Фото: osnmedia.ru
Янги йилда Россия қўшини қўмондонлик 2024 йил охирида режалаштирган юришни давом эттирди. 31 декабр куни РФ қуролли кучлари Кураховодаги украин гарнизонининг сўнгги базаси жойлашган саноат зонасини эгаллади ва шаҳардан чекинган украин бўлинмаларини қанотлардан ўраб олиш учун ҳужум қилмоқда. Қўшни Покровскдан жанубда Россия армияси рақиб мудофаасидаги заиф нуқтани топди. Россиялик ҳарбийлар катта куч билан Соленая дарёсини кечиб ўтди. Украина қуролли кучлари дарё бўйлаб мудофаа чизиғи ўрнатишга ҳаракат қилганди. Ниҳоят, янги йил бошида РФ қуролли кучларининг Покровскдан шарқдаги кучлари ҳам ҳаракатга келтирилди, унинг вазифаси шаҳарни шимолдан айланиб ўтиш ҳисобланади.
Бундан ташқари, Россия қўшини Донецкдан шимолда йирик Торецк агломерациясини эгаллашни якунламоқда. Россиянинг бошқа гуруҳлари юриш қилаётган йўналишларда эса олдинга силжиш қийин кечмоқда. Курск областида жанглар кулминацияга яқинлашмоқда. Навбати билан амалга оширилаётган ҳужумларда икки томон ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. РФ қуролли кучлари, украинларнинг мунтазам қарши ҳужумларига қарамай, украин мудофаасидаги муҳим пунктларга яқинлашиб келган — аммо улар ҳозирча ҳал қилувчи зарбани бера олмади.
Курск области
Январнинг илк кунларида РФ қуролли кучлари Суджа шаҳри томон бир неча йўналишдаги юришнинг навбатдаги босқичини бошлади. Бу Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумлари билан кечмоқда ва икки томон навбати билан ҳужумга ўтмоқда. Кўп ҳолатларда жанг майдонидаги устунлик Россия қўшинлари қўлида бўлмоқда, аммо, улар катта эҳтимол билан ўз олдига қўйилган барча вазифаларни бажара олмаяпти.
Россия юришидаги асосий мақсад Суджадан шимоли-ғарбдаги Малая Локня эди. Бу украинлар мудофаасидаги муҳим позиция саналади: Украина қуролли кучларининг Малая Локнядаги гуруҳи россияликларнинг бир неча ойдан буён Коренево — Суджа йўли бўйлаб олиб борилаётган юриши қанотига шимол томондан таҳдид солиб турибди. Авваллари украинлар қарши ҳужумлари билан РФ қуролли кучларига Новоивановка қишлоғини эгаллашга тўсқинлик қилганди, энди эса Лебедевка — Свердликово чизиғи бўйлаб мудофааланмоқда. Украинанинг Курск областидаги қўшинига таъминот етказиб бериладиган йўллардан бири Свердликово орқали ўтади.
Декабр ойида РФ қуролли кучлари шимолдан Малая Локня йўналишида ҳужум қилганди, аммо ҳужумлар қайтарилди. Энди Россия қўшини (видеоларга кўра, уларнинг шимолий кореялик иттифоқчилари ҳам) ушбу шаҳар томон ғарб ва шарқдан ҳаракатланмоқда.
Ғарбда улар Кругленкое қишлоғини эгаллаб, Малая Локня чеккасидаги Николаевкага етиб келган, аммо шу ерда украинларнинг қарши ҳужумлари туфайли тўхтатилган.
Шимоли-шарқда русларнинг юриши украинларнинг Бердин хутори йўналишидаги вақти-вақти билан амалга оширилаётган қарши ҳужумларига тўқнашмоқда. Бу ерда бир кун ичида бир неча километрга илгарилаган украин қўшини йўқотишларга учраган ва ортга чекинган. РФ қуролли кучлари қўшни Русское Поречное қишлоғини эгаллашга муваффақ бўлган.
Малая Локня томон юриш оғир кечаётганига қарамай, Россия қўшини охир-оқибат Новоивановкани эгаллаб, янада ғарброқдаги Леонидово томон юришда давом эди. Аммо Свердликово ва Суджанинг ғарбий чеккаларига етиб боришга ҳали анча бор.
Шу билан бирга, РФ қуролли кучлари Махновка қишлоғининг бир қисмини эгаллаб, Суджага жанубдан яқинлашган. Уёғига ўта олишмаган: Украина мудофааси Смердица дарёси бўйлаб ўтган.
Курахово
31 декабр куни РФ қуролли кучлари Курахово ғарбидаги саноат зонасини эгаллади — бу Украина қуролли кучларининг шаҳардаги сўнгги мустаҳкамланган ҳудуди эди (шу билан бирга, украинларнинг айрим бўлинмалари кейинги кунларда ҳам шаҳар ҳудудида қолишган). Бунга Курахово жануб ва шимолдан ўраб олиниб, шаҳар таъминотини қийинлаштириш эвазига эришилди. Бундан ташқари, украин қўшини РФ қуролли кучларини жанубда (Сухие Яли дарёси бўйларида) ва шимолда (Волчя дарёсида) тўхтатиш учун жуда кўп куч сарфлашига тўғри келганди.
Украина қуролли кучлари Кураховодан олиб чиқилганига қарамай, улар ҳамон шаҳар ғарбидаги ҳудудда қуршовга тушиш хавфи остида турибди. Россия қўшини Сухие Яли ва Волчя дарёлари бўйлаб ғарб томон илгарилашни давом эттирмоқда. Украина қуролли кучлари ҳозирча чекиниш учун ягона йўл бўлган Донецк — Запорижжя трассасини ўз назоратида сақлаб қолмоқда, аммо йўл РФ қуролли кучлари томонидан тўсиб қўйилиши хавфи ҳам мавжуд.
