Оқ айиқни сигнал билан уйғотган кема капитанига жарима солинди

Норвегиянинг Шпицберген архипелаги яқинида кема капитани соҳилда дам олаётган оқ айиқни туманга қарши сигнал билан уйғотгани учун 5,2 минг доллардан ортиқ жаримага тортилди. Товушдан чўчиган айиқ дам олаётган жойини тарк этди, Свалбард губернатори Ларс Фаусе эса ҳолатни ҳайвонни асоссиз равишда безовта қилиш деб баҳолади.
Норвегиянинг Шпицберген архипелаги яқинида кема капитани соҳилда дам олаётган оқ айиқни туманга қарши сигнал билан безовта қилгани учун 5,2 минг доллардан ортиқ жарима тўлашга мажбур бўлди. Ҳодиса Свалбард ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Маълум қилинишича, кема айиқ яқинидан ўтаётган пайтда капитан кучли сигнал берган. Товушдан чўчиб уйғонган оқ айиқ дам олаётган жойини тарк этган. Свалбард губернатори Ларс Фаусе ушбу ҳолатни ҳайвонни асоссиз равишда безовта қилиш сифатида баҳолаган.
Свалбардда оқ айиқларни атайлаб яқинлаштириш, таъқиб қилиш ёки безовта қиладиган ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланган. 2025 йилдан кучга кирган қоидаларга кўра, одамлар оқ айиқдан камида 300 метр узоқликни сақлаши керак. Айниқса 1 мартдан 30 июнгача бўлган даврда минимал масофа 500 метр этиб белгиланган.
Мутахассислар бундай талаблар бекорга жорий этилмаганини таъкидлайди. Оқ айиқлар Арктика экотизимининг муҳим қисми бўлиб, ортиқча безовталик уларнинг табиий хатти-ҳаракатларига таъсир қилиши мумкин. Норвегия Қутб тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, кеманинг тинч ҳолда туриши айиқ учун одатда катта стресс келтириб чиқармаса-да, одамларнинг уни фаол равишда таъқиб қилиши ёки безовта қилиши хавфли ҳисобланади.
Бу Свалбардда оқ айиқларни безовта қилганлик учун жазо қўлланган биринчи ҳолат ҳам эмас. 2024 йилда икки нафар гид оқ айиқ ва унинг боласига яқинлашиб, уларни озуқа топаётган жойидан кетишга мажбур қилгани учун ҳар бири 20 минг норвег кронаси миқдорида жаримага тортилган.






























Изоҳлар 0
…