12:19 / 10.12.2024
37

Сурия шимолида курдлар билан жанг олиб бораётган Туркия қандай мақсадни кўзламоқда?

Сурия шимолида курдлар билан жанг олиб бораётган Туркия қандай мақсадни кўзламоқда?
Фото: Getty Images
Reuters агентлиги Анқарадаги манбасига асосланиб суриялик исёнчилар Туркия кўмагида 9 декабрга келиб Манбиж шаҳрини назорат остига олгани ҳақида хабар берди.

8 декабр куни кечқурун ҳолатига курдлар лашкари вакили Манбиж қўлдан кетгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) Анқара ёрдамидан фойдаланаётган гуруҳ 8 декабр куни шаҳардаги бир неча квартални эгаллагани ҳақида хабар берганди.

SOHR маълумотига кўра, шаҳар учун жанг чоғида 26 киши ҳалок бўлган, яна 40 киши яраланган.

Туркия курд лашкарини террорчи ташкилот деб ҳисоблайди ва шунинг учун унга қарши курашувчи кучларни қўллайди — улардан асосийси «Сурия миллий армияси» гуруҳидир. Курдлар Сурия шимолида мустақил давлатини тузишга ҳаракат қилиб келади ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланади, улар ўз вақтида ИШИДга қарши курашда Вашингтоннинг минтақадаги асосий ҳамкори бўлганди.

АҚШ учун курдлар — тактик иттифоқчилар

Якшанба куни, Башар Асад режими қулаганидан кейин, Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер ҳамда унинг америкалик ҳамкасби Ллойд Остин ўртасида телефон мулоқоти ўтказилган.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, икки мамлакат мудофаа вазирлари «Суриядаги воқеаларни муҳокама қилишган». Остин «АҚШ Суриядаги турли мухолифат гуруҳларининг баёнотлари ва ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораётгани»ни қайд этган.

Остин ва Гулер Сурияда зўравонлик авж олишининг олдини олиш, шунингдек, АҚШ кучлари ва унинг иттифоқчиларининг ушбу мамлакатда бўлиб туриши хавфсизлиги учун ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлашган.

Вашингтондагилар Туркиянинг мамлакат хавфсизлиги бўйича хавотирларини яхши тушунишларини билдиришган.

Туркия ва АҚШ — НАТО аъзоси сифатида бир-бирини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган иттифоқчилардир. Дам олиш кунларида Башар Асад режими қулаши Вашингтонда ҳам, Анқарада ҳам яхши қабул қилинди. Аммо АҚШ ва Туркиянинг Сурия шимолидаги курдлар масаласидаги манфаатлари бир-биридан фарқланади.

Курдлар ИШИДга қарши курашда АҚШнинг тактик иттифоқчилари бўлганди. 2016 йилда курд тузилмалари Манбижни ИШИДдан қайтариб олган. Курдлар АҚШ билан ҳамкорлик қилган, можаронинг олдинги йилларида ушбу шаҳарни биргаликда ҳимоя қилиб, патруллик қилган. АҚШ курдларни қўллаб-қувватлаш учун Сурияга 900 нафар ҳарбий юборган.

Ҳозирда курдлар Сурия шимоли-шарқида каттагина ҳудудни назорат қилмоқда. Илгари америкалик ҳарбийлар Туркия билан ҳам биргаликда Манбиж шаҳри атрофида навбатчилик қилганди. Аммо дам олиш кунлари Туркия курдларнинг позицияларига зарбалар йўллаганида Манбиж атрофида америкалик ҳарбийлар бўлгани ёки йўқлиги ҳозирча аниқ эмас.

Туркия учун курдлар — таҳдид

Туркия ўз чегаралари яқинида курдлар лашкари туришини таҳдид сифатида кўради. Анқара ўнлаб йиллар мобайнида ўз давлатини тузишни истайдиган курд айирмачилар билан курашиб келмоқда.

Туркия Суриядаги бир неча исёнчи гуруҳларни, жумладан, дам олиш кунларида Дамашққа кириб келган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни қўллаб-қувватламоқда.

Анқара «Сурия миллий армияси»га ҳам ёрдам беради — бу гуруҳ ёлланма жангчилардан тортиб жиноятчиларгача бўлган турли кучлардан таркиб топган. Анқара буни курд жангариларидан ҳимояланиш учун Сурия билан чегара бўйлаб буфер зона ташкил этиш зарурати сифатида изоҳлайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сурия шимолида курдлар билан жанг олиб бораётган Туркия қандай мақсадни кўзламоқда?