20:44 / 16.12.2024
15

Россия ҳарбий қўшини Покровск шаҳри чеккаларига ёриб кирди. Шаҳар дош бера оладими?

Россия ҳарбий қўшини Покровск шаҳри чеккаларига ёриб кирди. Шаҳар дош бера оладими?
Фото: Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Россия қўшини 2024 йил феврал ойи охирида Авдийивка эгалланганидан кейин Покровск томон юришни бошлаган ва қарийб 10 ойдан буён деярли танаффуссиз давом эттирмоқда.

Бу вақт мобайнида улар Украина ҳудудида 50 километр масофага ичкарилади ва Донецк областида Киев назоратида қолган сўнгги йирик саноат марказига яқинлашиб келди.

Украина қўмондонлиги август ойида захира кучлар олиб келиш ҳисобига рақиб юришини тўхтатишга муваффақ бўлганди.

Аммо қўшни Селидове шаҳри қисқа муддатда эгалланганидан кейин, ноябр-декабр ойларида Россия армияси ҳаракати яна тезлашди. Ҳозирда руслар Покровск таъминотида логистика занжирини узиб қўйишга ва ушбу аҳоли яшаш манзилини эгаллаш бўйича амалиётни бошлашга яқин.

Таҳлилчилар Покровск Россия армияси томонидан эгалланиши Украина иқтисодиётига оғир зарба бўлишидан огоҳлантирмоқда. Бу мамлакатда қолган сўнгги йирик кўмир қазиб олиш ва пўлат ишлаб чиқариш марказидир.

Хавфли ёриб кириш

Селидове октябр ойи охирида эгаллаб олинганди. Украин бўлинмалари қуршовга тушиб қолмаслик учун шаҳарни ташлаб чиқишган. Аммо Украина қуролли кучлари шаҳар атрофида янги мудофаа чизиғини ташкил эта олмади ва Россия армияси ғарб томон юришини давом эттириб, Покровскни жанубдан айланиб ўтиш ва шаҳарни барча логистик йўналишлардан узиб қўйиш ҳаракатини бошлади.

Россия армияси асосан Солона дарёси ва темирйўл линияси бўйлаб ҳаракатланди. Бир ярим ой ичида россияликлар 11 км масофага илгарилади ҳамда ўз йўлидан чиққан Вишневе, Григоревка, Петровка, Желтое ва Новопустинка каби қишлоқларни назоратига олди.

Украина қуролли кучларининг Новотроицкое ва Шевченко қишлоқлари оралиғидаги тепаликларда ўрнатган кучли истеҳкоми рақиб янада ғарбга юришига йўл қўймаслик мақсадини кўзда тутган эди.

Ҳарбий шарҳловчи ва «Цензор.нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов айтишича, бу участкадаги фортификация ақл билан барпо этилган: позиция тўғри танланган, мудофаа полосалари тайёрланган, истеҳкомнинг ўзи тармоқланган ҳамда дронлар ва артиллерия ҳужумидан яхши ҳимояланган.

Фото: Diego Herrera Carcedo/Anadolu
Аммо, унинг сўзларига кўра, фронтнинг мазкур участкасидаги қўшиннинг жанговар самарадорлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли Россия армияси украинларнинг позицияларини тезлик билан ва амалда қаршиликка учрамасдан эгаллаб олди. Бутусов бунга қўмондонликнинг нотўғри ҳисоб-китоблари сабаб бўлган деб ҳисоблайди.

«Душман уни (Украина қуролли кучларининг мустаҳкамланган ҳудудини) жангсиз эгаллади, ҳарбий қўмондонлик у ерга бирор одам юборишидан олдинроқ кириб келди», — дейди Бутусов.

Унинг фикрича, вазият «ўта оғир ва текширув ўтказишни талаб қилади».

Ҳозирда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги россияликларни тўхтатиш учун Новотроицкое ва Шевченкога қўшимча захиралар юборган.

Мазкур ҳудудга жавобгар бўлган «Хортица» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи вакили Назар Волошин айтишича, украин армияси Покровск атрофида бой берилган позицияларни қайтариб олишга уринмоқда, хусусан, Шевченко қишлоғи ёнидаги Возрождение аҳоли яшаш пунктини ҳам (аввалги номи — Новий Труд).

«Душман Покровск йўналишида, Возрождениедан ғарбда ва Новотроицкоедан жанубда бизнинг истеҳкомларга ҳужум қилди, узоқ давом этган тўқнашувлар натижасида иккита позициямиз йўқ қилинди, бири бой берилди», — деган Волошин телемарафон эфирида.

Ушбу истеҳком эгалланадиган бўлса, Россия қўшини қўшни Песчаное посёлкасига ўтиши ва Тарас Шевченко номидаги кон терриконида ўрнашиши мумкин. Бу тепалик Покровскнинг муҳим логистик артерияси — етти километр шимолдан ўтган, Павлоград ва Днипрога борувчи трасса устидан назорат ўрнатиш имконини беради.

Покровск тақдири нима бўлади?

Россиянинг разведкачи диверсия гуруҳлари аллақачон Покровскка «суқулиб кириш»га ҳаракат қилмоқда, деган BBC Украина хизматига DeepState лойиҳаси ҳаммуассиси Роман Погорелий.

«Душманни Шевченко қишлоғидан анча берида учратишган. У Покровск томон ҳаракатланишда давом этмоқда. Мен ҳозирнинг ўзида шаҳарга кенг кўламли юриш бошланади демайман, аммо Россия армияси украин мудофаасини „пайпаслаб“ кўриш учун разведка ва беқарорлаштирувчи ҳаракатларини амалга оширади», — деб ҳисоблайди OSINT-таҳлилчи.

Шунингдек, Погорелий россиялик ҳарбийлар бу йўналишга тажрибали зарбдор дрон операторлари бўлинмасини ташлаганига эътибор қаратган. Бу уларга Покровск атрофидаги темирйўл ва автомобил транспортларига ҳужум қилиш имконини беради.

Таҳлилчилар Покровск Россия армияси қўлига ўтиши Украина иқтисодиёти учун оғир зарба бўлишидан огоҳлантирмоқда
«Бу россияликларнинг сўнгги вақтлардаги асосий тактикаси — логистик йўлларни тўсиб қўйиш. Вуҳледар, Селидове атрофида шундай бўлганди, ҳозир Курахово, Велика Новосилка ва Покровск атрофида ҳам шундай бўлмоқда, — дейди у. — Нормал логистика йўқлиги йўқотишлар ортишига ва мудофаа заифлашишига олиб келади».

Украиналик тарихчи ва ҳарбий таҳлилчи Михайло Жирохов ўз манбасига таяниб, Покровск-Павлоград-Днипро трассасидан энди ҳарбий таъминот учун фойдаланиб бўлмаслигини айтган. Украина қуролли кучларига бошқа йўлларни излаш тавсия этилган.

«Днипрога борувчи йўлдан фойдаланилмаяпти. У аллақачон FPV-дронлар етиб борадиган ҳудудга айланган. Қўшинларга ундан фойдаланмаслик бўйича буйруқ келган» — деган Жирохов BBC’га.

Бундан ташқари, ундаги маълумотга кўра, украин бўлинмаларини, биринчи навбатда артиллерия қисмларини шаҳардан ташқари олиб чиқиш бошланган.

Таҳлилчининг ҳисоблашича, логистика билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашадиган тақдирда, Украина қуролли кучлари тўлиғича шаҳарни тарк этади. «Бахмут гўштқиймалагичи» яъни шаҳардаги ҳар бир кўча учун оғир жанглар олиб борилиши кутилмайди, дейди у.

Павлоградга борувчи трасса тўсиб қўйиладиган тақдирда, чекиниш учун нисбатан хавфсиз бўлган ягона йўл қолади — шимолдаги Доброполе посёлкасига олиб борувчи дала йўли.

Россиялик ҳарбийлар украин армияси логистикасини узиб қўйишни ният қилгани ҳақида 59-мотопиёдалар бригадаси таркибига кирувчи ва Покровск йўналишида жанг қилаётган «Да Винчи бўрилари» баталёни командири Сергей Филимонов ҳам гапирган.

«Ҳозирда мен душман Покровскка рўпарадан ҳужум қилишига зарурат кўрмаяпман. Ўйлайманки, у Покровск ва Павлоград ўртасидаги трасса томон чиқишга уринади ва буни ҳам Донецк области, ҳам Днипропетровск области орқали амалга ошириши мумкин», — деганди у декабр ойи бошида «1+1» телеканалига берган интервюсида.

«Аммо умуман олганда, душманда Покровскни эгаллаш имконияти мавжуд. Имконият катта», — деб ҳисоблайди Филимонов.

