Фото: Getty Images
РФ мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, шаҳар устидан «тўлиқ назорат ўрнатилган». Россия ҳарбий идораси Кураховони Украина қуролли кучларининг жами 15 минг ҳарбий хизматчисидан иборат 26 та баталёни мудофаа қилганини қўшимча қилган.
Украина қуролли кучлари қўмондонлиги эса Курахово бой берилганини тасдиқламаяпти. Украина ҚК бош штаби душанба куни эрталаб берган ҳисоботида ўтган бир кун давомида бу йўналишда рақибнинг 27 та ҳужуми қайтарилгани айтилган.
BBC Украина хизматининг «Ҳортица» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳидаги суҳбатдошлари ҳам бир неча кун олдин Россия томонининг Курахово тўлиқ эгаллангани тўғрисидаги баёнотлари — ёлғон эканини маълум қилганди. Манбалар украин мудофаа кучлари ҳали ҳам шаҳарнинг ғарбий қисмидаги позицияларни ушлаб турганини айтишганди.
6 январ куни охирида эса Украина қуролли кучлари шаҳар тўлиқ рақиб қўлига ўтганини расман рад этиб, шаҳар ичкарисида ҳали ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганини даъво қилди.
«Курахово йўналишида рақиб шаҳардаги турар жойлар ҳудудида, Петропавловка ва Дачное йўналишларида ҳужум амалиётлари ўтказмоқда. Рақибнинг бизнинг жанговар сафларимизгна суқулиб киришга уринаётган штурмчи гуруҳларини аниқлаш ва йўқ қилиш тадбирлари давом этмоқда», — дейилган «Ҳортица» баёнотида.
Кенг кўламли урушга қадар Курахово шаҳрида 18 минг атрофида одам яшаган, у Донбасс жанубидаги муҳим саноат маркази ҳисобланган.
«Запорижжя — Донецк» трассасида жойлашгани туфайли ушбу аҳоли яшаш пункти украин қўшини Марйинка, Вуҳледар ва Красноҳоривка учун жанглар олиб борганида улар учун муҳим логистик ҳаб вазифасини ўтаган.
Аммо 2024 йил мобайнида Россия армияси оғир жанглар натижасида украинларнинг ушбу шаҳарлар атрофидаги мудофаасини ёриб ўтди ва уларни оккупация қилди. Бу Россия қўшинига Кураховога бир вақтнинг ўзида жануб, шарқ ва шимол томондан яқинлашиб келишга имкон берди.
Украина қуролли кучлари маълум вақт амалда ярим қуршов ҳолатида позицияларни ушлаб туришига тўғри келди.
Сўнгги кунларда энг шиддатли жанглар шаҳарнинг ғарбий чеккасидаги Курахово ИЭС ва қувур заводи жойлашган саноат зонасида бўлиб ўтаётганди. Ушбу участкалар ҳозиргача украин қўшини назоратида қолаётганди.
Украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец 3 январ куниёқ Украина қуролли кучлари амалда Кураховони тарк этгани ҳақида ёзганди.
«Менга маълум бўлишича, сўнгги бир неча кун ичида Украина қуролли кучларининг илғор бўлинмалари Курахово ИЭС ҳудудидан тўлиқ олиб чиқилган ва шу тариқа Курахово мудофааси амалда якунланган…», — дея ёзганди шарҳловчи.
У украинларнинг илғор қисмлари ҳамон Дачное қишлоғини, шунингдек Янтарноега борувчи йўлнинг бир қисмини ўз назоратида ушлаб тургани, аммо, катта эҳтимол билан, яқин кунлар ичида Украина қуролли кучлари Курахово плацдармининг «қолган қисми»ни ҳам тарк этишга мажбур бўлишини айтганди.
Аста-секин қуршаб олиш
Украина қуролли кучлари 2024 йилнинг катта қисми давомида рақибни Кураховонинг шарқий чеккаларида — Георгиевка ва Максимиляновка қишлоқлари ҳудудида тўхтатиб турди. Шаҳар шимоли йирик Курахово сув омбори билан ҳимояланганди.
Аммо октябр ойи бошида Россия армияси Вуҳледарни эгаллаб олгач, вазият аста-секинлик билан ёмонлашиб борди. Шундан кейин руслар тезлик билан Кураховога жанубий қанотдан яқинлаша бошлади.
Украинлар бу юришни Сухие Яли дарёси бўйлаб, яъни шаҳардан 7-8 км жануброқда тўхтатиб турди.
Ҳарбий ҳаракатларга қарамай, Кураховода мингга яқин тинч аҳоли вакиллари қолган
Аммо бу вақтга келиб россиялик ҳарбийлар бошқа йўналишларда Кураховога кириб, украин кучларини ғарбий чеккадаги саноат зонасига сиқиб чиқаришни бошлаганди. Декабр ойига келиб Украина қуролли кучлари позициялари фақат ИЭС ва труба заводи ҳудудида сақланиб қолганди.
Шимол томонда Украина қуролли кучлари бирин-кетин Красноҳоривка, Горняк ва Старие Терни посёлкаларини қўлдан чиқарди.Шу тариқа, россияликлар украинларни сув омбори соҳилларидан бутунлай чекинтиришга эришди.
Вазиятни Россия армияси декабр охирида Кураховодан ғарбда, Андрийивка, Улакли ва Константинопол қишлоқлари ҳудудида «Запорижжя-Донецк» трассасига чиққани факти ҳам мураккаблаштирди. Шу тариқа, украин гарнизонига таъминот етказиб бериш максимал даражада қийинлашди, трассалар тўсиб қўйилиши уни тўлиқ қуршов хавфи остида қолдирди.
Бундан ташқари, январ бошида россияликлар украинларнинг Дачное қишлоғидаги истеҳкомига яқинлашиб келди. Бу қишлоқ Кураховодан ғарбда жойлашган.
Қуршовга тушиб қолмаслик учун украин армияси кучлари босқичма-босқич ғарбий йўналишдаги ушбу «чўнтак ҳудуд»ни тарк эта бошлади ва якунда шаҳарни ташлаб чиқди.
Россия уни оккупация қилгач, амалда Донбасс жанубини тўлиқ назоратига олди ва Днипропетровск области билан маъмурий чегараларга деярли етиб келди.
Курахово эгалланиши РФ армиясига келгусида Запорижжя томон юриш қилиш учун шароит яратади. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хоразмда "Қизил китоб"га киритилган қушни сотаётган шахс қўлга тушди
Канада бош вазири Жастин Трюдонинг сиёсий йўли қандай кечган?
Жо Байден Лионель Мессини Озодлик медали билан мукофотлади
Андижонда машина томини тешиб, унга иситиш печи ўрнатган шахсга чора кўрилди
“Барселона” юлдузлари шокда: Бизни алдашди!
АҚШда темирйўл кўприги поезд ҳаракати вақтида қулаб тушди
Украинада ўтган йили урушга қанча одам сафарбар қилингани маълум қилинди
Сурия давлат хизматчиларининг маошлари 400 фоизга оширилади