22:29 / 17.12.2024
32

Франция 12 йилдан сўнг Сурия билан дипломатик алоқаларни тиклайди

Франция 12 йилдан сўнг Сурия билан дипломатик алоқаларни тиклайди
Фото: AFP
Франция Ташқи ишлар вазирлиги 2012 йилда дипломатик муносабатлар узилганидан кейин илк марта Сурияга тўртта дипломат юборишга қарор қилди. 17 декабрь куни эрталаб дипломатик миссия Суриянинг янги ҳукумати билан “дастлабки алоқаларни ўрнатиш” учун Франция элчихонаси жойлашган Дамашққа етиб келди.

Элчихонага келган дипломатлар ҳақида AFP мухбири хабар берди. Франция ТИВ раҳбари Жан-Ноэл Барро дипломатик алоқалардан мақсад Франциянинг Суриядаги “таъсирини қайтариш” ва “аҳолининг гуманитар эҳтиёжларини баҳолаш” эканлигини айтди. Ҳозирда Буюк Британия ва Германия ҳам янги ҳукуматлар билан муносабатларни нормаллаштиришни муҳокама қилмоқда.

Франция Сурия билан дипломатик муносабатларни 2012 йилда — мамлакатда фуқаролар уруши бошланганидан бир йил ўтиб узган, шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан Дамашқ элчихонасини ёпган эди. Шу билан бирга, Сурияда юзлаб француз фуқаролари бўлган ва ҳозир ҳам қолмоқда. Улар билан боғлиқ масалалар Руминия элчихонаси ва Франциянинг Байрутдаги дипломатик ваколатхонаси орқали ҳал қилинган.

Франция президенти Эммануэл Макрон Сурия президенти Башар Асад истеъфосини “варварлар давлатининг қулаши” дея изоҳлаганди. Франция ТИВ, агар Сурия жамиятининг барча вакиллари манфаатлари ҳисобга олинса, “сиёсий ўтиш”да Сурия мухолифатига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Суриядаги вазият

Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.

Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган.

Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.

10 декабрь куни Идлиб шаҳрида қўзғолончиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидениэ мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Франция 12 йилдан сўнг Сурия билан дипломатик алоқаларни тиклайди