Бошқа фронтларда нималар бўлмоқда?

Россия ҳозирда асосий саъй-ҳаракатлари, кучлари ва воситаларини учта қўшни йўналишга қаратган: Покровск, Курахово ва Времевка. Бу ҳудудларда жанг қилаётган гуруҳ миқдори, ҳарбий экспертларга кўра, 150 минг кишигача етади.

Сўнгги ҳафтада Россия армияси Курахово шаҳри чеккаларига етиб борган, аммо украин ҳарбийлари ҳозирча уларнинг шаҳар ғарбидаги Донецк-Запорижжя трассасига чиқишга бўлган барча уринишларини тўхтатмоқда.

Россия бу йўналишда муваффақиятга эришган тақдирда нафақат фавқулодда муҳим логистик қонтомирни тўсиб қўйиши, балки Украина қуролли кучларининг катта гуруҳини қуршовга олиши мумкин.

Шу билан бирга, россияликларнинг шимолий қаноти аллақачон трассадан 2-3 км масофада, Дачное посёлкаси атрофига келган, жанубда Сухие Яли дарёси бўйлаб ҳаракатланаётган бўлинмалар эса йўлга етиб келишига 5 км масофа қолган. Украина қуролли кучлари учун бу ердаги энг мураккаб вазият Романовка, Анновка ва Успеновка қишлоқларида юзага келган.

Курахово ва қўшни аҳоли яшаш пунктлари ҳарбий ҳаракатлар оқибатида буткул вайрон бўлган
Украиналик жангчилар Кураховодан 8 км масофадаги бу «карман» ҳудудни узоқ вақтдан буён ушлаб турган ва россияликларга шаҳарга жанубдан яқинлашиб келиш имкониятини бермаётганди. Аммо DeepState таҳлилчилари 12 декабр куни кечқурун берган маълумотларга кўра, Россия кучлари шиддат билан Успеновкага яқинлашган, онлайн-харитада украинларнинг бу ҳудуддаги позицияси қуршов хавфи остида қолгани акс этган.

Украина қуролли кучлари бўлинмаси бу хавфли участкадан олиб кетилгани ёки тўсилиб қолгани тўғрисида маълумот йўқ.

Донбасс жанубидаги вазият ноқулай тарзда ривожланаётганига қарамай, украин қўшини бу ерда, айниқса фронтнинг нисбатан таҳдидли участкаларида қарши ҳужумлар уюштириш учун имкон топмоқда.

Хусусан, декабр ойи бошида Украина қуролли кучлари Новий Комар қишлоғини қайтариб олишга муваффақ бўлган ва Велика Новосилка посёлкасидаги муҳим истеҳком қуршовга олинишига йўл қўймаган, 11 декабр куни эса украин ҳарбийлари россияликлардан Константинополскени қайтариб олди, бу юқорида эслаб ўтилган, Успеновка қишлоғи яқинидаги «карман» ҳудудга ёнма-ён жойлашган.

«Ахборий қаршилик» гуруҳи координатори, захирадаги полковник Константин Машовец сўнгги вақтларда россияликларнинг фронтнинг мазкур участкасидаги катта юриши алоҳида қисмларга бўлиниб кетгани ва секинлашиб қолганига эътибор қаратган.

Россия армияси ҳали ҳам айрим участкаларда ютуқларга эришмоқда, аммо бу ютуқларнинг оператив-тактик «самарадорлиги» энди «анча мунозарали» кўринмоқда, деб ҳисоблайди Машовец.

«Буларнинг барчаси жуда секин, катта миқдордаги йўқотишлар эвазига амалга ошмоқда. Рақиб баъзида тезлашиб эмакламоқда. Бир ой олдин бундай илгарилаш тизимли ҳолатда, тушунарли, қандайдир оператив-тактик мантиққа мос келарди, рақибда қандайдир режа борлиги яққол кўриниб турарди. Аммо ҳозир мен бундай дея олмайман», — дея хулоса қилади эксперт.

Бундан ташқари, унинг фикрича, Украина қуролли кучларининг Времевка ва Курахово йўналишларидаги илғор бўлинмалари қаршилик даражаси аста-секинлик билан ортиб бормоқда. Аммо бу ҳозирча Россия армиясини тўлиқ тўхтатишга имкон бермайди, дея тан олади эксперт.

Покровск Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ҳарбий қўшини Покровск шаҳри чеккаларига ёриб кирди. Шаҳар дош бера оладими?