчалик, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг қўшма миссияси 2017 йил 27 октябрдаги маърузасида кимёвий ҳужум режим кучлари томонидан амалга оширилганини тасдиқлаганди.

“Конституциявий тартибни тиклаш”

Сурия ҳукумати исёнчиларнинг Ҳалаб шаҳрига бостириб кирганига ҳеч қандай изоҳ бермади. Кремль ҳужумни Сурия суверенитетига тажовуз деб ҳисоблашини ва минтақада конституциявий тартибни тезроқ ўрнатиш тарафдори эканини маълум қилди. Сурия қуролли кучлари Ҳалаб ва Идлиб атрофидаги қишлоқларда дрон ҳамда оғир қуролларни йўқ қилиб, исёнчилар билан тўқнашувга киришганини билдирди. Улар ҳужумни қайтаришга ваъда берди ва исёнчиларни ўз муваффақиятлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айблашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сурияда исёнчилар Россия техникасини қўлга киритди ва Идлибни назоратига олди