17:47 / 02.01.2025
50

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари мамлакатда универсал жангларни тўхтатишга чақирди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари мамлакатда универсал жангларни тўхтатишга чақирди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев мамлакатда универсал жангларни тўхтатишга чақирди ва уларнинг ёшларга, бутун жамиятга салбий таъсири ҳақида гапирди.

Қамчибек Ташиевнинг фикрича, универсал жанглар ёшларда муштлашув, куч ишлатиш ёки дўппослаш орқали ҳаётда муваффақиятга эришиш мумкин, деган нотўғри тасаввур уйғотади.

«Универсал жанг спорт эмас, балки муштлашувнинг бир тури. Бундай мусобақалар ёшларда муваффақиятга куч ва тажовуз орқали эришиш мумкин, деган нотўғри ишончни уйғотади. Таълим ва илмга таянадиган авлодни тарбиялашимиз керак», деди Ташиев.

У бундай фаолият тури нафақат ахлоқий меъёрларга, балки соғлиқ учун ҳам хавфли эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, универсал жангларнинг кўплаб иштирокчилари 40 ёшга бориб ногирон бўлиб қолади.

Қамчибек Ташиев спортчилар ва ёшларни жисмоний ривожланишга ёрдам берувчи ва давлат даражасида қўллаб-қувватланадиган олимпия спорт турларига ўтишга чақирди.

У, шунингдек, бошқа мамлакатларда жанг санъатининг машҳурлиги учун баҳоналарни рад этиб, Қирғизистон ўз қадриятлари ва устуворликларига эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади.

«Бир-бирини дўппослаш ва майиб қилиш – Ислом дини нуқтаи назаридан ҳам нотўғри», деди Ташиев.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Олимпия қўмитаси, спорт бирлашмалари ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Спорт ишлари бошқармасига мамлакатда универсал жангларни чеклаш бўйича қатъий чоралар кўришга чақирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё