date
views 131

Украина Россиянинг Покровск ва Кураховога юришини тўхтата оладими?

Украина Россиянинг Покровск ва Кураховога юришини тўхтата оладими?
Фото: Reuters
Куз охирида ва қиш бошларида Донбасс жануби ва марказидаги фронтнинг барча участкаларида Украина мудофаасида инқироз юзага келди. Кузда россияликлар Вуҳледар ва Селидовени эгаллаганидан кейин, Украина қуролли кучлари ушбу шаҳарлар ташқарисида барқарор мудофаа ташкил эта олмади ва ўз сафлари бир неча бор ёриб ўтилишига йўл қўйди.

Бу эса Покровск, Курахово ва Велика Новосилка каби асосий истеҳкомларнинг қанотларида украин бўлинмалари бир неча бор оператив қуршов ҳолатига тушиб қолиши ва позицияларидан чекинишга мажбур бўлишига олиб келди.

Шунга қарамай, ҳарбий экспертлар маълум йўналишларда русларнинг ҳужум қилиш салоҳияти аста-секинлик билан пасайиб бораётгани ва Россия армияси энди ҳудуддаги асосий шаҳарларни қамраб олиш (шаҳарлар ичкарисида оғир кўча жанглари ўтказиш билан) бўйича бир вақтнинг ўзида бир неча йирик юриш амалиётлари ўтказиш учун етарли кучга эмаслигини айтишмоқда.

Аммо Украина учун ҳам вазият фавқулодда оғирлигича қолмоқда, айниқса Россия Херсон ва Запорижжя томон янги юриш амалиётларига тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги хабарлар ортидан.

Покровск жанубидаги инқироз

Россия армияси ушбу йирик саноат шаҳрининг шарқий чеккаларига ёз охиридаёқ етиб келганди. Кремлдагилар уни эгаллаш учун фронтнинг мазкур участкасига учта умумқўшин армия кучларини жамлади. Таҳлилчилар «Покровск учун жанг» сентябрдаёқ бошланишини прогноз қилган бўлса-да, бу рўй бермади.

Украин ҳарбийлари рақибнинг Покровск ва унинг йўлдош шаҳри Мирноград томон юришини Лисовка-Сухая Яр-Промин-Миролюбовка қишлоқлари чизиғи бўйлаб, яъни шаҳарга 8-10 км масофа қолганида секинлаштиришга эришишди.

Маҳаллий аҳоли вакили Покровскдаги вайрон бўлган кўприк ёнидан ўтмоқда. Россияликлар шаҳарни ўққа тутмоқда ва уни ўраб олишга уринмоқда. Фото: Reuters
Шунингдек, Украина қуролли кучлари Россия армияси Константиновкага олиб борувчи муҳим трассани тўсиб қўйишига ҳам йўл қўймади.

Украина қуролли кучлари «Ҳортица» оператив-стратегик гуруҳи маълумотига кўра, декабр ойи охирига келиб Покровскнинг ўзида ёки унинг чеккаларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётгани йўқ.

Гуруҳ матбуот котиби Виктор Трегубов айтишича, россияликлар шаҳарни рўпарадан штурм қилишдан қочмоқда, аммо унинг қанотлари бўйлаб ҳаракатланмоқда.

«Душман имкон қадар Покровск чеккаларига яқинлашишга ва шаҳарнинг ўзини ўраб олиш учун мудофаа кучларининг ўнг ва чап қанотларини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда, — дея изоҳлаган у миллий телемарафон эфирида. — Шаҳарнинг ўзида жанг қилиш — жуда ёқимсиз иш, шу туфайли душман рўпарадан штурм қилишдан қочиш ва украин кучларини чекинишга мажбур қилиш учун шаҳар чеккаларида жанг қилишга уринмоқда».

Октябр ойи охирида Селидове эгаллангач, россияликлар украинларнинг Покровскдан жанубдаги мудофаа чизиғини ёриб ўтишганди. Кейинги икки ой давомида Россия армияси бу йўналишда Украина ҳудуди бўйлаб 20 километрга ичкарилади.

Украина қуролли кучлари бош штаби учун энг катта муаммо декабр ойи бошида рақиб Новотроицкое ва Шевченководаги мустаҳкамланган ҳудудлардан ўта олгани факти бўлди.

Украина захиралари зудлик билан шу ерга ташланиши вазиятни бироз ўнглади, аммо рақибнинг юришини буткул тўхтатишнинг имкони бўлмади.

Россия қўшини ғарб томон ҳаракатини давом эттирди, улар афтидан Покровскнинг асосий логистик қонтомири — Межевая ва Павлоградга олиб кетувчи автомобил йўлига чиқишни кўзлаган.

Бундан ташқари, фронтнинг айнан мазкур участкасида, Удачное ва Котлино қишлоқлари оралиғида Украинадаги кокскўмир қазиб олиш бўйича ишлаётган сўнгги кон қолган. У вайрон бўлиши ёки оккупация қилиниши Украина иқтисодиёти учун ҳам залворли зарба бўлади.

Бу йўналиш — Москва учун Донецк области маъмурий чегараларига чиқиш бўйича режани амалга ошириш нуқтайи назаридан устувор ҳисобланади.

Жанубдан келаётган россияликлар бу нуқтага етишигача 8 км масофа қолган, ҳозирда ушбу йўлдаги охирги қишлоқлар — Успеновка, Нововасилевка ва Новоалександровка учун оғир жанглар кетмоқда.

Покровскдаги уйларнинг аксари вайрон бўлган, шаҳарда газ ва ичимлик сув таъминоти йўқ. Фото: EPA
Бунга параллел равишда РФ қўмондонлиги ўзининг ҳужум қилаётган «найзаси учи»нинг қанотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Покровск яқинида эгалланган ҳудудни жанубга, Донецк — Запорижжя трассаси ҳамда Курахово шаҳри томон кенгайтирмоқда. Бу ерда россияликлар Украинка қишлоғини эгаллаган ва трассадан 12 км масофадаги Ясеневое учун жанг олиб бормоқда.

Аммо Россия гуруҳининг қарама-қарши йўналишдаги бундай фаол ҳужум ҳаракатлари унинг қўмондонлиги қаршисига қатор саволларни қўяди, дея қайд этади «Ахборий қаршилик» гуруҳи ҳарбий таҳлилчиси, захирадаги полковник Константин Машовец. Улардан асосийси — қайси ҳужум векторига устунлик бериш ва бу йўналишларда жанг қилаётган 90-танк дивизияси кучларини қандай тақсимлаш.

«Шубҳа йўқки, Россия қўмондонлиги 90-танк дивизиясининг ҳужум зонасини бир вақтнинг ўзида ҳам Покровск, ҳам Курахово йўналишларига кенгайтира олмайди… Эртами кечми, танлов қилиш керак бўлади, — дея хулоса қилади эксперт. — Менимча, бу палла душманнинг Украина қуролли кучларининг Покровск шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлардаги мудофаа зонасига фаразий амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш вақти нуқтайи назаридан ҳал қилувчи бўлиши мумкин».

Курахово ва Велика Новосилкани қуршовга олиш учун уринишлар

Россия кучлари Курахово йўналиши бўйлаб «тарқалиши» ҳақида гапирганда, қайд этиш керакки, Россия армияси турар жой кварталлари эгалланганидан кейин шаҳарнинг ғарбий чеккаларида депсиниб қолди. Айнан шу ерда, Курахово ИЭС ва труба заводи жойлашган саноат зонасида россияликлар штурмини қайтараётган украин қўшини позициялари қолмоқда.

Бу вақтда, Россия армияси шаҳарни шимолий ва жанубий қанотлардан айланиб ўтиб, Запорижжяга борувчи трассани тўсиб қўйишга ҳамда бу билан мазкур участкадаги украин гарнизонини тўлиғича қуршовга туширишга ҳаракат қилмоқда.

Москва бу режани амалга оширишига Украина қуролли кучларининг табиий сув тўсиқлари: шимолда — Волчя, жанубда — Сухие Яли дарёларига таянган анча барқарор мудофааси йўл қўймаяпти.

Бу дарёлар туташадиган нуқта, шунингдек Запорижжя ва Покровск трассалари кесишмаси — Улакли, Константинопол ва Андрийивка қишлоқларига тўғри келади.

Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги истеҳкомлари декабр ойи ўрталаридан буён россияликлар зарбалари остида қолмоқда, улар ўшанда Константинополдан атиги 4 км масофадаги Зеленовка қишлоғига ёриб кирганди. РФ мудофаа вазирлиги 20 декабр куни Зеленовка эгаллангани ҳақида хабар берди, 24 декабр куни эса украинларнинг DeepState таҳлил маркази бу маълумотни тасдиқлади.

«Ҳортица» гуруҳи матбуот котиби Виктор Трегубов россияликлар мунтазам равишда фронтнинг мазкур участкасида Украина қуролли кучларининг жанговар сафларига киришга уринаётганини қайд этади. Бунинг учун улар кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудга кириб бориш ёки украин армиясининг позицияларини айланиб ўтиш вазифаси қўйилган кичик пиёда гуруҳлардан фойдаланмоқда.

«Улар мотоўқчи взводлар даражасидаги кичик гуруҳлар бўлиб ҳаракатланиб, биноларда ўрнашиб олиш ва шаҳар чеккаларидаги позицияларни айланиб ўтишга уринмоқда», — дейди у.

Ноябр ойи охирида Курахово ИЭС ҳудудида рўй берган портлаш. Шаҳарнинг ғарбий чеккасидаги саноат зонаси ҳозирча Украина қуролли кучлари назоратида қолмоқда
Шу билан бирга, экспертлар айнан Курахово йўналишида Россия юриши суръати аста-секинлик билан пасайиб бораётганига эътибор қаратади.

Константин Машовец Украина қуролли кучлари Сухие Яли дарёси бўйлаб ўз мудофаасини анча ишончли ушлаб тургани ва дарё жанубида, Янтарное қишлоғи ҳудудида кичик плацдармга ҳам эга эканини таъкидлайди. Россияликлар эса ҳозирча бу табиий сув тўсиғини кечиб ўтишга қодир эмас.

«19 декабрдан бошлаб, рақибнинг жанубий фронтдаги (Курахово бўртиғи назарда тутилган) юриши суръатлари сезиларли даражада пасайди. Зеленовка аҳоли яшаш пунктидаги „эскапада“ (авантюра), катта эҳтимол билан, уларнинг вазиятни Украина қуролли кучлари учун кескин ўзгартиришга бўлган жон ҳолатдаги уриниши…», — дея ёзади эксперт.

Аммо фронтнинг қўшни участкасида, Велика Новосилка район марказида воқеалар Украина қўмондонлиги учун яхши ривожланмаяпти. Бу ерда россияликлар украин гарнизонига таъминот етказиб бериладиган икки асосий йўлни кесиб қўйиш учун бор имкониятини ишга солмоқда.

Шоссе бўйида жойлашган Новий Комар посёлкаси учун қақшатқич жанглар бир ойдан буён давом этмоқда.

Россиялик ҳарбийлар ушбу аҳоли яшаш манзили эгаллангани ҳақида бир неча бор хабар беришди, аммо украинлар ҳар сафар уни қайтариб олган. 20 декабр куни ҳам РФ мудофаа вазирлиги Новий Комар оккупация қилингани ҳақида хабар тарқатган, аммо DeepState онлайн-харитасига кўра, қишлоқнинг шимолий қисми ҳамон Украина қуролли кучлари назорати остида қолмоқда.

Украиналик ҳарбий Велика Новосилкада. Россияликларнинг қуршовга олиш ҳаракатларига қарамай, Украина қуролли кучлари ушбу истеҳкомини ушлаб турибди. Фото: EPA
Украинлар Велика Новосилка жанубида Макаровка қишлоғи атрофидаги позицияларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Украина қуролли кучларининг бу ердаги бўлинмаси муқаррар қуршов хавфи остида эди, аммо сўнгги паллада ундан қочишга улгурган.

Декабр ойи охиридаги ҳолатга кўра, россияликлар Велика Новосилкага жанубдан, шарқдан ва шимоли-шарқдан жуда яқин келган. Ғарбдаги Гуляйполега олиб борувчи охирги трасса ҳозирча тўсиб қўйилгани йўқ, аммо РФ қуролли кучлари зарбалари етиб борадиган масофада қолган.

Аммо бу шароитда ҳам Велика Новосилка ҳали дош бериб туриши мумкин. Гап шундаки, посёлка бирданига учта дарё: Мокрие Яли, Кашлагач ва Шайтанка дарёлари кесишмасида жойлашган.

Шунинг учун, агар россияликлар Украина қуролли кучлари гарнизонининг барча логистик йўлларини кесиб қўя олмаса, унда аҳоли яшаш пунктини рўпарадан штурм қилишга тўғри келади, бу ҳолда сув тўсиқларини рақибнинг зарбалари остида кечиб ўтиш керак бўлади.

Россия-Украина уруши тажрибаси кўрсатадики, бу ҳаддан ташқари оғир вазифа ва ҳужум қилаётган томон учун оғир йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Россиянинг Покровск ва Кураховога юришини тўхтата оладими?