01:00 / 11.01.2025
0

Канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими? – “Трамп безори, Маск эса тентак”

Канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими? – “Трамп безори, Маск эса тентак”
Доналд Трамп Канадани АҚШга 51-штат сифатида қўшиб олиш ҳақида гапираркан, истеъфога чиққан бош вазир Трюдо ҳеч қачон бундай бўлмаслигини ёзди. Kun.uz билан суҳбатлашган Канада консерватив партияси аъзоси – Обидхон Мамадалиев фикрича, давлатда Трампнинг гапини ҳеч ким жиддий қабул қилмаган.

Нега Трюдо истеъфо берди?

Канаданинг 2015 йилдан бери бош вазири бўлиб келаётган Трюдо истеъфо берди. У либераллар ўзига янги раҳбар топиб, сайлов ўтгунича лавозимида қолади. Губернатордан эса либераллар ўзига янги лидер топмагунича парламент фаолиятини тўхтатиб туришни сўради. Kun.uz билан суҳбатлашган Консерватив партия аъзоси, бугун Албертада яшовчи сиёсатчи ва биолог Обидхон Мамадалиев фикрича, Трюдо Канадада энг ёмон кўрилган бош вазир бўлди. Унинг даврида иқтисодимиз орқага кетди, дейди Мамадалиев.

Трюдо даврида Канадада юқори инфляция, уй-жой нархларининг ошиши, дефицит кузатилди. Бундан ташқари, қатор коррупцион жанжалларга ҳам гувоҳ бўлдик. Трюдо партияси ҳамкори “Янги демократлар” эса янги йилдан аввал Канада халқи учун энг ёмон ишни қилди, бу 2025 йилнинг 1 апрелидан эътиборан солиқларнинг сезиларли ошиши бўлди. Уларнинг бу иши унутилмайди” – Обидхон Мамадалиев, Канада Консерватив партияси аъзоси.

Жастин Трюдо оммага истеъфо хабарини етказаркан, Канада учун ишлагани ҳамда ўз бош вазирлигида халқни пандемиядан ҳимоя қилганини айтди. Украина уруши бошлангач эса Канада бу давлат суверенитети учун курашганини қўшимча қилди. Мамадалиев фикрича, пандемия даврида Канада бюджети пулга тўла бўлган. Ундан бошқа хоҳлаган ҳукумат ҳам халқни пандемиядан яхшироқ ҳимоя қилиши мумкин эди, дейди юртдошимиз.

Иккинчи сайловда Трюдонинг рейтинги 30 фоиз атрофида эди. Ўшанда АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Канадага келиб, у ҳақида чиқиш қилди, сайловчиларни унга овоз беришга чақирди. Шундан сўнг Трюдонинг рейтинги 70 фоизга кўтарилди. Лекин Канадада сайлов тақдирини Кебек ва Онтарио ҳал қилади. Онтариони охирги 40 йилда либераллар бошқарганди. Трюдонинг сиёсати туфайли бу провинция консерваторлар қўлига ўтиб кетди. Трюдонинг бошқаруви урушлар ва пандемияга тўғри келгандир, лекин Канада бой, иқтисоди қудратли давлат эди. 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозида Канада инқирозни сезмасдан ўтиб кетганди. Ковид бўйича эса бош вазир бирор нима қилолгани йўқ. Ижтимоий аҳвол ёмонлашди, хизматлар сони камайди, нарх-наво ошиб кетди” – Обидхон Мамадалиев, Канада Консерватив партияси аъзоси.

Трюдо ҳукуматдаги тартибсизликлар ва унга қарши кайфият кучайгани фонида истеъфо берди.

Канадаликлар АҚШга қўшилишни истайдими?

АҚШнинг сайланган президенти Канадани АҚШга 51-штат сифатида қўшиб олиш ҳақида ёзди. Бош вазир Трюдо бундай бўлмаслигини билдириб, жавоб ёзди. Илом Маск эса Трюдони «қиз» дея ҳақоратлади. Обидхон Мамадалиев фикрича, оддий халққа қайси давлат таркибида бўлиш қизиқ эмас, улар ҳеч нимани йўқотмайди. Лекин Канадада Трампнинг гапини ҳеч ким жиддий қабул қилмаган.

Канаданинг бирор бир матбуотида бу гап йўқ. Ҳамма гапни МДҲ регионидаги матбуотдан ўқияпман. Трюдонинг истеъфоси эълон қилинган куни консерватив партия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қатнашганимда, сўрадим, биз АҚШ консерватив партиясига айланамизми? Сиёсатчилар кулиб юборишди. Яъни бу Трампнинг навбатдаги безорилиги” – Обидхон Мамадалиев, Канада консерватив партияси аъзоси.

АҚШнинг президенти нима деса ҳам, мамлакатнинг дунё билан алоқаларига давлат департаменти жавоб беради. Лекин Трампнинг бу гаплари – дипломатия ва халқаро ҳуқуқ нормаларига умуман тўғри келмайди. Ваҳоланки, Россия ва Украина уруши фонида Вашингтон Украина мустақиллиги ва суверенитети ҳимоячисига айланган экан, Канадага нисбатан бундай муносабатни қабул қилиб бўлмайди. Лекин сиёсий доиралар ҳам буни жиддий қабул қилмаган.

Бу фараз амалга ошиши ҳам жуда қийин. Икки давлат бирлашуви учун катта маблағ ва харажат, бундан ташқари, тизимли ишлар талаб этилади. Президент гапи билан нимадир бўлишига ишониш қийин, дейди суҳбатдошимиз.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё