12:36 / 11.01.2025
19

Байден 15 январда миллатга хайрлашув нутқи билан чиқиш қилади

Байден 15 январда миллатга хайрлашув нутқи билан чиқиш қилади
Фото: Getty Images
АҚШ президентлигидан кетаётган Жо Байден 15 январ куни миллатга хайрлашув мурожаати билан чиқади. Унинг Овал кабинетдан чиқиши маҳаллий вақт билан соат 20:00 га (Тошкент вақти билан 16 январ 4:00) режалаштирилган, деб хабар берди Оқ уй расмий сайти 10 январ, жума куни.

Пресс-релизда тафсилотлар келтирилмаган, аммо хайрлашув нутқи АҚШда лавозимини тарк этаётган президентлар учун анъанага айланган. Шу тариқа, ноябр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Оқ уй раҳбари этиб сайланган Доналд Трамп биринчи президентлик муддати якунида хайрлашув нутқининг катта қисмини ўз маъмурияти сиёсатининг муваффақиятлари деб ҳисоблаган жиҳатларга бағишлади. Хусусан, Трамп «бирорта ҳам уруш бошламаганини», бироқ айни пайтда Хитойга тўқнаш келганини ва «АҚШнинг бошқа давлатлар билан иттифоқларини тиклаганини» айтди.

10 январ куни Жо Байден АҚШ президенти сифатидаги сўнгги суҳбатларидан бирини Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Байден «Украина мустақиллигини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бутун Европа ва демократик дунё учун муҳим» эканини яна бир бор таъкидлади. Унинг миллатга хайрлашув мурожаатда ҳам шу мавзуга тўхталиши кутилмоқда.

Аввалроқ Жо Байден АҚШ етакчиси сифатида Европа Иттифоқига сўнгги сафарини бекор қилганди — унинг Италияга ташрифи 9-12 январ кунларига мўлжалланган эди. Бунга Калифорнияда давом этаётган кенг кўламли ёнғинлар сабаб бўлди, Байденнинг ўзи маҳаллий қутқарувчилар билан учрашгандан сўнг уни минтақа тарихидаги энг даҳшатлиси деб атади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё