09:12 / 04.12.2024
34

Кореядаги ҳарбий ҳолат: ҳозиргача нималар маълум?

Кореядаги ҳарбий ҳолат: ҳозиргача нималар маълум?
3 декабр куни оқшомда президент Юн Сок Ёл телевидение орқали халққа мурожаат билан чиқиб, мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. У ушбу қарорини конституциявий тузумни “коммунистик кучлар” ва Шимолий Корея таҳдидидан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади.

Нафақат Шимолий Корея, балки ичкаридаги “давлатга қарши унсурлар”дан ҳам таҳдидлар бор ва уларни йўқ қилиш керак, деди президент ўз мурожаатида. Юн Сок Ёл мухолифатни ҳукуматдаги энг асосий амалдорларга импичмент эълон қилишга уриниш орқали давлат фаолиятини фалажлаб қўйишда айблади. Унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат иш бошлаганидан бери Миллий Ассамблея 22 нафар мансабдор, жумладан бир неча прокурор, ички ишлар вазири ва мудофаа вазирига импичмент эълон қилиш билан таҳдид қилган.

Бу очиқ-ойдин давлатга қарши ҳаракат бўлиб, эркин Корея Республикасининг конституциявий тузумини бузади, Конституция ва қонунлар билан ўрнатилган давлат институтларини йўқ қилади, оқибатда фуқаролар уруши хавфи юзага келади”, – деди Юн Сок Ёл.

Миллий Ассамблеямиз жиноий гуруҳлар уясига айланиб, мамлакатнинг суд-маъмурий тизимини фалаж қилиб қўйишга, қонунчилик диктатураси орқали либерал демократия тизимини ағдаришга уринмоқда”, – деди Корея президенти.

Фото: AP

Фото: Chang W. Lee/The New York Times
Шу тариқа, парламентга қарши айбловлар билан эълон қилинган ҳарбий ҳолат мамлакатнинг сўнгги 44 йиллик тарихидаги биринчиси бўлди. Юн Сок Ёл армия генерали Пан Ан Суни ҳарбий комендант этиб тайинлади ва мамлакатда қатор тақиқлар эълон қилинди. Хусусан, ҳарбий ҳолат вақтида ҳар қандай сиёсий фаолиятни амалга ошириш, сиёсий уюшмалар, митинг ва намойишлар ўтказиш тақиқланди, Миллий Ассамблея, маҳаллий кенгашлар ва сиёсий партиялар фаолияти ман этилди.

Кўп ўтмай пойтахт Сеул кўчаларида ҳарбий техникалар пайдо бўлди, шаҳар осмонида вертолётлар уча бошлади. Мамлакат мудофаа вазирлиги асосий қўмондонлар иштирокида йиғилиш ўтказишини эълон қилди, молия вазири ҳам марказий банк ва бошқа масъуллар иштирокида фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтишини эълон қилди.

Фото: Kim Hong-Ji/Reuters
Бу вақтда полиция парламент биносини ўраб олди. Миллий Ассамблея олдида одамлар тўплана бошлади. Кўп ўтмай йиғилганлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар ҳам содир бўлди.

Президентнинг ҳарбий ҳолат эълон қилишини на мухолифатдаги Демократик партия, ва на президентнинг ўзи ҳам мансуб бўлган ҳукмрон “Халқ қудрати” партияси маъқуллагани йўқ. Мухолифат президентнинг қарорини конституцияга зид деб атади, ҳукмрон партия ҳам бу қарор нотўғрилигини таъкидлаб, уни блоклашга ваъда берди. Парламентдаги сиёсий етакчиларнинг чорлови билан, депутатлар шошилинч равишда етарлича кворумни тўплаган ҳолда сессия ўтказишга муваффақ бўлди.

Халқаро агентликларнинг хабар беришича, Миллий Ассамблеяни ўраб олган хавфсизлик кучлари бинога депутатларнинг киришига тўсқинлик қилмаган. Шу билан бирга, кучишлатар тузилмалар вакиллари парламент биносига ҳам киргани, лекин уларнинг асосий залга киришига депутатлар тўсқинлик қилгани айтилмоқда.

Шу тариқа, бир палатадан иборат Миллий Ассамблеянинг 300 депутатидан 190 нафари фавқулодда сессияга йиғилган ва уларнинг барчаси ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берган. Шундан кейин хавфсизлик кучлари парламент биносини тарк этган, аммо атрофдаги ҳарбий навбатчилик давом эттирилган.

Фото: Kim Hong-Ji/Reuters
Корея президентлик республикаси ҳисобланиши боис, парламентдаги овоз бериш жараёнидан кейин ҳарбий ҳолат бекор қилинадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

Маълумот учун, шу йил баҳорда бўлиб ўтган сайловларда Жанубий Корея Миллий ассамблеясидаги 300 та ўриндан 192 тасини Демократик партия қўлга киритган эди. Президент Юн Сок Ёлнинг “Халқ қудрати” партияси сўзсиз мағлубиятга учраганидан кейин бу партиянинг етакчиси ва мамлакат бош вазири истеъфога чиққан.

Сайловдан кейин президент ва парламент ўртасида ўткир зиддиятлар рўй бера бошлаган. Демократик партия амалдаги президентни кескин танқид қилиб келган, ўз навбатида давлат раҳбари парламентни ижобий ташаббусларга тўсиқ бўлиб келаётганликда айблаган. Шу тахлит, бир неча ой давомида президент ўзига керакли қонунларнинг қабул қилинишига эриша олмасдан, парламент киритган қонунларга вето қўйиб келган. Лекин қонунчиликка кўра, президент давлат бюджети тўғрисидаги қонунга вето қўя олмайди.

Шу ҳафта Демократик партия назоратидаги Миллий Ассамблея ҳукумат ва президентнинг партияси таклиф этган бюджетни кескин қисқартириб ташлади. Бу эса президентнинг ҳарбий ҳолат жорий этиш қарорига келишида сўнгги омил бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, президент Юн Сок Ёл ўтган йили рафиқаси билан боғлиқ коррупцион можаро марказида қолганди. Унинг хотини Ким Кон Хи жамоатчилик олдида Dior бренди остидаги қимматбаҳо сумка билан кўриниш берган, сумкани совға сифатида олганини айтганига қарамай, бу билан турмуш ўртоғининг рейтинги тушишига сабабчи бўлганди, чунки Корея қонунчилигида сиёсатчилар ва уларнинг турмуш ўртоғига қимматбаҳо совғалар олиш тақиқланган. Ўшанда президент рафиқаси учун узр сўрашига тўғри келганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кореядаги ҳарбий ҳолат: ҳозиргача нималар маълум?