Покровск
Россия қўшини 2024 йилги ҳужумлар натижасида қўлга киритилган устунликдан фойдаланишда давом этмоқда: Покровск ва Курахово оралиғидаги амалда Украина қуролли кучлари томонидан яхши ҳимояланмаган бўлиб чиқди. Энди РФ қуролли кучлари ушбу оралиқда кенг фронт бўйлаб ғарб томон силжимоқда.
Шу билан бир вақтда, Россия армияси Покровскни жануби-ғарбдан ўраб олишга ҳаракат қилмоқда — бу шаҳарни эгаллаш бўйича амалиёт бошланиши бўлиши мумкин. Украина қуролли кучлари рақибни Соленая дарёси чизиғида ушлаб туришга уринмоқда, аммо Россия қўшини бир неча жойдан дарёнинг шимолий соҳилига ўтишга улгурган. Украина қўшини бир неча ҳафта давомида РФ қуролли кучларини Соленая бўйидаги Шевченко қишлоғида жойлашган плацдармдан суриб чиқаришга уринди, аммо кичик дарёни бошқа нуқталардан ҳам кечиб ўтган рус бўлинмалари уларни айланиб ўтган.
Россия армиясининг илғор бўлинмалари Покровск ғарбидаги Удачное посёлкасидан уч-тўрт километр жанубга етиб борган. Удачное яқинида Украинадаги энг йирик кокскўмир конларидан бири жойлашган. РФ қуролли кучларининг юриш ўқи айнан ушбу посёлкага қаратилган.
Украина қуролли кучлари Покровскка жанубдан қилинаётган юришни тўхтатишга уринаётган маҳалда, шаҳар шарқида РФ қуролли кучларининг бошқа бир бўлинмаси фаоллашган. Россиянинг бу йўналишдаги қўшини бир неча ойлик жимликдан кейин Покровск — Константиновка йўли йўналишидаги Воздвиженка қишлоғи ҳудудида юриш бошлади. Катта эҳтимол билан, бу гуруҳ келгусида Покровск ҳамда унинг шимоли-шарқидаги йўлдош шаҳарчаларни эгаллаб олишга ҳаракат қилади.
РФ қуролли кучлари Покровск ва Константиновкани боғловчи йўлга чиқиши иккинчи шаҳар мудофаасини қийинлаштиради. Айни вақтда Торецк агломерациясини эгаллаш жараёнини якунлаётган рус бўлинмалари тез орада Константиновкага жанубдан таҳдид сола бошлаши мумкин.
Торецк
Россия армияси кўп ойлик оғир жанглардан кейин Торецк шаҳри марказида Украина гарнизони қаршилигини енгишга муваффақ бўлди. Бутун шаҳар бўйлаб ўтган РФ қуролли кучлари шаҳарнинг шимолий чеккасига чиққан. Бу ҳудудда Украина қуролли кучларининг қаршилик ўчоқлари фақат биноларда ва конларнинг терриконларида сақланиб қолган.
Шу билан бир вақтда, РФ қуролли кучлари Торецкнинг ғарбий чеккасидан ўтган Донецк — Словянск темирйўли бўйлаб шимолга ҳаракатланмоқда.
Россия қўшини Константиновка ва Часив Яр шаҳарлари жанубига етиб боришига йўл қўймаслик учун Украина қуролли кучлари Торецк шимолида янги мудофаа чизиғи ташкил этишга уриниб кўради.
Купянск
РФ қуролли кучлари Оскол дарёси бўйига чиқиш учун кенг фронт бўйлаб юришини давом эттирмоқда. Лекин бир неча гуруҳларнинг ҳудумлари ўзаро синхрон эмас.
Купянскдан шимолда рус қўшини дарёни кечиб ўтиб, ғарбий соҳилда барқарор плацдарм ташкил этган. Улар бу ердан, катта эҳтимол билан жанубга, Купянскнинг ғарбий қисмига юриш қилиши керак. Аммо ҳозирча плацдарм шимолида — Двуречная қишлоғи учун жанглар билан банд бўлиб қолмоқда.
Шаҳардан жанубда РФ қуролли кучлари куздаёқ Оскол дарёсига етиб келганди ва дарё бўйлаб шимолга, Купянскнинг ўзига ҳамда қарама-қарши йўналишдаги Бороваяга томон ҳаракатланмоқда.
Янада жанубда, бир неча йўналишда юриш қилаётган Россия бўлинмалари ҳали дарёга етиб келмаган (катта эҳтимол билан, тез орада етиб келолмайди ҳам).
Бу йўналишдаги юришларнинг ҳақиқий мақсади — Оскол Северский Донецга қуйиладиган нуқтада жойлашган Лиман шаҳрига етиб бориш, келгусида Краматорск ва Словянск агломерацияларига чиқиш — бу эса кучларнинг ҳозирги нисбатида у қадар реал мақсад бўлиб кўринмаяпти.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон янги камикадзе-дрон яратди
Ҳабиб Нурмагомедов АҚШда стюардесса билан тортишгани учун самолётдан тушириб юборилди
Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра вазирлиги вакиллари билан учрашди
Асирликдаги КХДР ҳарбийлари катта йўқотишга учрашганини айтишди
Ғарбда Россия бўйича НАТОга шошилинч мурожаат қилишди
Дубайда эстониялик дорбоз икки осмонўпар бино орасидан ўтди
Польша Украинага қўшинлар юборишдан бош тортди
Россияда ўзбекистонлик блогер қўлга олинди