08:08 / 14.01.2025
113

Словакия бош вазири Зеленскийни газ транзити бўйича музокараларга таклиф қилди

Словакия бош вазири Зеленскийни газ транзити бўйича музокараларга таклиф қилди
Фото: главред
Словакия Украина орқали газ транзитини тўхтатиш оқибатида йилига тахминан 500 миллион куб метр хом ашёни йўқотади. Бу ҳақда республика бош вазири Роберт Фицо маълум қилди. Шу муносабат билан у Украина президенти Владимир Зеленскийни газ транзити бўйича музокараларга таклиф қилди.

Мен иш дастурингизнинг жиддийлигини тўла англаган ҳолда сизни учрашувга таклиф этмоқчиман. Бундай учрашув Словакия ва Украина ҳудуди орқали бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш, шунингдек, 31 декабрь куни Украина ва Россиянинг тегишли компаниялари ўртасидаги шартнома бекор қилинишини ҳисобга олган ҳолда мумкин бўлган техник ечимлар ҳақида очиқ суҳбат ўтказиш учун қулай шароит яратади”, деб ёзади Фицо Facebook’даги саҳифасида.

Жорий йилнинг 1 январь куни “Газпром” Украинанинг “Нафтогаз” компанияси билан шартнома муддати тугаганлиги сабабли Украина орқали Европага газ етказиб беришни тўхтатди. Фицо аввалроқ Словакия Россия гази транзитининг тўхтатилиши туфайли Украинага нисбатан қатъий чоралар кўришга тайёрлигини маълум қилганди.

У, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин Словакияга газ етказиб бериш барқарор тарзда амалга оширилишини кафолатлагани ҳақида айтган. 10 январь куни Фицо шартнома муддати тугаган бўлса-да, “Газпром” республикага газ етказиб беришни йўлга қўя олиши мумкинлигини қайд этган.

Аввалроқ Словакия бош вазири Зеленскийнинг ҳарбий ёрдам сўрашини танқид қилиб, уни “тиланчи” деб атаганди.

Роберт Фицонинг баёноти парламент қўмитасининг йиғилишида янгради. Унда бош вазир Украина орқали Россия газининг Словакияга транзитини тўхтатиш оқибатлари ҳақида гапирди. Фицо Украина етакчисини ишончсиз деб атаб, “бўғзимгача тўйдим”, дея норозилик билдирди.

Мен бу ерга Зеленский билан бир сафда бўлиш учун келганим йўқ. Тан оламан, бу менинг жонимга тегди. У Европани кезиб юрибди, тиланчилик қилиб, шантаж қилиб, бошқалардан пул сўраб юради. Бу нарсага чек қўйиш вақти келди”, деди Словакия бош вазири.

Словакия президенти Петер Пеллегрини шу муносабат билан Украинага ташриф буюришдан бош тортишини маълум қилди. У президентлик лавозимида барча қўшни мамлакатларга ташриф буюрган, бироқ аввалроқ бундай ташриф режасини эълон қилган бўлса-да, шу пайтгача Киевда бўлмаган.

Бундай вазиятда ҳозирча менинг Украинага боришим ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар мен у ерга фақат сурат олиш учун боришим керак бўлса-ю, Словакияга бир томчи ҳам нефть ва газ бормаслиги айтилса, у ҳолда менинг у ерга боришимнинг ҳожати йўқ. Ҳеч ким мендан хафа бўлмасин”, деган у.

Фицо Киевнинг қарорини “ўта сиёсий” деб атаган ва бу қарор Словакияга ҳам, бутун Европа Иттифоқига ҳам зарар етказишини билдирган. Бунга жавобан у электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш, украиналик қочқинларга бериладиган нафақаларни қисқартириш, Украинанинг Европа иттифоқига аъзо бўлишини тўсиб қўйиш ва Киевга инсонпарварлик ёрдамини юборишни тўхтатиш билан таҳдид солган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг