22:49 / 11.01.2025
13

Курскда икки нафар шимолий кореялик ҳарбий асирга олинди (фото)

Курскда икки нафар шимолий кореялик ҳарбий асирга олинди (фото)
Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
Украина президенти Владимир Зеленский украиналик ҳарбийлар Курск вилоятида шимолий кореялик икки аскарни асирга олганини маълум қилди.

Иккала асир ҳам Киевга жўнатилган, ҳозирда улар билан Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) терговчилари иш олиб бормоқда.

Жангчиларимиз Курск вилоятида Шимолий Кореядан келган ҳарбийларни асирга олди. Икки аскар ҳам яраланган, аммо омон қолган”, деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram каналида.

Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
Зеленскийга кўра, уларни қўлга олиш операцияси мураккаб кечган. У бошқа ҳарбий асирлар сингари КХДРдан келган асирларга ҳам зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у “дунё ҳақиқатни билиши учун” УХХга журналистларнинг асирлар олдига киришини таъминлашни топширди.

Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, асирга олинган шимолий кореяликлар на украин, на рус ва на инглиз тилларида гаплашади. Улардан бирида бошқа шахснинг номига берилган Россия нусхасидаги ҳарбий гувоҳнома бўлган, иккинчиси ҳужжатсиз.

Асирлардан бири Россияга жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун эмас, балки машқларда иштирок этиш учун келганини таъкидлаган. Унинг шериги ҳам бу гапни тасдиқлаган.

Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
УХХнинг аниқлик киритишича, 2005 йилда туғилган ҳарбий асирлардан бири 2021 йилдан бери КХДР армиясида ўқчи сифатида хизмат қилган. 1999 йилда туғилган иккинчи аскар эса 2016 йилдан бери мамлакат армиясида мерган-разведкачи бўлган.

Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
2024 йил декабрь ойида Украина ҚК илк бор Россия томонида жанговар ҳаракатларда қатнашган шимолий кореялик аскарни асирга олганини маълум қилганди. Кўп ўтмай Жанубий Корея разведкаси мазкур асир вафот этгани ҳақида хабар берган.

Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
Украина ҳукумати 2024 йилнинг октябрь ойида жанговар ҳаракатлар ҳудудида шимолий кореялик ҳарбийлар борлигини қайд этганди. Бу маълумотни Жанубий Корея разведкаси ва АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган. Украина ва унинг ғарблик иттифоқчилари маълумотларига кўра, КХДР Россияга камида 10 минг аскар юборган.

Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
New York Times'га кўра, шимолий кореялик ҳарбийлар ва Украина кучлари ўртасидаги дастлабки тўқнашувлар 2024 йил ноябрь ойида Курск вилоятида юз берган.

Фото: Владимир Зеленский Telegram канали
Жанубий Корея Қўшма штаблар қўмитаси 23 декабрь куни КХДРнинг можародаги йўқотишлари 1100 кишини ташкил этганини маълум қилган. Владимир Зеленский 9 январь куни Рамштайнда бўлиб ўтган Украина бўйича йиғилишда сўзга чиқиб, Шимолий Корея Курск вилояти ҳудудида 4 минг аскарини йўқотганини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё