20:29 / 03.12.2024
19

Хитойда улкан айланма радиотелескоп қурилиши бошланди

Хитойда улкан айланма радиотелескоп қурилиши бошланди
Фото: AP
Хитой Фанлар академияси (CAS) маълум қилишича, Хитой шимоли-шарқидаги Цзилин провинциясида мутахассислар дунёдаги энг йирик тўлиқ бошқариладиган радиотелескоп қурилишини бошлади.

Унинг диаметри 120 метр бўлиб, олимларга сайёралар ва астероидларни ўрганишда ёрдам беради. Айни пайтда қурилиш ишларининг бир қисми аллақачон якунланган: қозиқли пойдевор тайёр, қурилмани созлаш ва синовдан ўтказиш ишлари 2028 йилгача тугалланади.

CAS маълумотларига кўра, янги радиотелескопнинг ўзига хос хусусияти осмон жисмларига электромагнит тўлқинларни юбориш ва улардан қайтган сигналларни қабул қилиш бўлади. Бу турли сайёралар, юлдузлар орасидаги масофани ва уларнинг Ерга қанчалик яқинлигини аниқроқ белгилаш имконини беради. Хитойлик муҳандис ва олимлар радиотелескоп қурилишини 2024 йилнинг май ойидаёқ бошлаган. Бироқ тўлиқ фойдаланиш режимига ўтиш учун яна камида 4 йил вақт талаб этилади.

Айланадиган қурилма кузатув станциясига космик объектларни кунига 24 соат давомида ва уфқнинг исталган нуқтасида кузатиш имконини беради. Иншоотнинг аҳамиятини баҳолаш қийин, чунки Пуэрто-Рикодаги планетар радар вазифасини бажарувчи 300 метрлик Aresibo радиотелескопи қулагандан сўнг, дунёда бундай қурилмалар жуда кам қолган.

Бугунги кунда дунёдаги энг катта ва яхлит коса шаклидаги бундай қурилма Хитойнинг FAST радиотелескопи ҳисобланади, унинг диаметри 500 метр. Бироқ тузилиши ва табиий чуқурликда жойлашгани сабабли, унинг кузатиш имкониятлари чекланган. Диаметри кичикроқ бўлса-да, янги радиотелескоп FAST’даги камчиликлардан холи бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда улкан айланма радиотелескоп қурилиши бошланди