
Сурия президенти Башар Асад ва унинг оиласига Россияда бошпана тақдим этиш қарорини Владимир Путин қабул қилди. Бу ҳақда РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Шу орқали у 8 декабр куни Сурияда ўз режими қулаган Асад Москвага учиб кетганини тасдиқлади. Песков Башар Асад ҳозир қаерда экани тўғрисида журналистларга маълумот бера олмаслигини ва Путиннинг расмий жадвалида у билан учрашув кўзда тутилмаганини билдирди.
Шунингдек, у Кремлнинг Асадга Россиядан бошпана берилгани бўйича расмий баёнот билан чиқиши «мутлақо кераксиз» эканини таъкидлади. «Биз бунга мажбур эмасмиз», — дейди у.
Суриядаги вазият ҳақида гапирар экан Песков у ерда содир бўлган воқеа «бутун дунёни ҳайратга солгани» ва Кремл ҳам «мазкур ҳолатда истисно эмаслигини» айтди. Путиннинг матбуот котиби фикрича, Сурияни «беқарорлик билан боғлиқ мураккаб давр» кутмоқда, аммо Кремл минтақадаги барча давлатлар билан бу масалада диалогни қўллаб-қувватлаб туради.
8 декабр куни ТАСС давлат ахборот агентлиги Кремлдаги манбасига таяниб, Башар Асад оиласи билан бирга Россияга учиб келгани тўғрисида хабар берганди. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Россия ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан Сурия собиқ президенти ва унинг оиласига бошпана тақдим этган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар