23:08 / 24.12.2024
30

Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда

Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
Фото: EPA
Шимолий Кореядан келган ҳарбий хизматчилар иштироки Россия қуролли кучларининг Курск областидаги юришига янги импулс берди. Энди улар Украина қуролли кучларининг Россиянинг мазкур регионидаги асосий истеҳкомларига жуда яқинлашиб келишди. Қуйида BBC Украина хизмати мухбири Олег Чернишнинг репортажи таржимаси келтирилади.

РФ армияси Курск областидаги қарши ҳужумини уч ой муқаддам, сентябр ойи ўрталарида бошлаганди. Ўша маҳалда Украина Россиянинг 1 минг км кв ҳудудини назорат қилаётган, Суджа райони марказида ўз комендатурасини ўрнатган ва мудофаа чизиқларини мустаҳкамлаб олганди.

Россия ўз юришининг биринчи тўлқинида украинлар плацдармининг чап қанотида, Коренево ва Глушково шаҳарлари атрофида олдинга силжишга эришди, аммо Украина қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлинмади. Октябр ва ноябр ойларида давом этган иккинчи тўлқин ҳам Кремлга жиддий муваффақиятлар олиб келмади.

Украин армияси чап қанотда Снагост дарёси, ўнг қанотда Псел дарёси бўйлаб мудофаа чизиғини қурди ва уларни ушлаб турибди.

Айнан мазкур марраларда украин ҳарбийлари узоқ вақт давомида россияликларнинг ёппасига амалга оширган кучли ҳужумларини қайтармоқда. Украина қуролли кучлари BBC билан суҳбатда Россия ҳудудини камида январ ойи охиригача, яъни Американинг янги президенти Доналд Трамп лавозимига киришгунига қадар ушлаб туриш бўйича топшириқ олган.

Аммо декабр ойи бошида Курск областидаги ҳарбий ҳаракатларда РФ томонидан шимолий кореяликлар қўшини фаол ҳаракатлана бошлагани маълум бўлди, бу вазиятни Москва фойдасига ўзгартириши кўзда тутилган.

КХДР қўшини қандай ҳаракатланмоқда?

ОАВ ва ҳарбий таҳлилчилар маълумотига кўра, декабр ўрталарида Россия қўмондонлиги фаоллик билан КХДР аскарларини жангга ташлай бошлаган. Украина Бош штаби маълумотлари ҳам буни билвосита тасдиқлайди.

Ноябр ойи охирида штабнинг ҳар кунги ҳисоботида фронтнинг мазкур участкасида 20 га яқин тўқнашув қайд этилган бўлса, 15 декабрга келиб бу рақам икки бараварга ортган. Кейинги ҳафта давомида эса бу миқдор тахминан шу даражада қолган ва фақат 22 декабрга келиб пасайиб, кунига 27 та тўқнашувгача тушган.

Бу, катта эҳтимол билан, қўшин катта йўқотишларга учрагани ҳамда куч ва ресурсларни тиклаш зарурати юзага келгани билан боғлиқ.

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси маълумотига кўра, шимолий кореялик аскарлар 14 декабрдан РФ денгиз пиёдалари ҳамда ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари таркибида Курск областидаги штурм ҳаракатларига жалб этила бошланган.

Бу вақт ичида уларнинг жанг майдонида олдинга юришига, шунингдек яралангани ва ҳалок бўлганига оид бир неча фото ва видеогувоҳликлар пайдо бўлди. Украина расмийлари эса Россия қўмондонлиги шимолий кореялик ҳарбийларга РФ паспортларини бергани ва уларнинг жангдаги иштироки фактини маскимал даражада яширишга уринаётганини айтишмоқда.

Катта эҳтимол билан КХДРдан келган аскар Курск областидаги жанг майдонида. Фото Володимир Зеленскийнинг телеграмидан
Жанубий Корея разведкаси КХДРнинг Курск областида сўнгги бир ҳафта давомида кечган фаол ҳарбий ҳаракатлардаги йўқотишларини 1,1 минг кишига баҳолаган, бу эса РФ ҳудудига келган ҳарбийларнинг 10 фоизини ташкил этади. Жанубий Корея ҳукумати Пхенян Москвадаги иттифоқчиларига янада кўпроқ аскар ва қуроллар тақдим этишни режалаштирганини хабар қилган.

Украина президенти Володимир Зеленский эса 23 декабр куни кечқурунги видеомурожаатида КХДРнинг йўқотишлари аллақачон 3 минг кишини ташкил этаётганини маълум қилган. У шунингдек Шимолий Кореядан Россия армияси учун қўшимча аскарлар ва ҳарбий техникалар юборилиши эҳтимоли ҳақида гапирган.

Украина ҚК Махсус амалиёт кучлари қўмондонлиги Курск областида КХДРдан келган аскарга зарба берилиши видеоёзувини намойиш этган. Унда улар очиқ майдон бўйлаб ҳимоясиз ҳаракатланаётгани ва дронлар ҳужумидан қандай ҳимояланишни билмаётгани кўринган
Шимолий кореяликларнинг бу қадар кўп йўқотишлари улар жанг майдонида қўллаётган тактика билан боғлиқ бўлиши ммкин.

