14:44 / 27.12.2024
0

Россиялик губернатор: ўзбекистонлик мигрантлар аллақачон Россиядан бошқа томонга қарамоқда

Россиялик губернатор: ўзбекистонлик мигрантлар аллақачон Россиядан бошқа томонга қарамоқда
Фото: voronezhnews
Россияга ишлаш учун бориши мумкин бўлган Ўзбекистон аҳолиси ҳозирданоқ «биз томонга унчалик ҳам интилмаяпти», деди Воронеж области губернатори Александр Гусев йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат расмийлари Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишлашга жалб қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиши керак.

«Агар биз Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлашга жалб қилиш борасида ҳамкорлик қилмасак, уларни йўқотамиз. Улар аллақачон бошқа томонга қарамоқда», деди губернатор.

Россияга мигрантлар керак, аммо уларни «уюшган ҳолда ёллаш» зарур, деб ҳисоблайди минтақа раҳбари. «Агар нафақат ишлашга қодир бўлган, балки бизнинг ҳаёт тарзимизни қабул қилишга ва тил ўрганишга тайёр одамларни танласак кўп нарса ҳал бўлади. Агар оилавий бўлиб келсалар, фарзандларига тил ўргатадилар, шунга яраша қонунларимизга ҳам амал қиладилар», деди Гусев.

Воронеж области губернатори сўзларига кўра, Россияга келишни истаган ҳар бир кишининг мамлакатга киришига рухсат беравериш шарт эмас. Шу билан бирга, агар йўл «зич панжара» билан ёпилса, мигрантлар барибир келаверади, аммо уларнинг баъзилари мамлакатга керак бўлмайди.

«Яъни, мутлақо малакасиз одамлар хуфёна кириб олади. Улар қандайдир иккинчи даражали ишларда меҳнат қилади. Бу энг ёмон вариант бўлади. Шаффоф жараёнлардан ўтган маъқул - биз кимни олиб келмоқчи эканимизни, улар қаерда ишлашини тушунишимиз лозим. Шунда улар бу ерда назоратсиз қолмайди», деб хулоса қилди Гусев.

Россияда миграция сиёсатининг кескинлашуви шу йил баҳорда, «Крокус Сити Холл» концерт залида уюштирилган терактдан сўнг бошланди. Бу терактни амалга оширганликда Тожикистон фуқаролари айбланмоқда. Терактдан кейин ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, меҳнат мигрантлари ишлайдиган соҳалар сони қисқартирилди ва мигрантлар фаолиятини чекловчи бошқа кўплаб қонунлар қабул қилинди. Шундан сўнг, Россия ИИВ мамлакатдан чиқиб кетаётган меҳнат мигрантлари сони кўпайганини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик губернатор: ўзбекистонлик мигрантлар аллақачон Россиядан бошқа томонга қарамоқда