
Украинага қарши кўплаб қонунбузарликлар билан олиб борилаётган кенг кўламли урушнинг учинчи йилида Кремл Россия ичидаги ҳар қандай кўринишдаги норозиликни бостиришга қаратилган агрессив курсини давом эттирди ва кучайтирди. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 16 январ, пайшанба куни эълон қилинган 2025 йилги Бутунжаҳон ҳисоботида айтилади.
«Кремл фуқаролардан Украинага қарши урушни ва анъанавий рус қадриятларини қўллаб-қувватлаш талабларини икки баравар оширди ва унга риоя қилишдан бош тортганларни жазолашни янада осонлаштириш учун янги репрессив қонунларни қабул қилди», — дейди HRW'нинг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Хю Уилямсон.
Ҳисоботда айтилишича, Украинада Россия қуролли кучлари тинч аҳоли инфратузилмасини тартибсиз равишда бомбардимон қилмоқда ва ўққа тутмоқда, тинч аҳоли ўлдирилмоқда ва кенг кўламли вайронагарчиликлар юз бермоқда. Россиянинг Украина электр тармоқларига зарбалари бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишларга сабаб бўлди.
Россия ҳукумати минглаб украиналик ҳарбий асирлар ва тинч аҳолини изоляция қилиб, қийноққа солмоқда ёки ғайриинсоний муносабатга дучор қилмоқда. Босиб олинган ҳудудларда Россия ҳукумати мактабларда рус тили ўқув дастурини жорий қилмоқда, украин тилидан фойдаланишни тақиқламоқда ва болалари Украина ўқув дастуридан фойдаланган ҳолда онлайн ўқишни давом эттираётган ота-оналарга таҳдид қилмоқда.
HRW таъкидлашича, «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ҳозиргача 804 кишини ташкил этган россиялик сиёсий маҳбуслар рўйхати ўсишда давом этмоқда. Ташкилот ҳисоботида «чет эл агентлари» деб тан олинган шахслар ва ташкилотларга қаратилган Россиянинг янги қонунлари кескин танқид қилинган.
Human Rights Watch ташкилоти Россия ҳукуматини барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга ва фуқаролик жамияти эркин фаолият юрита оладиган муҳитни яратишга чақирди. Россия ҳукумати инсоннинг асосий ҳуқуқларига мос келмайдиган барча қонунларни, жумладан, ҳарбий цензура, «чет эл агентлари», «номақбул» хорижий ташкилотлар, «чайлдфри ташвиқоти» ҳақидаги қонунларни бекор қилиши керак.
Расмийлар, шунингдек, украиналик фуқароларга нисбатан ҳужумларни, ҳибсга олинган Украина фуқаролари ва ҳарбий асирларга нисбатан қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатни тўхтатиши, оккупация бўйича халқаро қонунларга риоя этиш, ҳарбий жиноятлар ва халқаро гуманитар ҳуқуқларнинг бошқа бузилишида айбдор бўлган ҳарбий хизматчиларни жавобгарликка тортиши керак. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар