date
views 63

Жанубий Корея президентига қарши тергов бошланди

Жанубий Корея президентига қарши тергов бошланди
Фото: Reuters
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилгани ортидан, полиция уни исёнда гумон қилиб, тергов бошлади. Бу ҳақда AFP хабар берди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили агентлик билан суҳбатда амалдаги давлат раҳбарига нисбатан тергов бошланганини тасдиқлади.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 3 декабрь куни кечқурун мамлакатда фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилди. У 45 йил ичида мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилган биринчи давлат раҳбари бўлди. Парламент ва сиёсий партияларнинг фаолияти тақиқланди. Давлат раҳбари бу қарорни “конституциявий тартибни ҳимоя қилиш ва мамлакат ичидаги Шимолий Корея тарафдорларини йўқ қилиш” зарурати билан изоҳлади.

Ҳукумат ҳаракатларидан норози бўлиб, парламент биноси олдида намойишчилар тўпланди. Полиция парламентга киришни тўсиб қўйди ва шаҳар кўчаларида ҳарбий техника пайдо бўлди.

Фото: Reuters
Бир неча соатдан сўнг 300 депутатдан 190 нафари парламентга киришга муваффақ бўлди ва ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди. Мухолифат етакчиси Ли Же Мен президент қарорини “конституцияга зид” деб атади ва уни “халққа қарши” қадам сифатида қоралади. Кечроқ Жанубий Корея президенти мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолатни бекор қилишга рози бўлди.

Мудофаа вазири истеъфога чиқди

4 декабрь куни мудофа вазири Ким Ёнг Ҳьюн ҳарбий ҳолат жорий этилиши муносабати билан истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилди. У юзага келган барча тартибсизликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, истеъфога чиқди. Бунга мухолифатдаги етакчи “Тобуро” демократик партияси мудофаа вазирига импичмент эълон қилгани туртки бўлди.

Фото: Yonhap
Президентга қарши импичмент

Жанубий Корея мухолифати президентга қарши импичмент лойиҳасини ҳам парламентга тақдим этди. Овоз бериш лойиҳа мажлисда кўриб чиқилганидан кейин 24-72 соат ичида ўтказилиши керак. Импичмент лойиҳасини киритишни олтита мухолифат партиясидан 191 нафар депутат қўллаб-қувватлади. Парламентда жами 300 нафар қонун чиқарувчи бор, 108 ўринни президентнинг “Фуқаролик кучи” партияси эгаллаб турибди. Импичмент эълон қилиш учун 200 овоз керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жанубий Корея президентига қарши тергов бошланди