Украин ҳарбий бўлинмалари эълон қилган видеоёзувларда КХДР ҳарбийлари тезлик билан ҳужумга ўтаётгани, аммо очиқ майдон бўйлаб бир саф бўлиб, зирҳли техникалар ёрдамисиз ва амалда ҳеч қандай ҳимоясиз ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Улар украин позицияларига етиб олишга уринмоқда, аммо артиллерия ва дронлар орқали ўққа тутилмоқда.

Шунга қарамай, бундай «серхаражат» тактика Россияга Курск областидаги жанг майдонида маълум тактик ютуқларга эришишга имкон бермоқда.

Фронтда нималар бўлмоқда: икки томондан босим

Аммо аввалига Украина томони 50-60 минг ҳарбий деб баҳолаган Россия-Корея гуруҳи қайси асосий йўналишлар бўйлаб ҳужум қилаётганини тушуниб олиш керак.

Уларнинг асосий мақсади — Украина қуролли кучлари плацдарми учун асосий логистик қонтомир ҳисобланган Суми-Суджа трассасига чиқишдир. Россия қўшини унга жануби-шарқий йўналишдан ҳаракатланмоқда, бу йўлда декабр бошида улар трассадан 13 км масофада, Псел дарёси шарқий соҳили томонда жойлашган Плехово қишлоғини эгаллаб олганди.

Мазкур аҳоли яшаш пункти назоратга олингач, россияликлар ва КХДР қўшини қаршисидан сув тўсиғини кечиб ўтиш вазифаси чиқди. Украинларнинг DeepState таҳлил маркази онлайн-харитасига кўра, улар ҳозирга келиб бунга муваффақ бўлган ва Псел дарёси ғарбий соҳилидаги Куриловка ва Махновка қишлоқлари атрофида ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган.

Бундай «ёриб ўтиш» ҳақида россияликларнинг ресурсларида ҳам ёзилган. Масалан, Россиядаги Readovka ҳарбийлашган нашри РФ армияси яқин вақтлар ичида Суджа чеккаларидаги Гончаровка ва Рубаншчина посёлкаларига чиқишни режалаштираётгани ҳақида ёзган.

Россия ва КХДР қўшинлари бунга параллел равишда украинларга қарама-қарши чап қанотдан ҳам босим ўтказмоқда. Бу томонда уларнинг асосий мақсади — Украина қуролли кучларининг Малая Локня посёлкасидаги муҳим истеҳкомига етиб келишдир. Декабр ойи ўрталарида улар Малая Локнядан 2-3 км масофада жойлашган Кругленкое посёлкасига кириб келди. Бу ерда ҳозирда оғир жанглар бўлиб ўтмоқда.

Агар Украина бу истеҳкомини бой берадиган бўлса, унда ўз қўшинини Курск плацдармининг шимолий қисмидан, хусусан, Погребки, Русское Поречное ва Черкасское Поречное қишлоқларидан олиб кетишига тўғри келади.

Россия юришининг яна бир йўналиши — Украина чегараси бўйлаб шимолдан жанубга қараб давом этмоқда. РФ мудофаа вазирлиги 11 декабр куни бу ҳудудда Дарино қишлоғи назоратга олингани ҳақида хабар берганди.

Бу шуни англатадики, россияликлар Снагост дарёсини кечиб ўтишга ва украин мудофаасига суқулиб киришга муваффақ бўлган. Уларнинг кейинги нишони Суми-Суджа трассасидан 10 км масофадаги Свердликово қишлоғи бўлиши мумкин.

Логистика узиб қўйиладиган бўлса, Украина қуролли кучлари қўшни давлат ҳудудидаги плацдармни ушлаб туришининг имкони бўлмай қолади.

Украиналик аскар Суджа марказида. Россиянинг бу шаҳри Украина қуролли кучларининг Курск областидаги плацдарми маркази бўлиб қолмоқда. Фото: EPA
Курск областидаги юришларнинг учта тўлқини Россияга августда эгаллаб олинган ҳудудларнинг тенг ярмини қайтариб олиш имконини берди, аммо муҳим йўналишларда Украина мудофаасини қулата олмади.

Буни Украина қуролли кучлари бу ерга энг кучли бўлинмалари, хусусан, десант-штурмчи бўлинмаларини жойлаштиргани, шунингдек, миналаштирилган ҳудудлардан иборат етарлича самарали тўсиқларни барпо эта олгани билан изоҳлаш мумкин.

Бу россияликлар шахсий таркиб ва техникаларда жиддий йўқотишларга учрашига ҳамда юриш секинлашишига сабаб бўлди. Қолаверса, украинлар ғарбнинг узоқ масофали ракета тизимлари орқали душманнинг Курск областидаги логистик марказлари ва дислокация пунктларига самарали зарбалар беришга муваффақ бўлди.

Австралиялик ҳарбий эксперт ва истеъфодаги генерал Мик Райан қайд этишича, ўтган ҳафтадаги шиддатли жангларга қарамай, россияликларнинг ютуқлари «минимал миқдордаги ҳудудларни қайтариб олиш» билан чекланган.

Украина қуролли кучлари РФ ва КХДР қўшинларини қачонгача тўхтатиб тура олади? BBC’нинг Украина ҳарбий раҳбариятидаги суҳбатдоши улар Курск областида яна бир ой туриб беришига ишонч билдирган.

Фронтдаги вазият, Россия ва КХДР қўшинлари, Курск области, Янги тўлқин

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда